Моделлаштириш тадқиқот усули бўлиб, мавжуд тадқиқот объекти моделлари (нусхаси)нинг тузилишини ўрганишга асосланган.
Мавжуд объектнинг онгдаги инъикоси бўлган ҳар қандай сўз, ҳар қандай нусха модель ҳисобланади. Демак, моделлаштиришни барча йўналишларда амалга ошириш мумкин. Инсоният бир неча юз йиллар давомида онгли равишда, гарчанд назарий асосланмаган бўлса ҳам қурилиш, меъморчилик, техника ва бошқа соҳаларда моделлаштириш жараёнидан фойдаланиб келган.
Тадқиқотчи моделлаштириш жараёнини бошлашда, у қандай модель қурмоқчи эканлигини аниқ тасаввур этиши зарур. Кўплаб моделлар мавжуд, лекин уларнинг ҳеч бирини тўлалигича универсал деб, эътироф этиш мумкин эмас. Одатда, қуйидаги моделлар намунали гуруҳ сифатида ажратилади:
- статик (масалан, объектни кўндалангига кесими) ва динамик (ўткинчи муҳити);
- детерминистик ва стохастик;
- дискрет ва узлуксиз
- натурал, аналогик, рамзий5.
Умумий нуқтаи назардан қараганда, ҳар қандай сиёсий ҳодисанинг прогностик модели эҳтимолли бўлади. Чунки, юз бериши мумкин бўлган ҳодисаларнинг қайси бири содир бўлишини абсолют аниқликда таъкидлаш қийин. Якуний натижада бундай моделларни қуришда ҳар бир прогноз учун бундай воқеаларни кечишини белгиловчи эҳтимоллик бўлишини ва прогнозга мувофиқ равишда юз фоизлик натижа беришини ҳеч ким кафолатлай олмаслигини тушуниш зарур. Аммо моделларни яратиш жараёнига киришдан олдин бир қатор асосий жиҳатларни аниқлаб оламиз.
Моделлар мураккаб ва соддароқ вазифаларни тадқиқ этишда тузилади. Кўпчилик ҳолларда мураккаб вазифаларни тадқиқ этишда расмийлаштириш воситаларини қўлламасликнинг иложи йўқ.
Албатта, ижтимоий, жумладан, сиёсий соҳада моделлаштириш моддий, техник ва шунга ўхшаш объектларни моделлаштиришдан кескин фарқ қилади. Инсон, гуруҳ, катта ижтимоий гуруҳларнинг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатлари нафақат ички қонуниятлар, балки уларнинг ички ҳолати, кайфияти, қизиқишлари билан белгиланади. Сиёсий соҳада тадқиқот жараёнида у ёки бу даражада иштирок этаётган тадқиқотчининг буюртмачи томонидан маълум даражада йўналтирилган субъектив, шахсий сиёсий қарашлари ва интилишлари акс этади.
Барча ижтимоий - сиёсий жараёнлар сифат ва миқдор тавсифига эга. Бу сиёсий объектларни тадқиқ қилиш учун барча шаклдаги, жумладан, математик ва компьютер моделларини қўллаш мумкин. Лекин модель мавжуд жараённи акс эттириши, яъни тадқиқотчини қизиқтираётган кўламлар мажмуини аниқ ифода этиши учун ўрганилаётган объектнинг “хатти – ҳаракати”ни аниқ баҳолаш мақсадида моделлаштиришнинг асосланган тамойилларини, ўзига хос томонларини ҳисобга олиш лозим бўлади.
Муҳими, ҳеч қайси модель ўрганилаётган объектни тўла акс эттира олмаслигини эътиборда тутиш лозим. Чунки модель доимо объектга нисбатан соддароқ бўлади. Тадқиқотчи тўқнашадиган биринчи муаммо, уни қизиқтираётган моделни мужассамлашган ўзига хослигини аниқлаб олишдир. Моддий-техник объектлар модели ҳам унинг барча томонларини тўла ифодалай олмаганидек, сиёсий соҳада сиёсий вазият ва жараёнларни, жумладан, сайлов компанияси, ижтимоий-демографик вазиятлар ва бошқаларнинг модели ҳам объектнинг барча хусусиятларини ўзида бутунлай намоён эта олмайди.
Моделлаштиришнинг мақсади ҳамда уни боғлаб турувчи унсурлар муносабатидан келиб чиқиб, танланган тадқиқот предметига ҳамоҳанг равишда объектнинг тузилиши – унинг таркибини ташкил этувчи унсурлари ва хусусиятлари мажмуи аниқланади. Ушбу унсурлар мажмуи, хусусияти ва муносабатлари белгиланган объектнинг акс этиши талабларини таъминлаши ва сифат кўринишини ифодалаши керак. Мавжуд масаланинг барча соҳаларига дахлдор бўлган унсурлари ва кўламлари, уларнинг ўзаро алоқасини ҳисобга олиши зарур. Шунингдек, яна бир вазифа - объект билан ташқи муҳитнинг алоқасини назарда тутиш ва аниқлаш керак. Масалан, сайлов компаниясини моделлаштирилаётганда оммавий ахборот воситалари, сиёсий партия ёки сиёсий элита номзодининг нуқтаи назари (позицияси) ва бошқаларни эътибордан қочирмаслик лозим.
Моделни оқилона ва сифатли шакллантиришнинг мажбурий зарурияти, ушбу масалага ҳар томонлама, барча хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ёндашишни тақозо этади. Бу билан моделлаштиришнинг баъзи бир тамойиллари боғлиқдир. Бу, аввало, моделлаштириш билан алоқадор тушунчаларни тадқиқот жараёнига мослаштириш, белгиланган қоидаларга бўйсунувчи барча унсурлар ва бир-бирига ўзаро таъсир этиши билан боғлиқ хатти-ҳаракатларни аниқлаш ва расмийлаштиришдан иборат. Ундан ташқари, тадқиқот давомида объектдаги мавжуд ҳолатнинг кўламларида жиддий ўзгаришлар бўлмаслигига асос бўлувчи, яъни сиёсий вазиятнинг барқарорлиги зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |