Каноп ўсимлиги биологияси ва халқ хўжалигидаги аҳамияти. Каноп қимматли луб толали экин. Унинг поясида 18-24 % тола сақланади. Толаси эгилувчан, мустаҳкам, майин, гигроскопик. Бу тола қоп-қанор, арқон, брезент, уй жиҳозлари учун газмоллар, ўраш учун иплар, турли арқонлар, қанорлар, мебель материаллари, иплар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади.
Каноп уруғи таркибида 18-20% мой бўлади, мой, лак-бўёқ саноатида, совун тайёрлашда ишлатилади. Ҳиндистонда лампа мойи сифатида ишлатилади.
Каноп ёввойи ҳолда Жанубий Африкада учрайди. Унинг ватани Ҳиндистон ва Жанубий Африка ҳисобланади. Каноп кўпроқ Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Ява ва Суматра оролларида, Африкада, Америкада (АҚШ, Бразилия, Куба ва бошқалар) экилади. Каноп 1915-1916 йилларда Шимолий Кавказ ва Туркистон синаш станциясида тажриба сифатида экила бошлади.
Ўзбекистонда каноп суғориладиган ерларда экилади. Ўзбекистонда 1927 йилдан бошлаб экиб келинади. Каноп ҳозирги вақтда Ўзбекистонда, Қирғизистонда, Шимолий Кавказда экилади. Ҳозирда мамлакатимизда каноп экиладиган майдонлар анча қисқарди. 1999 йилда 2,5 минг гектар экилган, 1990 йилда каноп 15 минг гектарга экилган.
Толали зиғирнинг биологияси ва аҳамияти. Толали зиғир – толаси ва уруғи учун экилади. Унинг толасидан халталар, техник, қоплама материаллар, брезент (лас) ва бошқа тўқимачилик маҳсулотлари тайёрланади. Зиғир толаси пахта толасидан икки баробар чиришга чидамли. Уни кимёвий толалар билан қўшиб ишлатиш жуда қулай.
Толали зиғир поясида 20-30 % луб толалари сақланади. Уруғларида 35-42 % яхши қурийдиган мой сақланади. Зиғир мойи бўёқ, қоғоз, электротехника, медицина, парфюмерия, озиқ-овқат саноатида фойдаланилади.
Кунжарасида 30-35 % оқсил, 32 % гача ҳазмланадиган азотсиз экстрактланадиган моддалар сақланади ва у чорва моллари, айниқса, бўрдоқига боқилаётган қорамоллар учун яхши концентратланган озуқа ҳисобланади. Унинг кунжарасида 1,2 о.б. ва 280 г ҳазмланадиган протеин сақланади. Зиғир уруғи медицинада, ветеринарияда кенг қўлланилади.
Толали зиғир ҳосилининг 70-80 % ни зиғир похоли, 10-20 % уруғ (уруғлик экинзорларда 30 %) ва 10-15 % тўпон ташкил қилади.
Толали зиғир Ҳиндистон ва Хитой, Миср, Кавказ ортининг тоғли вилоятларида эрамиздан 4-5 минг йил муқаддам экиб бошланган. Маданий зиғир Жанубий-Ғарбий, Шарқий Осиёдан келиб чиққан деган тахминлар ҳам бор. Жаҳон деҳқончилигида толали зиғир 1,5 млн. гектар майдонга экилади. У Россия, Қирғизистон, Голландия, Франция, Англия, Германия, Япония, АҚШ, Қозоғистон, Украина давлатларида кўп экилади.
Ўзбекистонда асосан мойли зиғир экилади. Толали зиғирнинг ўртача ҳосилдорлиги 3,8 с/га. Зиғир толаси етиштириш бўйича Россия Федерацияси дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |