Антициклон ва барик ўркач булутлари
Антициклон билан боғлиқ бўлган булутлик турлари барик тузилманинг структурасига, ҳаво массасининг хусусиятга ва таглик сиртнинг кўринишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади. Агар антициклон совуқ ҳаво массасида шаклланса, у ҳолда булутлик асосан таглик сиртнинг хусусиятига боғлиқ бўлади. Қиш даврида континент устида, совуқ фронт ортида антициклон ёки ўркач эгаллаган майдонда ҳаво деярли очиқ бўлади, антициклон маркази эса одатда шу майдоннинг ўртасида жойлашади. Агар антициклон илиқ океан сирти ёки илиқ қуруқлик устида жойлашган бўлса, у ҳолда бу ерда очиқ конвектив ячейка ва тизмалар кўринишдаги булутлар ривожланади.
Агар антициклон илиқ ҳаво массасида шаклланса ва ҳаво билан таглик сирт ўртасидаги температура фарқи кам бўлса, у ҳолда антициклон эгаллаган майдон Ер метеорологик сунъий йўлдошлари ёрдамида олинган расмлардаги кам булутли соҳаларга мос келади, бунда булутлар миқдорининг минимал қиймати антициклон марказида ёки барик ўркачнинг ўқи бўйлаб кузатилади.
Агар илиқ антициклон эгаллаган майдонда ҳаво массаси билан совуқ таглик сирт ўртасидаги температура фарқи катта бўлса, у ҳолда қатламдор булутлар, туман ёки ёпиқ конвектив ячейкали булутлар кузатилади.
Антициклоннинг марказини конвектив ячейкалар кузатилганда осонгина аниқлаш мумкин. Минимал ўлчамга ва бирмунча тўғри шаклга эга бўлган конвектив ячейкалар кузатиладиган майдонларда антициклоннинг маркази мос тушади.
Антициклондаги булутлар миқдори билан унинг ер яқини марказидаги босим ўртасида ҳам боғликлик мавжуд. Масалан, марказидаги босими нисбатан кичикроқ (10201025 гПа) бўлган антициклонлардаги булутлар миқдори, марказидаги босими катта бўлган антициклонларга қараганда камроқ кузатилади.
Тез ҳаво оқимларидаги булутлар
Маълумки, тез ҳаво оқимлари, юқори тропосферада жойлашган ўзига хос булутликка эга. Шуни айтиш жоизки, булутлар тез ҳаво оқимларининг бутун узунлиги бўйлаб вужудга келмайди, балким унинг айрим қисмларида кузатилади.
Тез ҳаво оқимлари зонасида булутларнинг ривожланиши учун энг қулай шароит юқори ботиқликнинг олдинги қисмида вужудга келади. Булутлар, асосан унинг қатламсимон турлари (қатламли-патсимон ва юқори қатламли), тез ҳаво оқимлари ўқининг ўнг томонида, яъни илиқ ҳаво массасида ривожланади. Бу жойларда бир текис кўтарилувчи ҳаракат кузатилади. Тез ҳаво оқимлари ўқининг чап томонида ва ундан пастроқда, яъни конвекция ривожланиши учун қулай шароит яратиладиган совуқ ҳаво массасида асосан тўп-тўп ва ёмғирли тўп-тўп булутлар кузатилади.
Юқори ботиқликнинг орқа қисмида (юқори барик ўркачнинг олдинги қисмида) одатда тутиб қолувчи қатламни ҳосил қиладиган пастга йўналган ҳаракат кузатилади. Унинг остида ясмуғсимон юқори тўп-тўп ва патсимон тўп-тўп турдаги булутлар шаклланади. Тез ҳаво оқимлари ўқининг чап томонида айрим пайтлари булутлар умуман кузатилмаслиги мумкин.
Ер метеорологик сунъий йўлдошлари ёрдамида олинган расмларда тез ҳаво оқимлари зонасидаги булутлар одатда кенг массивли ёки узун кенг полосали, баъзида эса оқим бўйлаб чўзилган қатор энсиз полосали патсимон кўринишга эга бўлади. Ушбу булутлар тез ҳаво оқимлар ўқи бўйлаб, унинг илиқ ҳаво массали ўнг томонида ҳосил бўлади. Патсимон булутларнинг бундай полосалар кенглиги 400600 км, умуман булутлик массивининг кенглиги эса бундан ҳам каттароқ бўлиши мумкин. Патсимон булутлар полосаларининг узунлиги океан устида 15002700 км бўлиши мумкин, лекин кўп ҳолларда тез ҳаво оқимлари зонасидаги булутларнинг чўзилганлиги 500 дан 1700 км гача тебранади.
Тез ҳаво оқимларидаги булутларнинг чап томони (совуқ ҳаво массаси жойлашган томон) кескин ифодаланган ва силлиқланган. Спектрнинг телевизион (кўринувчан) диапазонида олинган расмларда тез ҳаво оқимлар ўқи бўйлаб қорамтир энсиз булутлар сояси ўтади. Бу, тез ҳаво оқимлардаги юқори булутларнинг совуқ ҳаво массасида жойлашган пастки булутлар ёки ёрқин таглик сиртга тушган сояси ҳисобланади. Соянинг кенглиги 10 дан 30 километргача тебраниб, бир неча омилларга боғлиқ бўлади: Ер метеорологик сунъий йўлдошларидан тез ҳаво оқимлардаги булутларнинг қайси бурчак остида кўриниши, Қуёш баландлиги, тез ҳаво оқимлардаги булутларнинг юқори чегараси билан совуқ ҳаво массасида жойлашган пастки булутлар орасидаги баландлик айирмаси.
Агар совуқ ҳаво массасида ҳаво очиқ бўлса, тез ҳаво оқимларидаги булутларнинг кескин ифодаланган чап томони спектрнинг телевизион диапазонида олинган расмларда қорамтир тусдаги таглик сиртда яхши тасвирланади. Агар совуқ ҳаво массасида булутлик кузатилса, у ҳолда юқори булутларнинг унга тушган сояси бўйича осон топилади. Ва ниҳоят расмга тушириш вақтдаги шароитда соя бўлмаса, у ҳолда тез ҳаво оқимларидаги булутлар ва унинг чап томонини булутлик майдони текстурасининг тафовути билан аниқланади.
Совуқ ҳаво массасидаги булутлар, ички конвектив бўлганлиги сабабли, уларнинг текстураси донадор, тез ҳаво оқимларидаги булутлар эса патсимон бўлганлиги учун, уларнинг текстураси толасимон бўлади. Тез ҳаво оқимларидаги булутлар энг юқори ва совуқ бўлганлиги туфайли, спектрнинг инфрақизил диапазонида олинган расмларда у катта ёрқинлиги билан ажралиб туради.
Тез ҳаво оқимларидаги булутларнинг совуқ ҳаво массаси томонидаги чеккалари одатда оқим ўқининг эгрилигини такрорлайди. Юқори ботиқлик олдида жойлашган булутлик полосаси, унинг (юқори ботиқликнинг) ўқига яқинроқ жойларда циклоник эгриликка эга бўлади, кейин деярли тўғри ҳолатни олади, тез ҳаво оқимлари юқори ўркачни айланиб ўтабошлаганда эса у антициклоник эгриликка эга бўлади.
Тез ҳаво оқимларидаги булутлик полосаси циклондаги булутлар тизимида синусоидал эгрилик кўринишда бўлади (1.4 - расм). Циклоннинг орқа қисмида у циклоник эгриликка эга бўлади, окклюзия нуқтаси яқинида эса, тез ҳаво оқимларидаги булутлик полосаси антициклоник эгилади ва окклюзия фронтининг булутлик полосасини кесиб ўтади. Ер метеорологик сунъий йўлдошлари ёрдамида олинган расмларнинг таҳлил натижаси шуни кўрсатадики, фронтал булутлардан юқорида жойлашган тез ҳаво оқим булутлари қоидага биноан ажралиб туради. Тез ҳаво оқимларидаги патсимон булутлар қоплами орасидан кўп ҳолларда бошқа йўналишга эга бўлган пастки фронтал булутлар кўринади.
Тез ҳаво оқимларидаги булутларнинг ўзига хос бўлган хусусиятларидан бири, уларда кўндаланг полосаларнинг вужудга келиши саналади. Ушбу мезоструктурали хусусиятлар, фақат жадал тез ҳаво оқимлар майдонида вужудга келади. Майда полосалар одатда асосий массив ёки асосий патсимон булут полосаларига нисбатан кўндаланг, яъни тез ҳаво оқимларига нисбатан перпендикуляр жойлашади, лекин шамол йўналиши томон бироз бўрилиши мумкин.
Субтропик кенгликларда (17 ва 32º ш.к. орасида), бўйлама ва кўндаланг полосаларга эга бўлган жадал тез ҳаво оқимлардаги булутлар 15.5 - расмда тасвирланган. Расмнинг марказида аниқ ифодаланган мезомасштабли кўндаланг полосалар шимоли-ғарбдан жануби-шарқ томонга йўналган, яъни асосий оқимга (булутлик полосасига) нисбатан деярли перпендикуляр жойлашган.
Do'stlaringiz bilan baham: |