Муаммоли савол:
1873-1876 йиллардаги қўзғолоннинг характери ва ҳаракатлантирувчи кучлари ҳақида қандай фикрдасиз?
Худоёрхон узил-кесил ўзини ҳам, бутун хонликни ҳам босқинчилар оёғи остига ташлади. У шу даражада ишончни йўқотган эдики, фурсатни ғанимат билиб, қочишга қарор қилади. Охир у саксон ароба хазина ва ойимлар, бекалар, етти ароба танга билан 1875 йил 22 июлда йўлга чиқди... Унинг ёнида 4000 пиёда ва 2000 отлиқ аскар, 68 тўп борган. Бироқ Қўқондан чиқиб, 10 чақирим юрганларидан кейин мазкур қўшин хонни ташлаб кетган. Хон 500 аскар билан йўлни давом этгирган. Ҳарбий қисмлар Худоёрхонни тутиш учун кетидан қувган ва тўқнашувлар оқибатида Хон аскарларидан 8 киши ўлдирилган, 9 киши ярадор қилинган. Кўриниб турибдики, Худоёрхоннинг тақдири золимлиги, калтафахмлиги ва она юртга хоинлик қилганлиги туфайли жуда фожеали бўлди.
1873 йили полковник Скобелев ҳарбий вакил сифатида бир неча солдат билан Қўқонга юборилган эди. У билан бирга ҳарбий топограф Реднев ва ташқи ишлар вазирлигининг вакили Вейнер ҳам борган. Улар Худоёрхон билан бирга Хўжандга қайтишга мажбур бўлган эдилар.
Руслар фойдаси тегмайдиган Худоёрхонни тақдирлаш у ёкда турсин, халқ хисобига тўплаган хазинасини ҳам тортиб олади ва ўзини Оренбургга сургун қилади.
Худоёрхон Қўқондан чиқиб кетишидан олдиноқ юқори табақа вакиллари тахтга унинг ўгли Насриддин ва бошқа номзодларни ўтказишга киришган эдилар. Абдурахмон офтобачи бошчилигидаги гурухлар Насриддинни тахтга ўтқазишга мувоффақ бўлдилар. Бу хон Туркистои генерал-губернаторлиги билан гўё яхши алоқаларни ўрнатиш мақсадида Кауфманга хат юборган. Бунда у ўзининг тахтга ўтирганлигини маълум қилиш билан баробар, дўстона алоқада бўлиш ҳақида сўз юритган. Аслида эса, у Рус давлатининг тажовузига қарши кучларни тўплашга уринди. Хусусан, у Бухоро Амирига қуйидаги мазмунда хат жўнатган: “Отам ўрнига тахтга ўтирган мен Сизга маълум қиламанки, ҳозирда дин ҳимояси учун курашга отланган шаҳар ва дашт аҳолиси катта куч-ғайрат билан бош кўтарди.
Она-Ватанга муҳаббат ва содиқлик ҳамда дин учун кураш шунча кўп одамларни бир жойга жамладики, сон-саноғи Худодан бошқа хеч кимга маълум эмас. Мени Андижондан келтиришиб, кофирларга қарши курашишни зиммамга юкладилар. Биз тахтга эга бўлдик. Шаҳар ва дашт аҳолиси бизни хонлик либоси билан зийнатлади. ҳозирда кофирлар ўтадиган ҳар бир йўлга ҳарбий қисмлар юбордик. Шахсан менинг ўзим ҳам кофирларга қарши курашиш мақсадида бехисоб қўшин билан йўлга чиқдим”.
Қўқон хонлигидаги халқ ҳаракатлари ва Худоёрхоннинг қочиши орқасида юзага келган оғир вазият рус ҳукуматига қўл келди. Бу вақтда Еттисувда турган Кауфман дархол Тошкентга қайтиб, хонликни босиб олиш чораларини кўрди. Бу орада, яъни 1875 йил 6 августда Ватан ҳимоячилари Тошкент тарафга юриш қилиб, Оҳангарон дарёсидаги Облиқ қишлоғини эгалладилар. Улар 8 августда Тошкент билан Хўжанд ва Ўратепа оралиғидаги почта бекатларини эгаллаб, 16 русни асирликка олдилар. Савдогар Исаевнинг ойна заводига ўт қўйилди.
Ҳақиқатан ҳам, Қўқон хонлигидаги Ватан ҳимоячилари руслар босиб олган Тошкент ва Хўжанд чегараларига бостириб кириб, душманга зарба беришга уринганлар. Головачев аскарлари Оҳангарон минтақасидаги Облиқ-Тилов атрофларида қўқонлик ҳимоячилар устидан ғалабага эришганлар.
1875 йил 13 августда Кауфман йўлга чиқиб, Пискентга келганида подполковник Нолдедан 9 август куни Хўжандга ҳужум қилган Ватан ҳимоячилари тор-мор этилганлиги ҳақидаги хабарни олган. Шу воқеадан маълум бўлдики, Абдураҳмон Офтобачи Махрамда кўп куч тўплаб, ўша куни Хўжандга уч томондан ҳужум уюштирган экан. Хусусан, Қўқон йўлидан 10-15 минг кишилик ва Самгар томонидан 6-10 минг кишидан иборат Ватан ҳимоячилари ҳужум қилганлар. Қўқонликлар Хўжанднинг Нов дарвозаси тарафидан бостириб кирган эдилар.
18 август куни Кауфман қўшин билан Хўжандга борган. Бундан олдинроқ полковник Ефимович бошчилигидаги 200 казак артиллерия дивизиони билан Са- марқанддан келган эди.
Умуман, Кауфман Қўқон хонлигига қарши курашиш мақсадида ҳарбий қисмларни Хўжандга тўплайди. Бу ерда 16 рота пиёда аскар, шу жумладан, битта сапёр ротаси, 20 тўп, 900 отлик солдат ва 8 ракета станоклари жамланган эди.
1875 йил 20 августда Кауфман ўша қўшин билан Хўжанддан чиқиб, Қўқон йўли бўйлаб юрди, 40 чақирим йўл босгандан кейин Махрам истеҳкомига дуч келиб, уни босиб олишга киришди. Бу қалъа Шимолдан Сирдарёга, Жанубдан эса боғларга бориб тақалган. Унинг уруш олиб бориш мумкин бўлган ғарб томони эса, сув тўлдирилган закан билан қуршалган. Умуман, истеҳком етарли даражада мустаҳкамланган бўлиб, 15 минг кишидан иборат Ватан ҳимоячилари шайланиб турган. 1875 йил 22 августда шахсан Кауфман қўмондонлигида қўшин Махрамнинг орқа томонидан ҳужум бошлади, бу жангда қўзғолончилар мағлубиятга учради.
Махрамдаги мағлубият хонлик тақдирини узил-кесил ҳал қилган омиллардан бири ҳисобланади.
Демак, Махрамдаги жангда Абдураҳмон офтобачи ва сафдошлари урушга яхши тайёргарлик кўрганлар, лекин жанг вақтида рахбарликни ўрнига қўя олмай ожизлик қилганлар. Натижада ўз холига ташлаб қўйилган ватан химоячиларидан фақат 3000 отлиқ омон колган холос.
Кауфман қўшин билан 29 августда Қўқон шахрига бостириб киради. Уни Насриддинбек бошлиқ бир гуруҳ нуфузли кишилар қарши оладилар. Ҳар икки томон ўртасида шартнома тузилиб Қўқон хонлиги ўзининг чор хукуматига қарамлигини ва бир қатор оғир шартларни ўз бўйнига олади. Бу халқ норозилигини ва ҳаракатини янада кучайтирди, Андижон шахри қўзғолоннинг марказига айланди.
Андижонда Абдурахмон офтобачи раҳбарлигида 60-70 минг кишидан иборат куч тўпланиб, шаҳар химоясига тайёрландилар. Пўлатбек эса 25 минг қирғиз билан русларга орқа тарафдан зарба бериш мақсадида шаҳар чеккасига ўрнашган.
Пўлатхон ўз атрофига қирғизлардан ташқари енгилиб қочган Қўқон аскарларини ҳам тўплаб, анча куч йиққан. Унинг атрофига қипчоқ ва қирғизларнинг Ўролали, Бўтабек, Баҳишбек, мулла Йўлдош, Исфандиёр, Мирзақул, Ёрмат, Эшмат сингари атоқли кишилари ҳам ўтган.
Улар Насриддинхон Ватанни сотиб, Россия тарафдори бўлгани учун Пўлатхонни Андижоннинг Бўтақора қишлоғида Хон деб эълон қилдилар. Андижон остонасида бўлган жангда қўзғолон отрядлари Чор қўшини устидан ғалаба қилади.
1875 йил 9 октябрда қўзғолончилар хонликнинг пойтахти Қўқонни эгаллайдилар. Насриддинбек Хўжандга, Чор ҳукуматининг қўл остига йўл олади. Генерал Скобелев бошчилигидаги Чор қўшинлари Наманган атрофидаги Балиқчида қўзғолончиларга зарба бериб, қишлоқларни хонавайрон қилди ва одамларни ўлдирган ҳолда Андижон томонга йўл олади. 9 январда генерал Скобелев аскарлари Андижон шахрини шу даражада қаттиқ бомбардимон қиладиларки, натижада жуда кўп кишилар халок бўлдилар. Абдураҳмон офтобачи раҳбарлигидаги қўшинлар қочиб, ўз қамроқлари билан таслим бўладилар. Скобелев эса Андижон шаҳрини эгаллади.
Пўлатхон бир қисм қўзғолончилар билан Учқўрғонга чекинди. Бу жой ҳам Чор аскарлари томонидан эгалланиб, Пўлатхон қўлга олинади ва Чор ҳукумати томонидан осиб ўлдирилади.
Шу тариқа 1873 йилда бошланган қўзғолон 1876 йилнинг январида Чор ҳукумати томонидан бостирилган эди. 1876 йилнинг февралида Чор ҳукумати Қўқон хонлигини бутунлай тугатиб Қўқон хонлиги ҳудудида Фарғона вилоятини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |