41-мавзу. Кичик бизнес молияси
Режа:
Иқтисодиёт учун кичик бизнес секторининг аҳамияти ва кичик бизнес тушунчасининг моҳияти, кичик компанияларнинг фаолият мақсадлари.
Кичик компанияларнинг энг кенг тарқалган ташкилий-ҳуқуқий шакллари.
Кичик компанияларни солиққа тортиш хусусиятлари. Кичик бизнесдаги инвестициялашнинг реал имкониятларини баҳолаш учун қўлланиладиган риск даражаси. Молиялаштиришнинг узоқ муддатли манбаларини жалб қилишда кичик компаниялар дуч келадиган муаммолар.
1-савол баёни. Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, фаровон турмушини таъминлашда муҳим ўрин тутаётган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг стратегик йўналишларидан биридир.
Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектларининг ҳуқуқлари ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини кучайтириш, давлат органлари, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тадбиркорлик тузилмалари фаолиятига ноқонуний аралашишининг олдини олиш, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун раҳбарлар ва мансабдор шахсларни қатъий жавобгарликка тортиш, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган принципни амалиётда рўёбга чиқариш иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир.
Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясининг «Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш» деб номланган учинчи йўналишида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва тегишли рағбатлантирувчи чораларни кенгайтириш каби чора-тадбирлар белгиланган.
Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётининг шаклланиши ва тадбиркорликнинг ривожланиши давлатимиз иқтисодий сиёсатининг стратегик вазифасидир. Бозор иқтисодиётига ўтиш корхоналар фаолиятида кескин ўзгаришларга олиб келди. Корхонанинг асосий мақсади - ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, фойдани максималлаштириш, янги бозорларни эгаллашдан иборат.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни иқтисодиётдаги аҳамияти ва тутган ўрнини очиб беришдан аввал “бизнес” ва “тадбиркорлик” тушунчаларининг назарий иқтисодий моҳиятини аниқлаб олишимиз лозим деб ўйлаймиз.
Тадбиркорлик илмий-тадқиқот объекти сифатида дастлабки вақтларда иқтисодчи олимлар И.Шумпетер, Р.Кантильон каби классиклар томонидан ўрганилди. Ҳусусан, Р.Кантильон тадбиркорликни фойда олиш чегараланмаган ва баҳоси аниқ товарларни сотиб олади-ю, лекин сотиш баҳоси ноаниқ бўлади, у таваккалчи, таклифни талабга мословчи, деб баҳолайди. Шумпетерни олсак, у тадбиркорликнинг беш муҳим томонини: истеъмолчиларга номаълум янги товарлар ишлаб чиқариши; янги ишлаб чиқаришни қўллаши ва мавжуд товарлар тижорийлигини таъминлаш; янги товарларни ўзлаштириши; янги хом-ашёларнинг ишлатилиши; тармоқни такомиллаштиришни кўрсатиб беради. Тадбиркор янги комбинацияларни амалга оширувчи шахсдир10, деб таъкидлайди.
Умумий тарзда «тадбиркорлик» ва «бизнес» тушунчалари иқтисодий моҳияти жиҳатидан деярли унчалик катта фарққа эга эмас. Аниқроқ, қилиб айтганда «бизнес», «тадбиркорлик» тушунчасидан кенг бўлиб, иккинчиси биринчиси таркибида бўлади.
“Бизнес”- сўзи инглизча сўз бўлиб, у тадбиркорлик фаолияти ёки бошқача сўз билан айтганда, кишиларни фойда олишга қаратилган тадбиркорлик фаолиятидир. Хорижий адабиётларда бизнес таърифини кўп турлари мавжуддир. Инсон жамиятининг бутун ривожланиш тарихи у ёки бу жиҳатдан доимо бизнес билан боғлиқ бўлган.
Бизнесмен (тадбиркорлик) - сўзи биринчи маротаба Англия иқтисодиётида XVIII асрда пайдо бўлиб, у «Мулк эгаси» деган маънони билдиради.
Иқтисодий назария фанида «Тадбиркорлик» тушунчаси XVIII асрда пайдо бўлди ва кўпинча «Мулкдор» ибораси билан бир хил тушунилган. Хусусан Адам Смит тадбиркорликни фойда олиш учун қандайдир тижорат ғоясини амалга ошириш мақсадини кўзлаб таваккалчилик билан иш кўрувчи мулкдор деб ҳарактерлайди.
Д.Б.Сей тадбиркорликни анча кенг таърифлайди. Унинг фикрича, тадбиркор энг кўп маҳсулот олиш мақсадида ишлаб чиқариш омилларини бир-бирига уйғунлаштириш ишлари билан шуғулланувчи иқтисодий гумашта (агент).
Тадбиркорлик назариясига муҳим хисса қўшган Австрия иқтисодчиси И.Шумпетердир.У ўзининг 1912 йилда ёзган «Иқтисодий тараққиёт назарияси» китобида тадбиркорни ишлаб чиқариш омилларидан фойдаланишнинг янгича комбинацияларини амалга оширадиган ва шу билан иқтисодий тараққиётни таъминлайдиган киши деб атайди.
Кичик бизнеснинг муҳим белгиларидан бири ўз ишига, мулкига бевосита эгалик қилишдир. Бунда мулк ва назоратнинг айнан ички боғликлиги, мулкдор ва таҳлика билан боғлиқ тўла жавобгарлик ва маъсулиятни ўзига қабул қила оладиган бошқарувчининг бирдайлиги муҳимдир. Кичик бизнеснинг ижтимоий иқтисодий моҳиятини тўлароқ очиб бериш учун унинг бошқа иқтисодий субъектларидан фарқли жиҳатлари қолаверса, афзалликлари хусусида тўхталиб ўтиш лозим бўлади.
Америкалик иқтисодчи Р.Стюарт кичик бизнеснинг хусусиятлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиб ўтади: кичик бизнес, кўпчилик янги маҳсулот ёки хизмат турининг бунёд этилиши учун бошланғич ишлаб чиқариш нуқтасидир; кичик бизнес ихтисослашган маҳаллий эҳтиёжларни қондиришга яхши мослашган бўлади; кичик бизнес ўз истеъмолчисини шахсан билиши муҳим бўлган хизмат турларини таклиф этади.
Иқтисодчи олим Л.Гуровнинг фикрича, кичик бизнес қуйидаги афзалликларга эга: устун даражада иқтисодий ўсишнинг суръатларини белгилайди, моддий, молиявий ва кадрлар ресурсларининг самарали тақсимланишига ёрдам беради, иш ўринларини вужудга келтиради, янги иш жойларини ташкил этишда йирик корхоналарга қараганда анча кам харажат талаб қилади.
Мамлакатимиз иқтисодчиларидан академик С.Ғуломовнинг таъкидлашича, кичик бизнес ва тадбиркорлик ҳар қандай шароитда: иқтисодий тушкунликда ҳам, инфляция даврида ҳам, кредитлар фоизи ўта юқори бўлганда ҳам, зарур инфратузилмасиз келажаги номаълум ҳолларда ҳам, хавф – хатар қанчалик юқори бўлишига қарамай яшайверади. Шунингдек, профессор А.Ўлмасов томонидан «Кичик бизнес – кишилар (мулкчилик) субъектларининг моддий ва пул маблағларини (капиталини) амалда хўжалик оборотига, даромад топишга мўлжаллангандир», дея таъкидлаган бўлса, Ё.Абдуллаев Тадбиркорликка – қонун ҳужжатларига мувофиқ, даромад (фойда) олишга қаратилган, юридик ва жисмоний шахслар томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш йўли билан таваккал қилиб, ўз мулкий жавобгарлиги остида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолияти сифатида таъриф берган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, назариячи иқтисодчи-олимлар тадбиркорликка тўла-тўкис тафсилот берганлар ва унга психологик томонларни ўз ичига олган ижтимоий-иқтисодий воқелик деб қараганлар.
Шундай қилиб, турли даврларда тадқиқотчилар томонидан тадбиркорга турлича тушунчалар берилган: Тадбиркор - бу янги технология, янги ишлаб чиқариш ва янги ҳизмат ишларини ишлаб чиқувчи новатор; таваккалчилик шароитида ҳаракат қилувчи, кучли шахс; ҳар қандай имкониятдан максимал фойда оладиган субъект; ташаббус кўрсатувчи, ишбилармон, ижтимоий-иқтисодий механизмни ташкил этувчи шахс.
Кичик корхоналар молияси – бу мустақил иқтисодий категория бўлиб, у кичик корхонанинг пул маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш билан боғлиқ бўлган пул муносабатлар йиғиндиси сифатида амал қилади.
Кичик корхоналар молиясини бошқаришни самарали ташкил этишнинг 3 та усули бор:
Лавозимларнинг қўшилиши. Бунда харажатлар камаяди, лекин қабул қилинаётган қарорларнинг сифати пасайиши мумкин;
Алоҳида молиявий бўлим ёки молиячи лавозими (молиявий менежер, молиявий директор)нинг ташкил этилиши. Бу харажатларнинг ошишига олиб келади;
Молиявий бошқарувнинг алоҳида ихтисослаштирилган компанияга берилиши (аутсорсинг).
Кичик бизнесда молиявий мутахассис қуйидаги функцияларни бажариши лозим:
Корхона молиявий сиёсати ва стратегиясини шакллантириш ва уни амалга ошириш;
Харажатларни оптималлаштириш ва бошқарув ҳисобини ташкил этиш;
Доимо молиявий ва бошқарув таҳлилини амалга ошириш;
Молиявий режалаштиришни амалга ошириш;
Корхонанинг барқарорлиги ва ликвидлилиги бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
Корхонанинг актив ва пассивлари таркибини оптималлаштириш ва бошқариш, уларни юзага келиш ва қоплаш, айланиш тезлигини бошқариш;
Бизнесни молиялаштиришнинг самарали усулларини топиш;
Фойда, капитализация ва рентабелликни ошириш, харажатларни ва солиқ тўловларини камайтириш йўлларини аниқлаш;
Молиявий ресурсларнинг сақланиб қолиши бўйича назорат тадбирларини ишлаб чиқиш;
Маҳсулотни сотиш, тўловларни амалга ошириш бўйича молиявий схемаларни ишлаб чиқиш ва оптималлаштириш;
Риск-менежмент тардбирларда иштирок этиш.
Юқори турувчи раҳбарлар ва ходимларга молиявий масалалар бўйича маслаҳатлар бериш. Кичик бизнес субъектларининг молиявий тизими бошқа субъектлар сингари 2 тизимдан иборат: бошқарувчи ва бошқарилувчи.
Бухгалтерия шундай соҳаки, унда қатор конфиденциал ва жуда муҳим корпоратив маълумотлар сақланади. Ҳар қандай пухта ўйланмаган ҳаракат, ҳатто кичик хато ва камчиликлар ҳам ишга малакасиз ёндашув, хисоб-китоблар ноаниқлиги ва ҳатто катта жарималарга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ўз соҳасининг устаси бўлган бухгалтерларга талаб юқори. Айнан шундайлар бюджетга тўланадиган солиқларни ҳисоблашади. Йирик корхоналар штатида юқоридаги талабларга жавоб берадиган, ўз навбатида, юқори маош талаб қиладиган бухгалтерлар ёллаш имкони бор. Бироқ янги ташкил топган, микро ва кичик корхоналар бундай харажатларга тайёр эмас. Ёлланма бухгалтерлар ҳеч қандай ҳужжатсиз, оғзаки келишув асосида хизмат кўрсатиши туфайли кўплаб муаммолар келиб чиқиши мумкин.
Корхона бир неча фаолият тури билан шуғулланадиган бўлса, ҳар бир фаолият учун алоҳида малакали бухгалтер ёллаш, уларни ойлик маош, иш жойи, дастурий таъминот ва ҳ.к.лар билан таъминлаш катта харажатларни келтириб чиқаради. Ёки айтайлик, штатдаги бухгалтер айрим сабабларга кўра ишдан кетаётган булса, бухгалтерияни кимга ишониб топширса бўлади?
"Аутсорсинг" сўзи инглиз тилидан олинган булиб, шартнома асосида ташқи манбалардан, яъни аутсорсинг хизматини кўрсатувчи корхоналар хизматидан фойдаланишни билдиради.
Аутсорсинг бухгалтерия эса масофадан туриб малакали соҳа мутахассислари томонидан олиб бориладиган бухгалтериядир. Аутсорсинг бухгалтерия ёлланма бухгалтериядан фарқли равишда, бухгалтерияни қисман ёки вақтинчалик топшириш эмас, узоқ муддатга шартнома асосида ҳамкорлик қилишни кўзда тутади. Аутсорсинг бухгалтерия хизматини кўрсатувчилар аутсорсерлар ҳисобланади. Ҳозирги вақтда хорижда штатдаги ходимларни таъминлашдан кўра аутсорсинг хизматларидан ва айниқса, аутсорсинг бухгалтерия хизматларидан кенг фойдаланилмоқда. Масалан, Беларусда - 30%, Европада - 86%, АҚШда - 92%, энг юқори кўрсаткич эса - Исроилда бўлиб, 96% ни ташкил этади.
Йирик корхоналар Аутсорсинг бухгалтерия хизматларидан фойдаланишга бутунлай ўтишлари у қадар самарали эмас, чунки бундай ҳолатда масофадан туриб иш олиб борилгани сабабли ҳисобни олиб боришда оперативлик пасайиш эҳтимоли бор. Бунга йул қўймаслик учун бухгалтерияни бутунлай эмас, қисман, масалан, ойлик маош ҳисоб-китоблари, ҳисоботлар топшириш, ва ҳ.к.ларни аутсорсерларга топшириш мумкин.
Микро ва кичик корхоналар учун аутсорсинг бухгалтерия хизматлари ҳисобни юритишнинг энг оптимал усулидир. Бундай ҳолатда корхона юқори малакали, масъулиятли, фақатгина бухгалтерия соҳасида эмас, балки кадрлар бўйича, юридик ҳамда солиқ масалалари бўйича маслаҳатлар олиш имконига эга бўлади.
Аутсорсинг бухгалтерия хизматини кўрсатувчи корхона билан ҳамкорлик қилиш тадбиркорларга бир қатор қулайликлар яратади:
Аутсорсерларга топширилган вазифалар юқори сифатли, оператив ва кам харажат талаб этади, чунки тадбиркорлар аутсорсерлар уларнинг штатида бўлмагани сабабли уларга ойлик маошдан келиб чиқадиган солиқлар, офис жиҳозлари, моддий-техник таъминот, аренда, алоқа ва интернет каби харажатлардан фориғ бўлишади. Бу харажатларни оптималлаштириш орқали молиявий натижаларни 20-30%га яхшилаш имконини беради;
Аутсорсинг бухгалтерия хизматларидан фойдаланганда махфий (конфидециал) маълумотларнинг ошкор бўлиши олди олинади;
Хизматдан фойдаланиш орқали бир эмас, бир неча юқори малакали ҳисобчи мутахассис гуруҳига эга бўлиш мумкин;
Бухгалтерия ҳисобини юритишдаги хато ва камчиликлардан, ортиқча оворагарчиликлардан озод қилади;
Аутсорсерлар бухгалтерия ва солиқ ҳисобини юритишдан ташқари бошқа қўшимча хизматларни, масалан, кадрлар буйича ва юридик хизматларни ҳам таклиф этади. Таъкидлаш жоизки, штатдаги бухгалтерлар ҳар доим ҳам бундай қўшимча масаларларни ҳал этишни ўз зиммаларига олаверишмайди, қўшимча мутахассисларни ёллаш эса корхона харажатларини оширади;
Аутсорсинг корхоналарга бухгалтерияни исталган босқичда топшириш имконияти мавжуд. Агар корхона бухгалтерияси хато ва камчиликлар билан махсус дастурлардан фойдаланилмай юритилган булса, аутсорсинг бухгалтерия корхоналари бундай талабга жавоб бермайдиган бухгалтерияни қайта тиклаш орқали тўғри ва аниқ ҳолатга олиб келади.
2-савол баёни. Тадбиркорлик ва тадбиркорлик фаолияти, унинг турлари ва иштирокчилари қуйидагича белгиланган:
Кичик тадбиркорлик субъектлари қуйидагилардир:
1) якка тартибдаги тадбиркорлар;
2) ишлаб чиқариш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан йигирма киши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа тармоқлардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан ўн киши, улгуржи, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан беш киши бўлган микрофирмалар;
3) қуйидаги тармоқлардаги:
қонун ҳужжатларида назарда тутилган енгил, озиқ-овқат саноатидаги ва қурилиш материаллари саноатидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан икки юз киши;
металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик, мебель саноатидаги, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан юз киши;
машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, қурилиш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан эллик киши;
фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа соҳалардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан йигирма беш киши бўлган кичик корхоналар.
Кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг ўртача йиллик сони қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда белгиланади. Бунда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий характердаги бошқа шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг, шунингдек унитар корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олинади.
Фаолиятнинг бир неча турини амалга оширувчи (кўп тармоқли) юридик ва жисмоний шахслар йиллик айланма ҳажмида улуши энг кўп бўлган фаолият тури мезонлари бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |