Танланган спорт турида ихтисослашув босқичи.
Ушбу босқичда спорт фаолиятининг мотивлари қуйидагилардан иборат бўлади:
а) муайян спорт турига нисбатан бўлган қизиқишнинг уйғониши ва ривожланиши;
б) ушбу спорт турига бўлган қобилиятнинг намоён бўлиши ва уларни ривожлантиришга интилиш;
в) спортда эришилган ютуқлар туфайли ҳис этилган кўтаринки эмоционал ҳис туйғулар ва уларни мустаҳкамлаш йўлидаги интилиш;
г) махсус билимлар доирасини кенгайтириш, спорт техникасини мукаммаллаштириш, тайёргарликнинг янада юқори даражаларига эришиш.
Ўз сифат кўрсаткичларига кўра мутлақо янгича тарзда бўлган ушбу мотивларнинг юзага келишининг ўзига хос сабаблари бор. Улар биринчи галда спортдаги ихтисослашувга боғлиқдир (спортчи — гимнастикачи, боксчи, чанғичи, эшкак эшувчи ва ҳоказо аниқ спорт тури вакилига айланади), қолаверса у энди учинчи, иккинчи ва биринчи разрядли спорт малакасига эга бўлади. Шу билан биргаликда энди улар спортда анча дадил ҳаракат қиладиган бўлиб, мақсадлари ҳам анча реаллашади. Уларни энди шунчаки спорт фаолияти билан шуғулланиш эмас, балки унинг натижалари қизиқтиради. Бу эса уларнинг муайян спорт муваффақиятларига, рекордларга интилишларида намоён бўлади.
Спорт маҳоратига эришиш босқичи.
Спортчининг маҳорати ошиб боргани сайин, унда янги интилишлар (мотивлар) пайдо бўла боради. Улар орасида қуйидагиларни алоҳида тилга олиб ўтиш мумкин: машқ қилиш ва спортдаги такомиллашувнинг илмий асосларини чуқур ўрганишга интилиш, маълум спорт техникаси ва тактикасини жиддий ва пухта ўзлаштириш ва улар устида ишлаш; жисмоний жиҳатдан юқори ишчанлик даражасига эришиш; жанг олиб боришнинг нозик сирларини эгаллаш; мамлакатнинг терма жамоасига аъзо бўлиш; республика ва халқаро мусобақаларда юқори спорт натижаларини қўлга киритиш; хорижий мамлакаталарда Ватанининг шаънини ҳимоя қилиш; ўз тажрибасини жамоадошларига ўргатиш ва ҳоказолар.
3.5. Спорт мотивларининг индивидуал хусусиятлари
Мотивация жараёнларига оид илмий тадқиқотларни умумлаштирар экан, таниқли психолог Ю.Ю.Палайма спорт фаолиятига нисбатан қуйидаги тўртта мотивация гуруҳларини алоҳида ажратиб кўрсатади. Биринчи гуруҳни муаллиф, шартли равишда “индивидуалистлар” (индивидуалистик мотивлар) деб атайди ва ушбу гуруҳдагиларга хос бўлган кишилардаги мотивларнинг мазмунида тор шахсий манфаатлар устунлик қилади. Иккинчи гуруҳ шартли равишда “коллективистлар” (коллективистик мотивлар) деб аталади. Мазкур спортчиларнинг мотивларида коллективнинг, гуруҳнинг манфаатлари билан боғлиқ мотивлар устувордир, индивидуалистик мотивлар эса устун мотивга тобе бўлади. Спорт фаолияти амалиёти шуни кўрсатадики, спортчиларда ушбу ҳар иккала мотив тенг даражада шакллангандагина, спорт ютуқларини қўлга киритиш учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилади. Учинчи гуруҳни муаллиф “процессуал мотивлар” деб атайди. Ушбу гуруҳга мансуб спортчилар учун спорт натижалари эмас, балки машғулот жараёнларининг ўзи муҳимдир, яъни уларнинг спорт либосида юришлари, спорт жамоаси орасида эканликлари ва ҳоказолар. Тўртинчи гуруҳ эса “натижавий мотивлар”ни муҳим деб ҳисобловчи спортчилардан таркиб топган бўлиб, улар учун кўпроқ спорт натижаларини қўлга киритиш бош масаладир.
Шунингдек, олимлар муваффақиятга эришиш ва мағлубиятдан қочиш мотивацияларини фарқлайдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |