1-§. Ижтимоий билишнинг ўзига хослиги
Ижтимоий билиш – жамият ҳақидаги фанларнинг мажмуи
Социум мураккаб, кўптомонли, серқирра объект бўлгани учун уни фақат биргина фаннинг предмети сифатида таърифлаб бўлмайди. Унинг турли томонлари турли фанлар ёрдамида ўрганилади. Шунинг учун ҳам ижтимоий билиш тўғрисида сўз юритганимизда, унинг жамият тўғрисидаги фанларнинг мажмуи эканлигини ҳисобга оламиз. Бу мажмуада ижтимоий қонуниятлар ва институтларни, ижтимоий тузилма ва стратификацияни, турли даражадаги ижтимоий тизимларнинг ижтимоий алоқалари ва ўзаро муносабатларини ўрганувчи социология муҳим ўрин эгаллайди. Энг замонавий таъриф қуйидагича ифодаланади: «социология – жамиятнинг вужудга келиш, фаолият кўрсатиш ва ривожланишининг умумий ва ўзига хос ижтимоий хусусиятлари ҳамда қонуниятлари, уларнинг ривожланиши, одамларнинг ҳатти-ҳаракатларида, ўзаро муносабатларида, одамлар жамоаларида ва умуман жамиятда амалга оширилиш йўллари, шакллари ва усуллари тўғрисидаги фандир»15.
Ижтимоий билиш мажмуасидаги муҳим фанлардан яна бири психология бўлиб, у инсоннинг ички дунёсини, руҳиятнинг шаклланиш ва фаолият кўрсатиш қонуниятларини ўрганади. Социология ва психология фанларининг тўқнашиш нуқтасида янги илмий фан – ижтимоий психология вужудга келиб, унинг предмети ижтимоий-психологик ҳодисалар, ижтимоий кайфият, сезгилар, одатлар, анъаналар, хатти-ҳаракат нормалари ва бошқаларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ҳамда трансформациясининг умумий ва ўзига хос қонуниятларидан иборатдир.
Ижтимоий билишда тарих фани яна бир муҳим ўринни эгаллаб, у умумий ижтимоий қонуниятларни алоҳида олинган фактлар таҳлили орқали ўрганади. Тарих фани «ижтимоий ривожланишнинг қонуниятларини аниқлаб, тарихдаги қайтарилиш лаҳзаларини ўрганиш билан бирга ҳар бир тарихий воқеанинг, ҳар бир тарихий шахснинг ўзига хослиги ва ноёблигини кўрсатиб беради»16. Тарих фани ижтимоий билишнинг қисми бўлиш билан бирга, унинг ўзи мажмуий фан ҳисобланиб, унинг таркибига археология, манбашунослик, санъат тарихи ва бошқалар киради. Бу мажмуада этнология (этнография) алоҳида ўринни эгаллаб, бу фан турли босқичдаги этник гуруҳларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва аҳамиятини ўрганади. Этнологик билиш кўпмиллатли, полиэтник социумларда юз берадиган жараёнларни таҳлил қилишда муҳим роль ўйнайди.
Ижтимоий билиш юқорида кўрсатилган фанлардан ташқари сиёсатшунослик (сиёсий институтлар ва жараёнлар), этика (жамиятнинг аҳлоқий ривожланиши тўғрисидаги фан), иқтисодий назария, культурология(маданиятшунослик), педогогика, ҳуқуқшунослик, санъатшунослик, диншунослик ва бошқа шу каби фанларни ҳам ўз ичига олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |