2§. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини режалаштириш
Бозор муносабатлари шароитида қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини режалаштириш муҳим ўрин тутади. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолияти муайян режалаштириш асосида амалга оширилсагина ўз самарасини бериши мумкин. Шу сабабли, қишлоқ хўжалиги тадбиркорлик фаолиятини режалаштириш биринчидан, давлат ва унинг органлари томонидан, иккинчидан, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш тадбиркорлик тузилмаларининг бизнес режаларини тузиши орқали амалга оширилади.
Бозор иқтисодиёти шароитида қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан режалаштириш мажбурий тусга эга бўлмасдан, балки тавсиявий кўринишда бўлади. Бинобарин, бундай режалаштиришнинг моҳияти шундан иборатки, ўтмишда ҳукмрон бўлган, яъни маъмурий буйруқбозликка асосланган иқтисодий тизимдан фарқ қилган ҳолда қишлоқ хўжалик корхоналарининг фаолияти давлат режаларига қатъий боғлиқ қилиб қўйилмасдан, ўз ишлаб чиқаришини мустақил ташкил қилиш ва уни ўз манфаатларига мослаб режалаштириш имкониятига эга бўлади. Қишлоқ хўжалик корхоналари тадбиркорлик мустақиллигига эга бўлиб, ўз фаолиятининг самарадорлигини оширишга муайян шароит яратади. Қишлоқ хўжалик тадбиркорлик субъектлари режаларини бизнес-режаларида белгилаб олиб, ишлаб чиқариш фаолиятини юритади. Давлат томонидан белигиланадиган режалаштириш мажбурий маъмурий кўрсатмаларга асосланмасдан, балки иқтисодий воситалар ёрдамида ахборот маълумотлари орқали амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалигида режалаштиришнинг иқтисодий воситалари бўлиб, тармоқни ривожлантиришга қаратилган инвестициялар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларига нисбатан давлат истеъмолчи сифатида қатнашиши, давлат солиқ сиёсати, муайян йилларга мўлжалланган давлат дастури асосида тармоқ иқтисодиётини юксалтириш ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришда энг аввало, давлат томонидан ривожлантиришнинг истиқболли режалари назарда тутилади. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик руҳини қарор топтириш муаммолари уларни мутлақо янгича ёндашув асосида ҳал қилишни талаб этмоқда. Амалиёт таҳлили кўрсатганидек, узоқ муддатли (3-5 йилгача) ва фьючерс шартномаларини тузишни кенгайтириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни бўнак билан таъминлаш, шунингдек жойларнинг ўзидан маҳсулотни сотиб олишга тўғридан-тўғри шартномаларни кенг қўллаш, ихтисослаштирилган бозордан қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг улгуржи сотиб олинадиган ҳажмларини ошириш, улгуржи бозорларда маркетинг хизмати ва товарларни сертификатлашни ташкил этиши транспорт, почта, банк хизматлари ва суғуртани ривожлантиришни таъминлаш лозим.
Қишлоқ хўжалиги ва унинг айрим тармоқларини ривожлантиришни давлат томонидан бошқариш механизми, жумладан, давлат эҳтиёжларига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиб олиш тизими янада такомиллаштирилади, қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчиларни иқтисодий рағбатлантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кучайтирилади ва ҳоказо.
Жойларда ҳуқуқий, иқтисодий ва маркетинг маълумотларини йиғиш ва тарқатиш бўйича маълумот хизматлари тузиш асосида қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчиларини маълумот билан таъминлашни ташкил этишни яхшилаш чораларини ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Давлат қишлоқ хўжалик тадбиркорлик ишлаб чиқариш тузилмаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга кафолатлар беришни уларга бир қатор ҳуқуқларни амалга ошириш имкониятини яратиш орқали таъминлайди.
Бинобарин, давлат қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчи субъектларнинг тадбиркорлик фаолияти билан мустақил шуғулланиши, мулкларини ноқонуний олиб қўйишдан ҳимоя қилиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолият соҳасини эркин танлаш, мулкларни, ишлаб чиқариш маҳсулотларини даромад (фойда)ни тасарруф этиш, товар бозорларида монополистик фаолиятдан ҳимояланиш, нарх, маҳсулотларни реализация қилиш шакл ва усуллари ҳақидаги масалаларни ҳал этиш, ишлаб чиқариш тизимини ва ходимлар сонини мустақил белгилаш кабиларни кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 апрелда қабул қилинган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни 25-моддасига кўра, давлат қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва уни реализация қилиш билан шуғулланувчи деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди. Давлат органлари деҳқон хўжалигини ривожлантириш ва мутсаҳкамлашга кўмаклашишлари лозим.
Шунингдек, ушбу Қонун асосида давлат деҳқон хўжаликларининг манфаатларини назарда тутиб, давлат рўйхатидан ўтказганлик йиғимини тўлашдан ва биринчи маротаба томорқа ер участкаси олган бундай хўжаликларни рўйхатга олинган пайтдан эътиборан икки йил муддатга ер солиғидан озод қилишга оид тартибни белгилайди. Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан режалаштириш қуйидаги йўналишлар асосида амалга оширилиши мумкин: қишлоқ хўжалик сиёсатини ва уни амалга ошириш тартибини белгилаш; қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорининг жорий таҳлили ва истиқболини белгилаш ҳамда рағбатлантириш; мамлакатда озиқ-овқат ресурслари ва ишлаб чиқариш воситаларига оид ахборот-маълумотларини қишлоқ хўжалик тадбиркорлик субъектларига етказишни таъминлаш; қишлоқ хўжалигини илмий жиҳатдан таъминлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш; қишлоқ хўжалигига устувор тармоқ сифатида давлат ва маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратиш ва уни харажат қилишнинг ижроси юзасидан назоратни амалга ошириш; қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш дастурини ҳаётга татбиқ этиш бўйича қишлоқ хўжалик тадбиркорлик субъектларини муайян тавсиялар ишлаб чиқишга фаол жалб этиш; қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва озиқ-овқат товарлари стандартларини тартибга солиш; хорижий давлатларда агросаноат ривожланишини қиёсий таҳлил этиб, мамлакатимизда ушбу соҳани жадаллаштиришнинг ижтимоий-иқтисодий истиқболларини белгилаш; қишлоқ хўжалигига солиқ орқали таъсир ўтказиш ва тегишли имтиёзларни бериш; қишлоқ хўжалик, ер ва бошқа тармоққа оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш; давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалик маҳсулотларига давлат контрактини белгилаш, моддий техника ресурслари билан таъминлаш; қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг импорт ва экспорт қилинишини ташкил қилишни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш; қишлоқ хўжалигида мулкий пайларни жорий этиш, қишлоқда хўжалик корхонаси фаолиятининг пировард натижаларидан манфаатдорликни ошириш мақсадида меҳнатни ташкил этишнинг оилавий (жамоа) пудратига асосланган ички хўжалик муносабатларини ривожлантириш; тупроқ эрозиясига қарши курашиш ва мелиоратив тадбирларни ўтказиш ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг саноатга асосланган энг замонавий тегнологиясини жорий этиш ҳисобига деҳқончилик маданиятини, тупроқ унумдорлигини ошириш чораларини кўриш; қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини самарали юритишнинг асосий мезони сифатида қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини оширишни таъминловчи замонавий агротехник қоидалар ва талабларга риоя этиш, пахтачиликни ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларини ривожлантириш, маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос районлаштирилган навларни тўғри танлаш ва жойлаштиришни ташкил этиш ва ҳоказо.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан режалаштириш, қоидага кўра, давлат бюджети ҳисобидан ижро ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва унинг жойлардаги ҳудудий органлари ушбу масалалар билан шуғулланувчи органлар ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалигида тадбиркорликни давлат томонидан режалаштириш давлат дастури асосида амалга оширилиб, тармоқда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган муайян ҳудудий режалаштириш тадбирларида ҳам ўз ифодасини топиши лозим.
Ҳозирги шароитда республикамиз вилоятларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, давлат томонидан ҳудудий режалаштириш асосида тадбиркорликни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгадир. Қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш дастурига асосан ҳар бир вилоят ва туманларнинг тадбиркорлик фаолиятини режалаштиришнинг жорий ва истиқболга мўлжалланган дастурини ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиш қишлоқ хўжалигида тадбиркорликни ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини давлат томнидан режалаштиришни амалиётга татбиқ этишда қишлоқ хўжалик тижоратчи корхоналари томонидан амалга ошириладиган бизнес-режалар алоҳида ўрин тутади. Қишлоқ хўжалигига оид бўлган давлат ёки ҳудудий дастурларнинг бажарилиши энг авввало, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши тадбиркорлик тизимлари орқали таъминланади. Қишлоқ хўжалик тижоратчи корхоналари мустақил равишда ишлаб чиқариш ва бошқа фаолиятнинг ҳажмлари, турларини белгилайди. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги Қонунининг 20-моддасига асосан, қишлоқ хўжалик кооперативи (ширкат хўжалиги) ўз фаолияти йўналишларини ишлаб чиқаришнинг тузилиши ва ҳажмларини мустақил равишда белгилайди.
Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) ўзи етиштираётган маҳсулот сифатига оид амалдаги норматив ва стандартларга, экология, санитарияга оид ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга риоя этиши шарт.
Давлат органлари ва бошқа органлар ҳамда ташкилотларнинг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) хўжалик фаолиятига аралашувига йўл қўймайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Кези келган келганда шуни таъкидлаш керакки, Қонун қишлоқ хўжалиги кооперативи (шаркат хўжалиги)нинг хўжалик фаолияти деганда, унинг фаолиятини режалаштиришни ҳам кўзда тутади. Демак, ҳар қандай қишлоқ хўжалиги тижоратчи корхонаси, шу жумладан, қишлоқ хўжалик кооперативи (ширкат хўжалиги) ўз жамоавий тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мустақил равишда бизнес-режаларини тузишга ҳақлидир; давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан уни ўзгартириш, қўшимчалар киритишга ёки бекор қилишга йўл қўйилмайди; қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно. Қишлоқ хўжалик тижоратчи корхоналари бизнес-режаларида ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ва ривожлантиришга қаратилган истиқболга мўлжалланган режаларни белгилайди. Бу бизнес-режалар уларнинг бозор муносабатлари шароитида тадбиркорликни кенг миқёсда жадаллаштиришга, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришга, уларнинг банкротликка учраш хавфини бартараф қилишда, фаолиятни молиявий барқарорлаштириб, унинг пировард натижасида фойда (даромад) олишда муҳим омил яратишига имкон беради. Қишлоқ хўжалик тижоратчи корхоналарининг ишлаб чиқариш-молиявий фаолиятига оид режаларни ишлаб чиқариш, тасдиқлаш ва ижро қилиш унинг уставида кўрсатилади, энг аввало корхонанинг органлари томонидан бажарилиши назорат қилинади. Қишлоқ хўжалик тижоратчи корхонасининг бизнес-режалари унинг юқори бошқарув органлари мажлисларида муҳокама қилиниши ва уни такомиллаштириш юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари кўриб чиқилиши лозим. Шунингдек, қишлоқ хўжалик тижоратчи корхоналарининг фойда олиш режаси, муассасалар операциялари ҳужжатлари ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва баланслари устидан солиқ органлари томонидан назорат амалга оширилади.
Хулоса қилиб айтганда, бозор иқтисодиёти шароитида тармоқ ишлаб чиқариш фаолиятини режалаштириш асосан қишлоқ хўжалик тижоратчи корхоналари зиммасига тушиб, улардан катта масъулият талаб этилади. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорликни давлат томонидан режалаштиришнинг тавсиявий кўрсаткичларини инобатга олиб, ҳар бир аграр тармоқ тадбиркорлик субъекти қандай ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқариши, қандай баҳода сотиши, контрагентни танлашини мустақил белгилашни ўзлари ҳал қиладилар. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш дастурлари ва давлат режалаштириш маълумотлари ҳар бир қишлоқ хўжалик тижоратчи корхоналари учун ўз бизнес-режаларини тузишда асос бўлиб хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |