Тадбиркорлик ҳуқуқи (махсус қисм) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан дарслик сифатида тавсия этилган
ТОШКЕНТ 2002
К И Р И Ш
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини мукаммал ўрганишни ва амалиётга татбиқ этишнинг самарадорлигини оширишни тақозо этади. Ижтимоий ҳаётнинг ўзи ҳам биринчи галда тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнеснинг жадал ривожланиши учун зарур бўлган барча шарт-шароит ва кафолатларни яратишни зарурият қилиб қўймоқда.
Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, «...кичик ва ўрта бизнес, хусусий тадбиркорлик мамлакатнинг нафақат ялпи ички маҳсулотини шакллантиришда асосий бўғин, балки аҳоли бандлиги ва даромадлари манбаининг, миллий фаровонликка эришишнинг муҳим омили ҳам бўлиши даркор»1.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун тегишли меъёрий ҳуқуқий асослар яратилган. Шу билан биргаликда, қонун ҳужжатларини амалиётга қўллаш тажрибаси шуни кўрсатаяптики, уларни ҳаёт талаби асосида такомиллаштириш ҳамда уни татбиқ этишнинг самарадорлигини ошириш зарурияти пайдо бўлмоқда.
Айниқса, тадбиркорлик ҳуқуқи бозор шароитида муҳим ҳуқуқий институт сифатида кенг доирадаги масалаларни қамраб олганлиги сабабли, бу борадаги билимлардан хабардор бўлиш мақсадида турли хил дарслик, кўлланма, тўпламларга эҳтиёж каттадир. Тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш энг муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Тадбиркорлик ҳуқуқи асосларини олий, ўрта ва махсус ўқув юртларида ўқитишнинг яхши йўлга қўйилиши талаб этилаётганлиги ўз навбатида бундай дарсликларни нашр қилиш зарурияти мавжудлигини ҳам кўрсатмоқда.
Президентимиз И.А.Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи чақириқ олтинчи сессиясидаги маърузасида таъкидлаганидек, «...малакали ҳуқуқшуносларни тарбиялаш ҳамон эскича олиб борилмоқда, ўқитиш дастурларининг сифати, айниқса, ҳуқуқнинг янги устувор йўналишлари бўйича замонавий талабларга жавоб бермайди»2.
Тадбиркорлик ҳуқуқи бозор муносабатларининг қарор топиши билан узвий боғлиқ бўлиб, динамик ривожланиб бораётган ҳуқуқ тармоғи ҳисобланади. Бу ҳуқуқ соҳаси тадбиркорлик ҳуқуқий муносабатларнинг таркиб топиши ва ривожланиши билан чамбарчас боғлиқдир.
Тадбиркорлик ҳуқуқи соҳаси ҳуқуқ тизимида янги йўналиш бўлганлиги сабабли, уни илмий, ўқув–услубий нуқтаи назардан ҳар томонлама ўрганиш заруриятдир. Ўз навбатида, тадбиркорлик ҳуқуқи бошқа турдош ҳуқуқ соҳалари билан узвий боғлиқ ҳолда ва бир-биридан фарқли хусусиятлари таҳлил этилган ҳолда ривожлантирилмоғи лозим.
Тадбиркорлик ҳуқуқига бағишланган китобнинг ушбу махсус қисмида қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолиятининг қоидалари, чет эл инвестиция фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш шакллари ва асослари, алоқа, энергетика, транспорт, саноат соҳасида тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий тартибга солиниши, биржа фаолияти билан боғлиқ тадбиркорликнинг ҳуқуқий қоидалари, тадбиркорлик субъектларининг божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш қоидалари, тадбиркорликда ташқи иқтисодий алоқаларнинг ҳуқуқий қоидалари, тадбиркорлик соҳасида аудиторлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари, тадбиркорлик соҳасида реклама ҳуқуқининг асослари, тадбиркорлик фаолиятини ахборот билан таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, тадбиркорлик фаолиятини кредитлашнинг ҳуқуқий тартиби, тадбиркорлик соҳасида суғуртанинг ҳуқуқий қоидалари, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда бухгалтерия ҳисобининг ҳуқуқий асослари, тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик, тадбиркорлик соҳасида жиноий жавобгарлик, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби масалалар ёритиб берилган. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ вазифаларни чуқур англаш, амалиётдаги муаммоларни тўғри ҳал қилиш, бунинг учун эса зарур ҳуқуқий воситалардан унумли фойдаланиш, бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий қоидаларини тушуниб олиш учун олий ўқув юртлари, хусусан, юридик ўқув юртларининг талабалари юқори билим ва қобилиятга эга бўлишлари лозим. Жамиятда тадбиркорлик руҳини қарор топтириш тараққиёт гарови эканлигини нафақат тадбиркорлар ҳар томонлама англаши, балки бунинг учун ҳуқуқшунос ходимлар ҳам тадбиркорлик ҳуқуқининг асосларини пухта билиши ва уни амалиётга қўллаш самарадорлигини ошириш талаб этилади.
