Кўкаламзорлаштириш объектлари.
Бажарадиган вазифаси ва ишлатилишига кўра кўкаламзорлаштириш объектлари учта асосий категорияларга бўлинади. Булар: кенг жамоатчилик томонидан фойдаланиладиган объектлар – турли хил парклар, ўрмон парклари, боғлар, скверлар, хиёбонлар, жамоатчилик бинолари атрофидаги кўкаламзорлаштиришаган кўчалар; фойдаланиш чекланган объектлар – турар жойлар атрофидаги дарахтзорлар, болалар ва ўқув муассасалари, касалхоналар, ишлаб чиқариш корхоналари; махсус аҳамиятга эга кўкаламзорлаштириш объектлари – санитария мақсадида, шамол ва қордан ҳимоялаш учун, эрозия ва сув ювишини олдини олиш учун яратилган дарахтзорлар, манзарали ўсимликлар ва ўрмончиликда кўчатлар етиштириладиган кўчатхоналар, ботаника ва зоология боғлари.
Булардан ташқари шахсий хўжаликлар томонидан яратилган боғлар ҳам кўкаламзорлаштириш объектларига киради. Баъзида уни алоҳида категория сифатида ажратилади.
Кенг жамоатчилик томонидан фойдаланиладиган объектлар. Булар муайян ҳудудда тенг тақсимланади. Парклар бажарадиган вазифасига қараб қуйидаги хилларга бўлинади: истироҳат боғлари, шаҳар боғлари, ўрмон боғлари, спорт (стадион) ва болалар боғлари.
Истироҳат боғлари ва шаҳар боғлари эгаллаган майдонига кўра кўкаламзорлаштирилган объектларнинг энг йириги ҳисобланади. Истироҳат боғлари, шаҳар боғларининг асосий қисми (70-80%) яшил дарахтзорларга, қолган қисми эса майдон ва қурилишларга ажратилади.
Парк учун жой танланаётганда аҳолининг келиб-кетишига қулай бўлган ўрталиқдаги ва транспорт хизматидан фойдаланиш имкониятлари мавжуд бўлган ҳудуд ажратилади. Паркларнинг проектини тузишда атрофдаги табиий шароитдан имкон қадар максимал фойдаланишга ҳаракат қилинади (қулай рельеф, сув ҳовзалари, табиий яшилликлар). Паркларни яратишда яшил дарахтзорнинг ҳамма турлари: массивлар, гуруҳлар, якка тартибда экилган дарахтлар, аллеялар, гулзорлар ва газонлардан фойдаланилади. Паркларнинг режаси турлича бўлиши мумкин, лекин ҳар қандай ҳолда ҳам унинг алоҳида қисмлари ҳамиша бўлиши шарт. Сокин дам олиш ҳудуди режалаштирилаётганда кўпинча пейзаж андозаси, оммавий тадбирлар ўтказиш зонасида – барқарор андоза қўлланилади.
Ўрмон парклари шаҳардаги аҳоли гавжум яшайдиган жойлардан ташқарида яратилиб, улар ўрмон массивларида анча йирик ҳудудни эгаллайди. Ўрмон парклари режаси тузилаётганда мавжуд табиий шароитни имкон қадар сақлаб қолишга ёки уларни сифат жиҳатдан яхшилашга ҳаракат қилинади.
Ўрмон парклари манзарасини янада ошириш, турли хил боғ-парк композицияларини яратиш, пиёдалар йўлаклари ёки транспорт воситалари юриши учун йўллар ва энг кўркам жойларда сайхонликлар яратишда дарахт ва буталарнинг янги ассортиментларидан ҳам фойдаланиш мумкин.
Спорт парклари (стадионлар) спорт комплексларидан ташқари ўзида паркларга хос турли хил элементларни ҳам бирлаштиради. Ер майдони етарли бўлганда стадионда алоҳида парк яратиш ҳам мумкин. Дарахтларни жойлаштирганда эса стадионнинг асосий вазифаси эътибордан қочмаслиги керак.
Болалар парклари чанг ва шовқиндан ҳимояланган бўлиши лозим. Бунинг учун унинг атрофида дарахт ва буталарнинг бир неча қатори экилади. Болалар паркларида яшил дарахтзорлар умумий ҳудуднинг камида 50% ини ташкил қилиши лозим. Қолган қисми эса бошқа иншоотлар, майдонлар ва йўлларга ажратилади.
Ўсимликлар ассортименти танланаётганда улар имкон қадар турли туман бўлиши, бунда ёш табиатшуносларнинг бу ерда машғулотлар ўтиши мумкинлиги эътиборга олиниши керак.
Боғлар парклардан ўлчамларининг кичиклиги ва белгиланган функцияларининг камроқ бўлиши билан фарқ қилади. Кўпчиликда уларнинг майдони 10 га дан ошмайди.
Скверлар унча катта бўлмаган кўкаламзорлаштириш объекти бўлиб,улар майдонлар, чорраҳалар, миттитуманлар марказида, темир йўл вокзалларида, маъмурий ва жамоатчилик бинолари олдида жойлашади. Скверлар инсонларнинг қисқа муддат дам олишлари учун, шунингдек, шаҳар ва бошқа аҳоли яшайдиган манзилларга кўрк бағишловчи алоҳида архитектура ансамбли ҳисобланади.
Скверларда кўпинча барқарор элементлар, аллеялар, партерлар, гуллар билан безатилган қаторлардан фойдаланилади. Шаҳардаги скверларни кўкаламзорлаштиришда чанг ва газларга бардошли дарахт ва буталар ассортименти танланади.
Хиёбонлар кўкаламзорлаштириш обьекти сифатида кўчалар, магистрал йўллар, дарё ва канал соҳиллари бўйларида кенг полосалар шаклида яратилади. Улар кўчаларни транспорт қатнайдиган қисмини пиёдалар юришига мўлжалланган йўлакдан ажратиш, аҳолининг қисқа муддат дам олишига мўлжалланган бўлади.
Хиёбонлар таркибига йўлаклар, дарахтлар қатори, тирик деворлар, газон полосалари киради ва буларнинг ҳаммаси гуллар қатори безатилади.
Кўча дарахтзорлари деганда эса тратуарлар билан қатнов йўллари орасида яратилган турли таркибдаги ўсимликлар қатори тушунилади. Бунда дарахт ва буталардан ташқари газон ва гуллар ҳам ишлатилади.
Кўчаларни кўкаламзорлаштиришда шох-шаббаси қалин ва тиғиз ўсган, буташга бардошли, газ ва чангларга чидамли ассортименти танланади. Бу ерларда экиш учун йирик дарахтлар қўлланилади. Бунда дарахтлар 7 ёш, буталар эса 3 ёшдан кичик бўлмаслиги керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |