7.1.2. Пул оқимлари тўғрисида тушунча
Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:
Пул маблағлари - нақд пул ва талаб қилиб олгунча депозитларни ўз ичига олади.
Пул маблағларининг эквивалентлари - белгиланган суммадаги пул маблағларига осон айлантириладиган ва қийматининг ўзгариши жиҳатидан сезиларсиз даражадаги рискка эга бўлган, қисқа муддатли ва юқори ликвидли инвестициялардир.
Пул оқимлари - пул маблағлари ва пул эквивалентларининг кирими ва чиқими.
Операцион фаолият - тадбиркорлик субъектининг асосий даромад келтирувчи фаолияти ҳамда инвестицион ва молиявий фаолият ҳисобланмаган бошқа фаолият турлари.
Инвестицион фаолият - узоқ муддатли активларнинг ҳамда пул эквивалентларига кирмайдиган бошқа инвестицияларнинг сотиб олиниши ва чиқиб кетиши.
Молиявий фаолият - тадбиркорлик субъектининг қўйилган капитали ва қарз маблағларининг миқдори ва таркибидаги ўзгаришларни келтириб чиқарувчи фаолият.
Пул маблағларининг эквивалентлари инвестиция ёки бошқа мақсадлар учун эмас, балки қисқа муддатли мажбуриятлар бўйича тўловларни амалга ошириш мақсадида ушлаб турилади. Инвестицияни пул эквиваленти деб ҳисоблаш учун, у белгиланган суммадаги пул маблағига осон айлантириладиган ва қийматидаги ўзгаришлар риски сезиларсиз даражада бўлиши лозим. Шу сабабли, инвестиция одатда унинг сўндириш муддати қисқа бўлсагина, яъни харид қилинган пайтдан бошлаб тахминан уч ой ёки ундан кам муддат ичида тўланадиган бўлса, пул маблағларининг эквиваленти деб ҳисобланиши мумкин. Улушли инвестициялар пул эквивалентларига кирмайди, бундан улар, аслини олганда, пул маблағларининг эквивалентлари бўлган ҳолатлари истисно, масалан сўндирилишига қисқа муддат қолганда сотиб олинган ва сўндирилиш муддати аниқ белгиланган имтиёзли акциялар мисолида каби.
Банк кредитлари одатда молиявий фаолиятга тегишли деб ҳисобланади. Аммо, айрим давлатларда, талаб қилинганда тўланадиган банк овердрафтлари тадбиркорлик субъектининг пул маблағларини бошқариш жараёнининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу ҳолларда, банк овердрафтлари пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари таркибига киритилади. Бундай банк хизматларининг ҳусусияти банкдаги ҳисобварақ қолдиғининг овердрафтга тез-тез ўзгариб туришидир.
Пул оқимлари пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари ташкил топган моддалари ўртасидаги ўзгаришларни ўз ичига олмайди, чунки улар тадбиркорлик субъектининг операцион, инвестицион ёки молиявий фаолиятига кирмайди, ва пул маблағларини бошқаришнинг бир қисми бўлиб хизмат қилади. Ошиқча пул маблағларини уларнинг эквивалентларига инвестиция қилиш пул маблағларини бошқариш бўлиб ҳисобланади.
Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиш. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот давр давомидаги пул оқимларини операцион, инвестицион ва молиявий фаолиятлар бўйича таснифланган ҳолда кўрсатиши керак.
Корхона ўзининг операцион, инвестицион ва молиявий фаолияти бўйича пул оқимларини ўзининг фаолиятига хос равишда кўрсатади. Фаолият тури бўйича таснифлаш фойдаланувчиларга ушбу фаолиятларнинг тадбиркорлик субъекти молиявий ҳолатига таъсирини баҳолаш ва унинг пул маблағлари ва эквивалентларининг суммасини аниқлаш имконини берувчи ахборотни таъминлайди. Бу ахборотдан, шунингдек, ушбу фаолиятлар ўртасидаги ўзаро алоқани баҳолаш учун фойдаланиш мумкин.
Айнан бир операция бўйича ҳар хил таснифланадиган пул оқимлари юзага келиши мумкин. Масалан, қарз бўйича тўловлар асосий сумма ва фоизлардан ташкил топса, фоиз элементи операцион фаолият бўлиб, асосий сумма элементи эса молиявий фаолият бўлиб таснифланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |