Модель тушунчаси лотинча modulus (ўлчов, нусха, норма)дан бошланиб, modus (усул, образ) сўзи билан боғлиқ. У тадқиқотчи ва уни қизиқтираётган тадқиқот объекти билан боғловчи – объект “воситаси”, образи сифатида иштирок этади. Фанда модель деганда, борлиқнинг унга айнан ўхшашлиги (нусхаси) тушунилади1. Кўтарилган масалани батафсил ўрганиш учун “модель” иборасига аниқлик киритиб олиш лозим. Чарльз Лейв ва Жеймс Марчнинг ўз ишларида берган таърифига мурожаат қиламиз: “Модель – дунёнинг соддалаштирилган қиёфасидир. У мавжуд воқеликнинг айрим хусусиятларини қамраб олади. Улар воқелик ҳақидаги кўплаб ўзаро боғланган тасаввурларни ўзида мужассам этади. Ҳар қандай манзара каби модель ўз моҳиятига кўра ифодалаётган ва тушунтираётган воқеалардан кўра оддийроқдир”2. В.А. Штоф эса қуйидаги таърифни берган: Модель деганда тизимнинг фикран ифодаланаётган ёки моддий жиҳатдан рўёбга чиқарилиши тушунилади, улар объектни ифодалайди ва тасвирлайди, яъни уни ўрганиш бу объект тўғрисида янги маълумотларни беради3. Ю.М. Плотинскийнинг ёзишича: “Модель – моделлаштирилаётган жараён ва воқеаларни бошқаришга мосланган концептуал воситадир. Унда олдиндан айтиш, прогноз (башорат) қилиш вазифалари бошқарув мақсадларига хизмат қилади”4.
Юқорида кўрсатилган таърифлар асосида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
1) ўрганилаётган ҳодисанинг модели мушоҳадага асосланган, шунингдек, аниқ лойиҳаланган, яъни моддий ҳам бўлиши мумкин;
2) модель ўрганилаётган ҳодисани, албатта, аниқ тасвирлаши шарт эмас;
3) моделнинг асосий вазифаларидан бири – ўрганилаётган ҳодиса тўғрисида ахборот олиш ва унинг ривожланишини башорат қилишдан иборат.
Шундай қилиб, модель деганда, объектив воқеликдан қандайдир даражада фарқ қилувчи ўрганилаётган ҳодиса, унинг сифати, хусусиятлари ва хулқ-атвори доирасидаги маълум абстракция тушунилади. Тузилган модель кўрилаётган ҳодисани юзаки ифодалайди, лекин унинг аҳамиятини камайтирмайди. Амалиётнинг кўрсатишича, яъни, ўрганилаётган ҳодисаларнинг қайси хусусиятларига эътибор бериш зарурлиги ёки қайсиларига эътибор бермаслик, шунингдек, ижтимоий-сиёсий фаолиятдаги барча таваккалчиликларни истисно қилишни иложи йўқ, шунинг учун ҳам уларни соддалаштиришда тадқиқотчи ўзининг ички ҳисларига таяниши лозим. Яъни ҳар бир аниқ вазиятда абстракция (мавхум тушунча) ва аниқлик ўртасидаги нозик қирраларни топиш керак. Аниқ моделлар жисмоний (аслидан олинган), аниқ замон ва маконда мавжудлари, абстрактлари эса математик моделлар ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |