Гуруҳ томонидан тадбиркорлик субъектида мавжуд пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари қолдиқларидан фойдаланиш имконияти бўлмайдиган турли ҳолатлар мавжуд. Мисол қилиб, бош тадбиркорлик субъекти ёки бошқа шуъба тадбиркорлик субъектлари томонидан умумий фойдаланиш имконияти бўлмаган, валюта назорати ёки бошқа қонуний чеклашлар ўрнатилган мамлакатда фаолият кўрсатувчи шуъба тадбиркорлик субъекти эгалигидаги бўлган пул маблағлари ва пул эквивалентларини келтириш мумкин.
Тадбиркорлик субъекти молиявий ҳолати ва ликвидлигини тушуниш учун фойдаланувчиларга қўшимча маълумотлар берилиши ўринли бўлиши мумкин. Бу маълумотларни очиб бериш, раҳбарият изоҳлари билан биргаликда, маъқулланади ва ўз ичига қуйидагиларни олиши мумкин:
- келгуси операцион фаолиятида ва капитал бўйича мажбуриятларни бажариш учун фойдаланиш мумкин бўлган ишлатилмаган қарз маблағлари суммаси, бундай маблағлардан фойдаланишда чекловларини кўрсатган ҳолда;
- операцион имкониятларни сақлаб туриш учун талаб этиладиган пул маблағларидан ташқари, операцион имкониятларнинг кенгайишини кўрсатувчи пул оқимларининг умумий суммасини алоҳида акс эттириш; ва
- ҳар бир ҳисобот берувчи сегмент учун операцион, инвестицион ва молиявий фаолиятлар натижасида келиб чиқадиган пул оқимлари суммаси (МҲХС 8 “Операцион сегментлар”).
Операцион имкониятларининг кенгайишини акс эттирувчи пул оқимлари ва операцион имкониятларини сақлаб туриш учун зарур бўлган пул оқимларини алоҳида очиб бериш фойдаланувчиларга тадбиркорлик субъекти ўзининг операцион имкониятларини сақлаб туриш учун зарур ҳажмда инвестиция киритаётганлигини аниқлашда фойдалидир. Ўзининг операцион имкониятларини сақлаб туриш учун етарли инвестиция киритмаётган тадбиркорлик субъекти, ўзининг жорий ликвидлигини сақлаб туриш ва мулк эгаларига фойдани тақсимлаш мақсадида балки ўзининг келажак иқтисодий самарадорлигини (фойдалилигини) путур етказаётган бўлиши мумкин.
Пул оқимларини сегментлар бўйича очиб бериш фойдаланувчиларга бутун тадбиркорлик субъекти тегишли бўлган пул оқимларининг ва унинг таркибий қисмларига тегишли бўлган пул оқимларининг ўзаро алоқасини ҳамда сегмент пул оқимларининг мавжудлиги ва ўзгарувчанлиги ҳақида янада яхшироқ тушунчага эга бўлиш имконини беради.