КОНСТИТУЦИЯ (лотинча “Конституцио” – тузилиш, тартиб) – давлатнинг асосий қонуни.
КОМИЛ ИНСОН – тушунчаси маънавий баркамол инсон тушунчаси билан ҳамоҳангдир. Маънавий баркамолликка эришмай комил инсон даражасига етиш мумкин эмас. Демак, маънавий баркамолликка интилиш - бу комил инсон даражасига эришиш учун интилишдир. Комилликка инсон бутун умри давомида эришиб боради.
КАМТАРЛИК – одамни безайди, обрўсини оширади, дўстларини кўпайтиради. Камтарлик инсон ички маънавий дунёсининг намоён бўлишидир. Агар инсоннинг қонида, қалбида юмшоқлик, саховат, одоб-андиша, шарм-ҳаё, ор-номус, орият бўлмаса, минг ҳаракат қилмасин, барибир, одамлар кўзига камтар бўлиб кўрина олмайди.
МАДАНИЯТ – кишиларнинг табиатни, борлиқни ўзлаштириш ва ўзгартириш жараёнида яратган моддий, маънавий бойликлар ҳамда бу бойликларни қайта тиклаш ва бунёд этиш йўллари ва услублари мажмуи.
МАДАНИЯТЛИ ОДАМ – ўқимишли, замон талаблари асосида кийиниш ва муомала меъёрларига амал қилувчи, ахлоқ нормаларига тўла амал қиладиган, илғор фалсафий ғояларга эга бўлган, жаҳон маданияти дурдоналаридан хабардор бўлган шахсга айтилади.
МАФКУРА – (арабча – фикрлар мажмуи) ижтимоий жараёнлар маъно - мазмунини англашни ва унинг бошқариш усулини билишни даъво қиладиган, онг ва хатти-ҳаракатни йўналтирадиган идеаллар, қадриятлар мақсадлар, қарашлар йиғиндисидир. У маълум мақсадни ва унга эришиш усулларининг ҳақиқийлигига, амалга ошириш мумкинлигига ишонч туғдиради. Унда манфаатлари ифодаланадиган куч ва қатламларнинг ўтмиши, бугунги куни ва истиқболлари ҳақидаги тасаввурлари ўз ифодасини топади.
МАЪНАВИЙ БАРКАМОЛ ИНСОН – комил инсон тушунчаси билан ҳамоҳангдир. Айни вақтда маънавий баркамол инсон тушунчаси соғлом авлод тушунчаси билан ҳам боғланиб кетади. Илмий адабиётларда бу тушунчалар алоҳида-алоҳида ишлатилса-да, моҳиятан уларнинг ҳаммаси инсон ахлоқи ва одобини, уларда шаклланган барча ижобий хислатларни, уларнинг инсонларга, жамиятга ва Ватанга бўлган муносабатларидан тортиб, токи оилага, ота-онага ва бошқаларга муносабатларининг барча қирраларини қамраб олади.
МАЪНАВИЯТ – кишиларнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, ахлоқий, диний тасаввурлари ва тушунчалари мажмуидир. Маънавият инсоннинг бутун умри давомида унинг кучига куч қўшадиган, идрок ва ақл заковатини кенгайтирадиган ва мустаҳкамлайдиган воситадир. Маънавият жамият тараққиёти, миллат камолоти ва шахс баркамоллигини белгилаб берувчи асосий мезонлардан бири ҳисобланади. Чунки, маънавият ривожлангандагина жамиятда иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий барқарорлик вужудга келади, ҳамда мамлакат ва миллат тараққий этади.
МАЪРИФАТ – билиш, билим, таниш ва маълумот, - деган маънони англатади. Инсониятнинг бир жамиятдан иккинчи жамиятга, бир тарихий даврдан иккинчи бир янги тарихий даврга ўтиши маърифатпарварликдан бошланади. Таълим–тарбия, иқтисодий, сиёсий, фалсафий диний ғоялар мажмуи асосида кишиларнинг онг – билимини, маданиятини ўстиришга қаратилган фаолият. “Маърифат” тушунчаси “маънавият” ва “маданият” тушунчалари билан чамбарчас боғлангандир; маърифат тарихи жамият тарихининг ажралмас қисмидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |