7.1.4. Инвестиция фаолиятидан пул маблағларининг оқими
Инвестицион фаолият натижасидаги пул оқимларини алоҳида очиб бериш муҳимдир, чунки бундай пул оқимлари келажакдаги даромад ва пул оқимларини олиш учун мўлжалланган ресурслар учун қанча харажатлар сарфланганини акс эттиради. Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда актив тан олинишига олиб келадиган харажатларгина инвестицион фаолият сифатида таснифланиши мумкин. Инвестицион фаолият натижасида келиб чиқадиган пул оқимларининг мисоллари қуйида келтирилган:
- асосий воситалар, номоддий активлар ва бошқа узоқ муддатли активларни сотиб олиш учун қилинган тўловлар. Бу тўловларга, шунингдек, тажриба-конструкторлик ишларига ажратилган ва капиталлаштириладиган харажатлар ва ўз кучлари билан (хўжалик ҳисоби усулида) қўрилган асосий воситалар бўйича тўловлар киради;
- асосий воситалар, номоддий активлар ва бошқа узоқ муддатли активларни сотишдан келган пул тушумлари;
- бошқа тадбиркорлик субъектларининг улушли ёки қарз инструментларини сотиб олиш ҳамда қўшма корхоналарда улушга эга бўлиш учун амалга оширилган тўловлар (пул маблағлари эквивалентлари бўлиб ҳисобланадиган ёки воситачилик ва олди-сотди учун мўлжалланган инструментлар учун қилинган тўловлардан ташқари);
- бошқа тадбиркорлик субъектларининг улушли ёки қарз инструментларини ва қўшма корхоналардаги улушларни сотишдан келган пул тушумлари (пул маблағлари эквивалентлари бўлиб ҳисобланадиган ёки воситачилик ва олди-сотди учун мўлжалланган инструментлар бўйича келган тушумлардан ташқари);
- бошқа томонларга берилган бўнаклар ва қарзлар (молиявий институтлар томонидан берилган бўнаклар ва қарзлардан ташқари);
- бошқа томонларга берилган бўнаклар ва қарзларнинг қайтарилиши натижасидаги пул тушумлари (молиявий институтлар томонилан берилган бўнаклар ва қарзлардан ташқари);
- фючерс шартномалари, форвард шартномалари, опцион шартномалари ва своп шартномалари бўйича пул тўловлари, бундан бу шартномалар воситачилик ёки олди-сотди учун мўлжалланган ҳолатлар , ёки тўловлар молиявий фаолият сифатида таснифланадиган ҳолатлар мустасно;
- фючерс шартномалари, форвард шартномалари, опцион шартномалари ва своп шартномалари бўйича пул тушумлари, бундан бу шартномалар воситачилик ёки олди-сотди учун мўлжалланган ҳолатлар, ёки тўловлар молиявий фаолият сифатида таснифланадиган ҳолатлар мустасно.
Шартнома муайян позицияни хежлаш сифатида ҳисобга олинганида, шартнома бўйича пул оқимлари хежланувчи позиция бўйича пул оқимлари билан бир хил тарзда таснифланади.
Корхона инвестицион ва молиявий фаолиятлардан келиб чиқадиган ялпи пул тушумлари ва ялпи пул тўловларининг асосий тоифаларини ҳисоботда алоҳида кўрсатиши керак, бундан, 22 ва 24 бандларда белгиланганидек, соф асосда акс эттириладиган пул оқимлари мустасно.
Қуйидаги операцион, инвестицион ёки молиявий фаолиятлар бўйича келиб чиқадиган пул оқимлари ҳисоботда соф асосда кўрсатилиши мумкин:
- мижозлар номидан олинган пул тушумлари ва амалга оширилган тўловлар, агар пул оқимлари тадбиркорлик субъектининг эмас, балки мижознинг фаолиятини акс эттирса;
-тез айланадиган, катта миқдорлардаги ва сўндириш муддати қисқа бўлган моддалар бўйича пул тушумлари ва тўловлари.
Пул тушумлари ва тўловларига қуйидагилар мисол бўла олади:
- банк томонидан талаб қилиб олингунча омонатларини қабул қилиш ва қайтариб бериш;
- инвестицион тадбиркорлик субъекти мижозларининг маблағлари; ва
- мулк эгалари номидан йиғиб олинган ва уларга тўланган ижара ҳақлари.
Пул тушумлари ва тўловларига қуйидагилар бўйича қилинган бўнаклар ва тўловлар мисол бўла олади:
a) кредит карточкалари эгаларига тегишли асосий суммалар;
б) инвестицияларни сотиб олиш ва сотиш; ва
в) бошқа қисқа муддатли қарзлар, масалан, сўндириш муддати уч ой ва ундан ҳам кам бўлган қарзлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |