10. Спорт жамоасининг уюшганлиги ва унинг фаолият
самарадорлиги
Уюшганлик – бу гуруҳга хос махсус ижтимоий психологик ҳодисадир.Уюшганлик – шундай бир интеграл жиҳат-ки, у жамоанинг ҳақиқий бирлиги ва яхлитлигини ифодалайди. Уюшганликнинг асосида гуруҳ ва жамоа аъзоларининг мақсадлари, мотивлари, дунёқарашларидаги якдиллик, уларнинг умумий мақсадларга эришиш, умумий қадриятларни қарор топтириш учун тайёр эканлиги ва бу борада кураша олиш қобилиятлари ётади.
Уюшган спорт жамоаси қийинчиликларни осонгина енгиб ўтиш, барча куч-қудратини ўз мақсадига сафарбар этиш, тайёргарлик машқлари жараёнида ҳам, мусобақалар жараёнида ҳам фикрларнинг турли-туманлигига, можароли вазиятларнинг юзага келишига йўл қўймаслик, ҳар бир спортчининг имкониятларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни ярата олиш қобилиятига эга бўлади. Спорт жамоасининг уюшганлиги спорт натижаларига ҳам, жамоа тўғрисида ижтимоий фикрнинг шаклланишига, ғалабаларни ҳам, мағлубиятларни ҳам бир хилда ҳамжиҳат бўлиб ҳис этишга, юқори интизомни тутиб туришга, жамоадошлар орасида ўзаро бир-бирларини тушунишнинг барқарорлигига, шунингдек, жамоа таркибининг доимийлигига таъсир кўрсатади.
Спорт жамоасининг уюшганлиги тушунчаси гуруҳга хос бўлган ягона жамоавий кайфият, жамоавий тафаккур каби ўзига хос феноменлар билан чамбарчас боғлиқ.
Спорт жамоаларидаги уюшганлик ҳақида гапирилганда нафақат спортчилар ўртасидаги ўзаро ҳиссий-эмоционал муносабатларни назарда тутиш, балки уларнинг ўйин давомидаги муносабатларини ҳам инобатга олмоқ жоиздир. Зеро, спортчиларнинг ушбу жамоада доимий қолишларида нафақат уларнинг бир-бирига бўлган хайрихоҳликлари асосий ўринни тутади, балки бунда уларнинг умумий мақсадга эришиш борасидаги мотивациялари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли ҳам мусобақалашув вазиятида, яъни гап беллашувда ғалаба қозониш ҳақида кетганида спортчилар орасидаги ўйинга хос ўзаро муносабатлар жуда кам ҳоллардагина бузилиши мумкин. Чунки бундай пайтларда спортчиларнинг ўзаро бир-бирига нисбатан ёқтирмаслик ҳислари ёки адоватлари иккинчи даражали бўлиб қолади. Шу сабабли ҳам спорт жамоаларидаги уюшганлик тушунчасини икки жиҳатдан кўриб чиқиш зарур. Уларнинг биринчиси ишчанлик нуқтаи назаридан бўлса, иккинчиси эмоционал жиҳатдир.
Кўплаб спорт психологларининг эътироф этишларича, ижобий эмоционал иқлим ва жамоанинг уюшганлиги, унинг иш самарадорлигига бевосита боғлиқдир. Спорт амалиётида бунга ниҳоятда кўплаб мисоллар учрайди, ўйин пайтида у ёки бу жамоанинг кўрсаткичлари тушиб кетишига кўпинча жамоа ўйинчилари ўртасидаги уюшқоқликнинг сустлиги сабаб бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |