ВАЙРОНКОР (БУЗҒУНЧИ) ҒОЯ — ёвузлик ва жаҳолатга, айрим жинояткор кучларнинг ҳукмронлигини ўрнатишга хизмат қиладиган, инсонлар, миллатлар ва жамиятнинг мустақиллигига, эркинлигига, ижодкорлигига зид бўлган ғоялар мажмуини ифодаловчи тушунча.
ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ – ижтимои-фалсафий тушунча; ҳар кимнинг ўз эътиқодига кўра, мазкур жамиятда мавжуд ижтимоий меъёрларни бузмаган ҳолда виждони буюргани бўйича яшаш, ишлаш имконияти. Бунда динга муносабат масаланинг бир томони ҳисобланади.
ДЕМОКРАТИЯ (юнонча, “демос” – халқ, “кратос” – ҳокимият) – халқ ҳокимияти маъносини англатиб, халқни ҳокимият манбаи деб билувчи сиёсий тизимни шакли. Демократия инсонни ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун берилган имкон бўлиб, давлат конституциясида озчиликнинг кўпчиликка бўйсуниши тамойили расмий эълон қилинди ҳамда фуқароларнинг эркинлиги тенг ҳуқуқлиги эътироф этилди. Демократия ҳар бир даврнинг ижтимоий – иқтисодий шароитларига мос шаклланиб, ривожланиб борувчи чегарасиз табиий – тарихий жараёндир.
ДИН - араб тилидан олингн бўлиб, унинг луғавий маъноси “ишонч, эътиқод” дир. Истилоҳий маъноси лотин тилидаги “religion” сўзи билан мос келади. Дин муайян таълимотлар, ҳис-туйғулар, тоат-ибодатлар ва диний ташкилотлар фаолиятлари орқали намоён бўлади. У олам, ҳаёт яратилишини тасаввур қилишнинг алоҳида тариқаси, уни идрок этиш усули, оламда инсоният пайдо бўлгандан бошлаб бизгача бўлган даврларнинг илоҳий тасаввурда акс этишидир. Дин комил инсонни тарбиялашда асосий тарбияловчи қудратга эга бўлган маънавий-ахлоқий кучдир.
ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ (экстремизм – ўта дегани) – хавфсизлигимизга таҳдид солувчи ташқи омиллардан бири бўлиб, у барча диний ташкилотларда фақат ўзи сиғинадиган динни тўғри деб, бошқа ҳар қандай дунёқарашнинг тўғрилигини инкор этувчи (кескин чоралар ва ҳаракатлар тарафдорлари бўлган), ўта фанатик (мутаассиб) диндор ёки диндорларнинг фаолияти тушунилади.
ДИЁНАТ ВА ВИЖДОН – бир-бирига яқин тушунча. Диёнат ва виждон одамлардаги инсоф туйғусига ҳамоҳангдир. Диёнат ва виждон кишининг кундалик фаолияти, қилмиши, феъл-атвори учун авввало ўзи олдида, қолаверса оила, жамоат, жамият ва ватан олдида маънавий масъулият ҳис этишидир. Виждонли, диёнатли киши ноҳақ, адолатсиз ишлардан ғазабга келади, уларга қаршилик билдиради, ўз фаолиятининг яхши томонларидан қаноатланиб хурсанд бўлса, ёмон томонларидан норози бўлиб, руҳан эзилади, виждон азобига учрайди.
ИЙМОН - арабча сўз бўлиб, луғавий маъноси - ишонч демакдир. Шариатда эса жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Оллоҳ тарафидан келтирган барча хабарларга тил билан иқрор бўлиб, дил билан тасдиқлашга иймон дейилади. Яъни Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифлар орқали Оллоҳ, тўғрисида, жаннат, дўзах, қиёмат кабилар ҳақида берилган хабарларга ишонч-иймондир. Маънавий-ахлоқий фазилат сифатида эса иймон фақат одамзотгагина хос руҳий ҳодиса жумласига киради.
ИНСОНПАРВАРЛИК - (“инсон” – арабча “парвар” - форс-тожикча “лик” – ўзбекча – кишига ғамхўрлик, гуманизм ) – одамзоднинг қадри, унинг эркинлиги, қобилиятлари ҳар томонлама намоён бўлиши учун курашиш, инсоннинг бахт-саодати, тенг хуқуқлилиги, адолатли ҳаётни таъмин этишга интилиш, инсонийликнинг барча тамойиллари юзага чиқишига шарт-шароитлар яратиш маъносини англатади. Инсонпарварлик бу ўзбек халқи миллий руҳиятининг ажралмас фазилатидир.
ИСТИҚЛОЛ - ҳар бир инсон, жамоа, давлат, миллатнинг ривожланиши учун зарур эркинлик шароити. “Истиқлол” сўзи бошқаларга тобе бўлмай, ўз эрки билан яшаш, ўзини-ўзи идора қилиш, эркинлик маъносини билдиради. “Истиқлол” сўзи “Мустақиллик” сўзига нисбатан бирламчидир. “Истиқлол” сўзи бошқаларга тобе бўлмай, ўз эрки билан яшаш, ўзини ўзи идора қилиш, “эркинлик” маъносини билдиради. Истиқлолга эришган Ўзбекистон халқи мустақилликка эришди.
Do'stlaringiz bilan baham: |