Юқорида қайд этилганларга асосан, тадбиркорлик ҳуқуқи асосларининг ҳуқуқшунос мутахассислар ва талабалар томонидан ҳар томонлама чуқур ўрганилиши ва қонун ҳужжатларини қўллашнинг самарали таъминланиши мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Мазкур дарслик тузилишига кўра ва айрим масалаларни баён қилиш услуби жиҳатидан муайян камчиликлардан холи эмас. Шу сабабли, муаллифлар жамоаси дарсликда баён этилган масалалар юзасидан мутахассислар ва кўп сонли ўқувчиларнинг таклиф ва истакларини мамнуният билан қабул қилади ва унинг қайта нашрларини тайёрлашда эътиборга олади деб, ишонч билдиради.
I боб. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш
1§. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолияти тушунчаси ва моҳияти
Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эгадир.
Қишлоқ хўжалигидаги тадбиркорлик қишлоқ хўжалиги субъектларининг ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш ҳамда фойда ёки даромад олишга қаратилган амалдаги қонунлар доирасидаги ташаббускорлик билан фаолият кўрсатишидир.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишда муҳим ўрин тутади. Шу сабабли, Фуқаролик кодекси қишлоқ хўжалик тадбиркорлигининг икки хил кўринишини, биринчидан, оддий шаклдаги, яъни якка тартибдаги тадбиркорлик – деҳқон хўжалигини юридик шахс тузмасдан амалга ошириш; иккинчидан, мураккаб шаклдаги юридик шахс тузган ҳолда, деҳқон хўжалигини, фермер хўжалигини, қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги), ижара корхонаси, акциядорлик жамиятлари, чет эл инвестицияси иштирокидаги қишлоқ хўжалик корхоналари, кичик корхоналар, унитар корхоналар ташкил қилиб, хўжалик фаолиятини юритишни назарда тутади.
Фуқаролик кодексининг 24-моддасига кўра, фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир.
Фуқароларнинг юридик шахс ташкил этмасдан амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятига нисбатан, агар қонун ҳужжатларидан ёки ҳуқуқуий муносабат моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, ушбу Кодекснинг қоидалари қўлланилади.
Юридик шахс ташкил этмасдан ушбу модданинг биринчи қисми талабларини бузган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқаро тузган битимлар хусусида ўзининг тадбиркор эмаслигини важ килиб кўрсатишга ҳақли эмас. Суд бундай битимларга нисбатан ФКнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ мажбурияти тўғрисидаги қоидаларини қўллаши мумкин.
Қишлоқ хўжалигида якка тартибда тадбиркорлик мулкий муносабатларда фойда олиш мақсадида ҳар бир шахс ўз номидан таваккалчилик асосида фаолият юритишидан иборатдир. Тадбиркор кредиторлари олдида ўз қарзлари бўйича нафақат тадбиркорликни амалга ошириш билан боғлиқ мол-мулк ҳисобидан, шунингдек ўзига тегишли бошқа мол-мулклари билан ҳам жавоб беради.
Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолияти билан 18 ёшга тўлган ва бу ёшга тўлмасдан никоҳдан ўтган ёки вояга етмасдан 16 ёшидан эмансипация қилинган, яъни тўлиқ муомалага таёқатли деб тан олинган фуқаролар шуғулланишлари мумкин. 14 ёшдан 18 ёшгача ёки спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш натижасида муомалага лаёқати чекланган вояга етган шахслар тадбиркорлик фаолияти билан қонуний вакиллари, ота-она, фарзандликка олувчилар ёки васийларнинг розилиги билан шуғулланишлари мумкин.
Шуни таъкидлаш лозимки, ўтмишда юридик шахсни ташкил этмасдан туриб, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган фуқаро ёлланма меҳнатни жалб қилиш ҳуқуқига эга эмас эди. Ҳозирги пайтда Фуқаролик кодекси 26-моддасининг 3-қисмига ва 56-модданинг 1-қисмига мувофиқ ёлланма меҳнатни жалб қилишга рухсат берилади.
Мураккаб шаклдаги юридик шахсни ташкил қилган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини юритувчилар ўзининг субъект таркибига кўра хилма-хил фаолиятни амалга оширувчи тижоратчи қишлоқ хўжалик корхоналари ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятининг амалда ҳамма кўриниши намоён бўлади. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик субъектларининг тижоратчи корхоналарга бўлиниши уларнинг мулкий ҳуқуқи ва фаолиятининг хусусиятларига қараб белгиланади. Умумий қоидага кўра, тижоратчи ташкилотнинг асосий мақсади фойда олиш ва уни муассислар ўртасида тақсимлашдан иборат.
Қишлоқ хўжалиги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган юридик шахслар асосан тижоратчи ташкилотлардан ташкил топган. Фуқаролик кодексининг 40-моддаси 2-қисмида тижоратчи ташкилотлар ташкилий-ҳуқуқий шаклларининг тўлиқ рўйхати келтирилган. Бу қишлоқ хўжалигида фаолият юритадиган ишлаб чиқариш тадбиркорлик тузилмаларига ҳам бевосита тааллуқлидир. Қоидага асосан, юридик шахснинг номида унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли албатта кўрсатилган бўлиши керак. Бу унинг турли хил ҳуқуқий муносабатларга киришишда контрагентлари учун ҳам зарур бўлиб ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида юридик шахс ташкил қилиб амалга ошириладиган тадбиркорликда унинг фаолиятининг хусусиятлари, ҳуқуқ доираси, мажбурият юзасидан жавоб беришга оид қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар ўз ифодасини топиши лозим.
Қишлоқ хўжалик тижоратчи корхоналарининг тадбиркорлик фаолияти муайян принциплар ва шартларга асосан амалга оширилади. Булар жумласига қуйидагилар киради:
биринчидан, ҳар қандай тадбиркорликнинг асосий принципи бўлиб, унинг субъектларнинг хусусан, фуқаролар, уларнинг бирлашмалари, юридик шахсларнинг мустақил ташаббус кўрсатиш фаолияти ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида агар тадбиркор фаолият юритиш учун мустақил ташаббус кўрсата олмаса, у ўз олдига қўйган мақсадга эриша олмайди, рақобатга бардош бера олмайди, натижада банкротга учраши муқаррар. Бундай тижоратчи корхоналарга нисбатан банкротлик ва санацияга оид қонун нормаларининг қоидалари қўлланилади. Бозор шароитида қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини мустақил белгилайди, режалаштиради ва уюштиради. Унинг фаолияти юқори турувчи давлат органлари томонидан режалаштирилишига йўл қўйилмайди. Қишлоқ хўжалик тадбиркорлик тузилмалари ҳуқуқий шакл жиҳатдан ўз фаолиятини юридик шахс ташкил қилиб ёки юридик шахс ташкил қилмасдан амалга оширишидан қатъий назар, ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотга, хизматга бўлган талабни ҳисобга олиб, тараққиёт истиқболларини ўзлари мустақил ҳолда белгилайди.
Ўз-ўзидан равшанки, ташаббуссиз мустақил тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга имконият яратилмайди. Ўтмишда, иқтисодиётдаги фаолият ташаббусга асосланмаганлиги, мустақилликдан маҳрум бўлганлиги учун маъмурий буйруқбозликка бўйсундирилган социалистик «колхоз» ва «совхоз» ишлаб чиқаришининг бошқарув шакллари муваффақиятсизликка учради. Шу сабабли, аграр тармоқда тадбиркорлик мустақиллиги амалдаги қонунлар доирасида амалга оширилиб, ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинган тақдирда, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг самарадорлигига эришиш мумкин;
иккинчидан, қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятининг оқилона ривожланиши учун нафақат Ўзбекистон Республикаси миқёсида сиёсий, ҳуқуқий ва ахборот майдони зарур, балки жаҳон бозорига чиқиш ҳам самарали ҳуқуқий нормалар билан қатъий мустаҳкамланган бўлиши шарт. Умумбашарий тадбиркорлик фаолияти қайси соҳада амалга оширилишидан қатъий назар, муайян маъмурий-ҳудудий, ҳатто давлат чегараси билан чекланиб қолмаслиги керак. Бошқача айтганда, қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун давлат томонидан ҳар томонлама тенг имкониятлар яратилиши иқтисодий ислоҳотларни тармоқда жадаллаштиришнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади;
учинчидан, қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда давлатнинг мавқеи алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, уни самарали амалга оширишни белгиланган тартибда ҳуқуқий нормаларда ифода этади, муайян салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқий таъминлаш чораларини кўради; алоҳида тадбиркорлик субъектларининг монополистик фаолиятини чеклайди, товар бозорларида соғлом рақобатни ривожлантириш ва тадбиркорликни ҳуқуқий муҳофаза қилишни кафолатлайди.
Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятининг муҳим шарти бўлиб, тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳисобланади.
Якка тартибдаги тадбиркорлик давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин фуқарога тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ҳуқуқ берилади.
Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига кўра, деҳқон хўжалигининг бошлиғини давлат рўйхатига олиш деҳқон хўжалиги бошлиғининг доимий яшаш жойидаги туман ҳокимлиги томонидан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган зарур ҳужжатлар билан биргаликда ариза берилган пайтдан эътиборан уч кун ичида амалга оширилади. Деҳқон хўжалиги бошлиғига ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати ҳамда белгиланган намунадаги давлат рўйхатидан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади. Агар давлат рўйхатига олиш белгиланган муддатда амалга оширилмаган ёки деҳқон хўжалиги бошлиғи асоссиз деб ҳисоблайдиган сабабларга кўра рад этилган бўлса, хўжалик бошлиғи судга мурожаат қилиши мумкин.
Қўрғон, қишлоқ ва овул фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳар бир деҳқон хўжалигини хўжалик китобига киритиб, унда деҳқон хўжалигининг таркиби, хўжалик бошлиғи ёхуд унинг вазифасини бошқарувчи шахс, шунингдек хўжаликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли (юридик шахс ташкил этган ҳолда ёки юридик шахс ташкил этмасдан) тўғрисидаги маълумотларни қайд этиб қўяди.
Агар қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик субъекти юридик шахс сифатида ташкил қилинса, уларни рўйхатга олиш тартиби Фуқаролик кодексининг 44-моддасида белгиланган тартибга асосан амалга оширилади. Чунончи, ушбу моддага кўра, юридик шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги маълумотлар барчанинг танишиб чиқиши учун очиқ бўлган юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилади.
Юридик шахсни ташкил этишнинг қонунда белгилаб қўйилган тартибини бузиш ёки унинг таъсис ҳужжатлари қонунга мос келмаслиги юридик шахсни давлат руўхатидан ўтказишнинг рад этилишига сабаб бўлади. Юридик шахсни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан уни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятининг мазмунини эркин амалга ошириладиган, қонун билан тақиқланмаган фаолият ташкил этади. Шу сабабли, ҳамма қишлоқ хўжалик тадбиркорлик субъектларига моддий, молиявий, меҳнат, ахборот ва табиий ресурсларни олишда тенг имкониятлар беради. Қоидага кўра, қишлоқ хўжалик тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятлари ҳар хил турдан иборат бўлишидан улар қонун олдида тенг ҳуқуқлидир.
Фуқаролик кодексининг 41-моддаси 4-қисмига асосан юридик шахс қонунда рўйхатда белгилаб қўйилган айрим фаолият турлари билан фақат махсус рухсатнома (лицензия) асосидагина шуғулланиши мумкин.
Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тармоқ ишлаб чиқаришининг ўзига хос хусусияти ишлаб чиқаришнинг муҳим воситаси сифатида ердан фойдаланишга асосланади. Бундан ташқари, кенг ҳудудда турли хил агротехник шароитда амалга оширилиши, иш даври билан ишлаб чиқариш вақтининг номутаносиблиги, табиий об-ҳаво шароитига боғлиқлиги, тупроқнинг ҳолати, ернинг ирригация ва мелиоратив ҳолатини инобатга олишнинг зарурлиги шулар жумласидадир. Хуллас, бутун дунёда инсоният яшаши ва эҳтиёжи учун фақат қишлоқ хўжалиги соҳасида деҳқон ва фермер ва бошқа хўжаликларни ташкил қилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, яна бир қатор субъектив ва объектив омиллар мавжудки, улар бевосита қишлоқ хўжалик тижорат корхоналари ва тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятига ўз таъсирини кўрсатади.
Шу сабабли, қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишда қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришнинг биологик жараёни, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари, қишлоқ хўжалигининг давлат томонидан тартибга солишнинг устуворлиги, қишлоқ хўжалигининг иқтисодий рақобатбардошлик хусусиятлари, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришни соҳалаштириш ва ихтисослаштириш тузилмавий ўзгаришларнинг алоҳида муҳим ўрин тутиши, деҳқончиликни ривожлантиришнинг ўта ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга мойиллиги инобатга олиниши лозим.
Қайд этилган ҳар бир омилнинг таъсири билан боғлиқ ҳуқуқий муаммолар қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятларини ёритишда ўз ечимини топиши лозим. Бу эса ўз навбатида, биринчидан ягона, қулай, самарали бозор хўжалигини вужудга келтириб, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши тадбиркорлик тузилмалари тузилишини жаҳон давлатлари тажрибаси ва ҳуқуқий амалиётга мувофиқлаштирилишини; иккинчидан, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши тузилмаларининг республикамиз иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашда мавқеи ошиши ва уларнинг тадбиркорлик фаолият юритишини ҳуқуқий таъминлашни; учинчидан, қишлоқ хўжалиги тижоратчи корхоналарнинг иқтисодий қарамсизлиги ва хўжалик мустақиллигини ҳамда уларнинг тадбиркорлик ва бизнес соҳасида фаолиятни рағбатлантириш мурватларининг қонуний асосларини мустаҳкамлашни; тўртинчидан, республика қишлоқ хўжалигининг имкониятига, қишлоқ хўжалик тадбиркорларнинг ташаббускорлиги ва деҳқонларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини шакллантиришга ҳаққоний баҳо беришни талаб этади.
Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятининг асосий мазмуни шундан иборатки, деҳқонларга ўзларинниг тадбиркорлиги ва ташаббускорлигини рўёбга чиқариш учун кенг эркинлик бериш, ишлаб чиқариш воситаларининг ўз хўжайинига эга бўлиш, ўз меҳнатларинниг провард натижалари бўйича манфаатдорлигини ошириб, ишлаб чиқарган маҳсулотларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқларини кафолатлаш зарур. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятининг мазмунини тушуниб олишда тармоқдаги турли хил тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида уларнинг тутган ўрни, ҳуқуқий мақомининг ўзига хос хусусиятлари мавжудлигини эътироф этиш улар фаолиятининг самарадорлигини оширишнинг муҳим шарти бўлиб ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик субъектлари томонидан самарали фаолиятнинг ташкил қилиниши, қишлоқ хўжалигида товар ишлаб чиқарувчилар тадбиркорликнинг принциплари моҳият ва мазмунини чуқур англаган ҳолда, хўжалик фаолиятини юритиши аграр тармоқда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим гарови бўлиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |