Аралаш биржалар. Аралаш биржалар институти Республикамизда амалда мавжуд эмас. Шундай бўлсада «Аралаш биржа» ибораси биржада тузиладиган битимлар турлари билан боғлиқлигини таъкидлаб ўтиш керак. Жаҳон амалиётида биржалар шунингдек уларда тузиладиган битим турлари бўйича ҳам ихтисослашадилар. Масалан, ҳозирги кунда ривожланган мамлакатларда фьючерс биржалари, опцион биржалар каби биржалар фаолият кўрсатиб келмоқда. Агар маълум бир биржанинг ўзида биржа битимларининг бир қанча турларини тузиш мумкин бўлса, бундай биржалар аралаш биржалар деб номланади.
Биржаларни ишлаши, тузилиши ва бошқарув органлари аъзоларига қараб, қуйидаги турлар ва типларга бўлиб чиқиш мумкин:
А) Биржадаги товар турига қараб:
товар;
фонд;
валюта;
интеллектуал мулк биржаларига;
Б) Ташкилий жиҳатига қараб:
оммавий-ҳуқуқий (давлат биржалари);
хусусий ҳуқуқий (хусусий биржалар);
аралаш, яъни таъсисчи сифатида ҳам давлат (ёки унинг органлари), ҳам хусусий шахслар иштрок этган биржаларга;
В) Ташкилий ҳуқуқий шаклига қараб:
акциядорлик жамиятлари шаклидаги;
масъулияти чекланган жамият шаклидаги
масъулияти ортирилган жамият шаклидаги;
тўлиқ ширкат шаклидаги;
командит ширкат шаклидаги ва қонунда юридик шахслар учун назарда тутилган бошқа шаклда ташкил этилган биржаларга;
Г) Биржа савдосида иштирок этувчи шахсларга қараб:
очиқ, яъни биржа савдосида ихтиёрий шахс бевосита иштирок этиши мумкин бўлган биржалар;
ёпиқ, яъни биржа савдосида фақат биржа иштирокчилари иштирок этиши мумкин бўлган биржалар;
аралаш, яъни савдода бир томон бўлиб албатта биржа аъзоси қатнашиши шарт бўлган биржаларга;
Д) Биржа савдоси объекти бўлиши мумкин бўлган товарлар номенклатурасига қараб:
универсал;
ихтисослаштирилган биржаларга;
Е) Биржанинг жаҳон савдосида тутган ўрнига қараб:
халқаро;
миллий биржаларга;
Ж) Мамлакатдаги фаолият кўламига қараб:
марказий;
ҳудудий (регионал);
маҳаллий биржаларга;
З) Биржада тузиладиган битимларнинг хусусиятларига қараб:
реал товар биржалари;
фьючерс биржалар;
опцион;
аралаш биржаларга.
Ҳозирги кунда республикамизда фаолият юритаётган биржаларнинг аксарияти акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган жамиятлар тарзида тузилган.
Фаолиятнинг махсус турлари билан шуғулланишни мақсад қилиб қўйган биржалар акциядорлик жамияти сифатида ташкил қилинганда кўпинча ёпиқ турдаги жамият шаклига эга бўлади. Чунки бу биржалар фақат махсус ҳуқуқ лаёқатига эга бўлган шахслар томонидан таъсис этилиши мумкин. Улар очиқ турдаги акциядорлик жамияти тарзида ташкил этилган ҳолларда ҳам уларнинг эркин савдога чиқариб юборилган акциялари уларни сотиб олган шахсларга биржа савдосида иштирок этиш ҳуқуқини бермайди. Худди шунингдек, махсус ҳуқуқ лаёқатига эга бўлган, ёпиқ турдаги акциядорлик жамияти шаклидаги биржаларнинг аксариятида иштирок этиш учун талабгор шахс ҳам махсус ҳуқуқ лаёқатига эга бўлиши ёки биржанинг ички қоидаларида белгиланган муддатда бу лаёқатни қўлга киритиши керак.
Хорижий мамлакатлардаги биржаларнинг асосий қисмини ёпиқ биржалар ташкил қилади. Чунки биржа савдоси юқори даражадаги таваккалчилиги ва катта малакани талаб этади. Шунинг учун биржа фаолияти ёпиқ шаклда олиб борилади. Бунда малакани ошириш, ўзаро ишонч асосида ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш, тасодифий олувчи ва сотувчилардан ҳоли бўлиш ва шу орқали тадбиркорлик таҳликасини камайтиришга эришиш мумкин. Бундан ташқари, биржаларнинг ёпиқ характери уни савдо қилувчилар бирлашмаси сифатидаги концепциясига тўғри келади. Яъни, биржалар савдони ташкил қилиш ва унда савдо қилувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш учун ташкил этилади. Ёпиқ биржа савдоларида фақат унинг аъзоларигина иштирок этади. Сотувчилар ва харидорларнинг бевосита биржа залига кириши таъқиқлангани биржа аъзолари улар биржа воситачилари ролини амалга оширадилар ва амалга оширилган операцияларда қатнашгани учун ўзларининг мижозларидан хизмат ҳақи оладилар. Шу сабабли биржаларни ёпиқ кўринишда бўлиши унинг иштирокчиларига фойдалидир.
3§. Биржани ташкил қилиш ва унинг фаолиятини тартибга солишнинг асосий қоидалари
Ўзбекистон Республикаси қонунчилига асосан биржалар тижоратчи юридик шахс ҳисобланади. Бу эса биржа хўжалик муомаласининг бир ёки бир қанча иштирокчилари томонидан тижоратчи юридик шахслар учун белгиланган исталган ҳуқуқий шаклда таъсис этилиши мумкинлигини англатади.
Умумий қоидадан келиб чиқадиган бўлсак барча тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахслар ҳамда юридик шахслар биржа муассиси бўлиши мумкин. Юқорида кўриб ўтганимиздек қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда баъзи турдаги биржаларни таъсис этиш учун муассислар маҳсус ҳуқуқ лаёқатига эга бўлишлари керак. Хусусан, «Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига асосан, фонд биржасини таъсис этиш учун муассислар қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатнома (лицензия)га эга бўлишлари лозим. Бундай лицензия Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қошидаги Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссияси томонидан берилади.
«Биржа ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ қуйидагилар биржанинг таъсисчилари бўла олмайди:
давлат ҳокимияти ва бошқарувининг олий ҳамда маҳаллий органлари;
давлат банклари ва давлат кредит муассасалари (банклар истисно тариқасида фонд ва валюта биржаларини муассислари бўлиши мумкин);
давлат суғурта ва давлат инвестиция компаниялари ҳамда фондлари;
жамоат, диний ва хайрия бирлашмалари;
қонунга асосан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши маън этилган жисмоний шахслар. Бундай жисмоний шахсларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Биржа, агар унинг таъсисчилари бир неча бўлса, уларнинг ўртасидаги ихтиёрий келишув асосида ташкил этилади. Унинг муассислари ўртасида таъсис шартномаси тузилиб, мазкур таъсис шартномасида биржанинг ташкилий ҳуқуқий шакли, вазифалари ва фаолият соҳаси, биржа муассисларининг таркиби, устав фондининг миқдори, ҳар бир муассиснинг устав фондидаги улуши, улушни киритиш муддатлари ва тартиби кўрсатилади.
Биржанинг муассислари шу билан бир қаторда биржанинг уставини ҳам тасдиқлайдилар.
Биржанинг уставида унинг номи ва тури, ҳуқуқий манзили, фаолиятининг мақсади ва соҳаси, ташкилий ҳуқуқий шакли, устав фондининг миқдори, муассислар томонидан фондга улушлар киритишнинг тартиби ва муддатлари, даромадни тақсимлаш ва эҳтимол тутилган зарарларни қоплаш тартиби, биржа муассислари ва аъзоларининг мулкий жавобгарлиги, биржанинг бошқарув идоралари, уларни ташкил этиш тартиби ва уларнинг ваколатлари, биржа савдо сотиғи қоидаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тартиби, биржа аъзолигига қабул қилиш, аъзоликни вақтинча тўхтатиб туриш ва тугатиш тартиби, биржа аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, биржани қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби кўрсатиб ўтилиши керак.
Шунингдек, биржанинг таъсис ҳужжатларига, у қайси ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилаётган бўлса, шу шаклдаги юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига қўйиладиган талаблар ҳам қўйилади.
Биржа юридик шахс сифатида унинг таъсис ҳужжатлари Адлия вазирлигининг рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Умумий қоидадан келиб чиқиб, давлат органлари биржани барпо этиш мақсадга мувофиқ эмаслигини важ қилиб рўйхатдан ўтказишни рад эта олмайдилар. Истисно тариқасида биржа савдо-сотиғига барҳам бериш ёки уни чеклаб қўйиш мақсадида биржалар бирлашиб, ягона юридик шахс ташкил этмоқчи бўлганларида Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаси биржани давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиши мумкин. Бундай ҳолатларда давлат органларининг рад жавоби асослантирилган бўлиши лозим. Бундай қарор устидан биржа муассислари судга шикоят қилишлари мумкин.
Қонунчилигимизга мувофиқ, биржа ташкил этилаётганда унинг устав фонди миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баробаридан кам бўлмаслиги керак, ва у нархлар даражасини ўзгаришига қараб ҳар йили индексация қилиниб борилиши лозим.
Биржа устав фондини шакллантириш биржа давлат рўйхатидан ўтган даврдан бошлаб 1 йилдан ошиб кетмаслиги керак. Худди шунингдек, устав фондида мавжуд маблағлар ва биржанинг устав фонди қайта индексацияланганда вужудга келган миқдор ўртасидаги тафовут унинг таъсисчилари томонидан бир йил ичида тўлдирилиши лозим.
Биржа фаолияти – товарларга талаб ва уларни таклиф қилишнинг амалда мавжуд бўлган нисбатларини аниқлаш ҳамда уни ҳисобга олган ҳолда нарх-навони шакллантириш асосида биржа товарларининг улгуржи бозорини вужудга келтиришга қаратилган ҳаракатларнинг мажмуидан иборат.
Биржа фаолиятининг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат:
биржа савдоси ўтказиладиган жой ва вақтни олдиндан тартибга солиш йўли билан биржа савдо сотиғи самарадорлигини таъминлаш;
биржа товар бозорини шакллантириш;
эркин равишда юзага келадиган бозор нархларини қўллаш;
савдо-сотиқни ошкора ва омма олдида ўтказиш;
биржа битимларини тасдиқланган қоидаларга асосан эркин равишда тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш;
товарларнинг нархларини белгилаш ва уларга доир маълумотларни эълон қилиш;
монополияга қарши кураш тўғрисидаги қонунларга риоя қилиш.
Биржа ўзининг уставида белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб, биржанинг савдо-сотиғини ташкил этиш ва уни тартибга солиб туришга доир фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Шу мақсадда у биржа савдо-сотиғини самарали ташкиллаштиришга кўмаклашувчи ва биржа инфраструктурасини ташкил этувчи корхоналар муассиси бўлиши мумкин. Лекин биржанинг ўзи бевосита савдо ва савдо-воситачилик фаолиятини амалга ошира олмайди. Шунингдек, биржа ишлаб чиқариш (маҳсулот ва товарлар чиқариш), савдо ва савдо воситачиликни ўз фаолиятининг мақсади қилиб қўйган, ҳамда мазкур биржада брокерлик жойларига эга бўлган корхона муасса ва ташкилотларга ҳисса қўшиш, уларнинг улуши (пайи), акцияларини олиши, ёхуд улврнинг муассиси бўлиши мумкин эмас.
Биржани бошқариш унинг уставига мувофиқ амалга оширилади. Биржа ўз бошқарувининг тузилишини, шакли ва услубларини, яъни ички структурасини амалдаги қонунчиликка мувофиқ мустақил равишда белгилайди. Масалан, биржа масъулияти чекланган жамият сифатида тузилганида, унинг юқори бошқарув идораси бўлиб ундаги қатнашчиларнинг умумий йиғилишига, директор бошчилик қиладиган ижроя идорасига ҳамда тегишли тартибда тафтиш комиссиясига эга бўлади.
Амалиётда биржа бир неча иштирокчилар томнидан тузилганлиги боис унинг олий органи бўлиб биржа иштирокчиларининг умумий йиғилиши ҳисобланади.
Умумий йиғилишнинг мутлоқ ваколатларига қуйидагиларни киритиш мумкин:
биржа ва биржа фаолияти устидан умумий рахбарликни амалга ошириш;
биржани мақсади ва вазифаларини белгилаш, уни ривожлантириш истиқболларини ишлаб чиқиш;
биржанинг ички норматив ҳужжатларини қабул қилиш ва уларга ўзгартириш киритиш;
сайланадиган органларни шакллантириш;
биржанинг бюджети, йиллик баланси, даромад ва ҳаражат ҳисоботлари, даромадни тақсимлашни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
биржага янги иштирокчиларни қабул қилиш (агар биржа хўжалик жамияти ёки ширкати сифатида рўйхатдан ўтган бўлса);
биржа қўмитаси ва ходимларини, шу жумладан, биржанинг мансабдор шахсларини ҳам, таъминлаш учун, уни (биржани) ваколатхона ва филиалларини таъминлаш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш;
биржа фаолиятини тугатиш, тугатиш комиссияни тайинлаш, тугатиш балансини тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилиш.
Одатда биржалар ўзларининг ижроия қўмиталарига эга бўладилар. Улар бошқарма сифатида фаолият олиб борадилар. Биржанинг бошқармаси коллегиал орган бўлса, унинг аъзоларининг барчаси умумий йиғилиш томонидан сайланади. Агар биржани ижроия органи яккабошчилик асосида ташкил этган бўлса, шу шахс (яъни директор) сайланади. Биржанинг бошқармаси:
биржанинг оператив бошқарувини амалга оширади;
давлат органлари, муассаса ва ташкилотларда биржа номидан иштирок этади;
биржа савдоси иштирокчилари (аъзолари) томонидан биржанинг ички қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни ташкил қилади;
биржа аъзолигига қабул қилади ва ундан чиқаради ёхуд бу масалани биржанинг умумий йиғилиши муҳокамасига тақдим этади;
биржанинг локал ҳужжатлари билан унинг ваколатлари доирасига киритилган бошқа масаларни ҳал қилади.
Агар биржанинг ижроия қўмитаси бир киши томонидан бошқарилса, бу шахс ижроя қўмитани таркибини шакллантиради ва уни тасдиқлаш учун умумий йиғилиш муҳокамасига киритади.
Биржанинг молиявий хўжалик фаолияти устидан назоратни умумий йиғилиш томонидан сайланадиган тафтиш комиссияси амалга оширади. Тафтиш комиссиянинг ваколатлари ҳам биржанинг локал ҳужжатларида кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:
биржанинг молиявий хўжалик фаолиятини ҳужжатларини текшириш;
бухгалтерия ҳужжатларини ҳақиқийлигини аниқлаш;
оператив, бухгалтерия ва статистика ҳисоби ва ҳисоботини тўғри йўлга қўйилганлигини текшириш;
белгиланган сметалар, нормативлар ва лимитларни бажарилишини текшириш;
биржа ва унинг органлари томонидан қонунчилик ва бошқа норматив ва локал ҳужжатларга риоя этилишини текшириш;
биржа фондлари ва кассалари ҳолатини текшириш;
ўз ваколати доирасида бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.
Тафтиш комиссияси тафтиш ва текширувларни умумий йиғилиш топшириғига ёки ўз ташаббуси билан ўтказиши мумкин.
Шунингдек биржада аниқлаш комиссиялари ва ҳакамлик комиссиялари фаолият юритадилар.
Аниқлаш комиссияси биржа битимларини тузиш жараёнида вужудга келган ҳар хил нархлар (талаб ва таклиф, шартномавий, энг юқори ва энг паст, бошланғич ва якуний) ҳисоботини юритишни ташкил қилади.
Биржанинг ҳакамлик комиссияси биржа битимлари қатнашчилари ўртасида биржа савдо-сотиғи қоидаларида назарда тутилган масалалар юзасидан келиб чиққан низоларни кўриб чиқиб ҳал қилади.
Биржа савдо сотиғи қоидаларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик биржанинг шу тўғрисидаги Низомида акс эттирилади.
Юридик шахс сифатида биржанинг фаолияти қайта ташкил этлаётганида ёки тугатилаётганида унга нисбатан барча юридик шахсларга шундай ҳолларда қўлланиладиган умумий қонунчилик нормалари амалда бўлади.
4§. Биржа фаолиятининг объектлари ва субъектлари.
Do'stlaringiz bilan baham: |