Моделлаштириш сиёсий жараён ва стратегик таҳлилларни ўрганиш усули сифатида ҳар қандай фаннинг муҳим муаммоларидан бири – методология ва усуллари муаммосидир, уни ҳал этилиши эса янги билимларни олиш ва уни амалий фаолиятга қўллаш имконини беради. Шу билан бирга, у анчагина мураккаб муаммо бўлиб, ўз объекти бўлган фанни ўрганишни амалга оширади ва бундай ўрганишнинг якуни ҳисобланади.
Метод иборасини тушунишнинг бир хил эмаслиги шундан келиб чиқади. У усуллар жамламасини, фаннинг ўз предметини тадқиқ этиш воситаси ҳамда мавжуд билимларнинг мажмуасини билдиради.
Ижтимоий фанларда, шунингдек, сиёсатшунослик ва сиёсий социологияда сиёсий жараёнлар параметри (кўлами)ни тадқиқ этиш учун эмпирик (тажриба) усулидан кенг фойдаланилади. Ушбу усулдан сиёсий партиялар мавжудлиги, ижтимоий фикр, сиёсий маданият, сиёсий коммуникация ва ОАВ, халқаро муносабатлар ва бошқа турли йўналишларни ўрганишда фойдаланилади.
Сиёсий жараёнларни ўрганишда социологик фанларнинг барча услубий имкониятлари: ҳужжатларни таҳлил қилиш, кузатиш, сўров, социометрик ва бошқа усуллардан фойдаланилади. Моделлаштириш усули объект, вазиятнинг сунъий, идеал тасаввурини қуриш билан боғланган бўлиб, уни ифода этувчи муносабат ва унсурлар, реал сиёсий жараёнлар муносабати ва унсурларига ўхшашдир.
Кўпчилик олимларнинг фикрича, ижтимоий-сиёсий жараёнларни моделлаштиришнинг бошланишига Л. Ричардсоннинг 1919 йилда чоп этилган «Урушнинг математик психологияси» асарида асос солинганлиги таъкидланган6. Шундан бери, моделлаштириш ўз ривожланиши жараёнида кўп босқичларни босиб ўтди.
Сиёсий жараёнларни моделлаштиришга илк бор уринишлар электрон ҳисоблаш машиналар (ЭҲМ) пайдо бўлиши билан бошланган. 1950 йилларда бундай моделлаштириш бир қатор Америка университетлари ва машҳур “Rand Corporation”да Пентагон ва АҚШ давлат департаменти буюртмасига биноан амалга оширилган. Дастлаб бу йўналишдаги тадқиқотлар қатъий равишда маҳфий характерга эга бўлган, аммо ғоят жадаллик билан тор мавзулар соҳаларида олиб борилган компьютерда моделлаштириш тажрибаси америкалик, шунингдек, европалик ва япониялик олим-сиёсатшунослар томонидан турли тадқиқотларда очиқ қўлланила бошлади ва бу эса ундан фойдаланишнинг йўналиши ва соҳаларини аста-секин кенгайтириб борди7.
Сиёсий фанларда моделлаштиришнинг, хусусан, математик моделлаштиришнинг тезлик билан жорий этилишига олдин иқтисодчилар томонидан фойдаланилган усулларни кенг қўлланилиши асос бўлди. Сиёсатшунослик ва иқтисоднинг ўзаро алоқадорлиги олдиндан анъанага эга бўлган, бунда, қарорлар қабул қилиш назарияси эътиборда тутилмоқда, улар кўпинча иқтисодий таҳлил натижаларидан фойдаланилган. Ф.А. Шродт адолатли тарзда таъкидлаганидек, яъни иқтисодий ва сиёсий жараёнлар муҳим ташкил этувчи сифат “рационаллик” (яъни мақсадга мувофиқлик)ни ноаниқ, муайян чекланган ва жиддий рақобатчилик шароитида қарорлар қабул қилишни ўз ичига қамраб олади8. Айнан иқтисодий жараёнларни моделлаштириш тажрибаси политологияга, масалан, регрессив, кореляция ва дисперсив усуллар кириб келган. Шу ўринда ижтимоий жараёнларни ўрганиш учун ижтимоий танлов ва моделлаштиришнинг мослаштириш усулини яратган А. Даунс номини эслаб ўтиш зарур.
Сиёсий жараёнларни моделлаштириш соҳасида эришилган тажриба ва жиддий ютуқлар кейинчалик сиёсатшуносларга иқтисодчилардан “қарзини узиш” имконини берди. Сиёсий тадқиқотлар давомида топилган алоҳида усул ва методлар соф иқтисодий таҳлилларда фойдаланила бошлади. Яъни бугунги кунда маркетинг ва реклама соҳасидаги жиддий изланишлар, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий кучларнинг жойлашишини эътиборга олмасдан олиб борилмайди.
Моделлаштириш усулларини қўллаш амалий-сиёсий тадқиқотларни амалга оширишга кўмаклашади. Шу билан бирга, моделлаштириш усуллари ҳақида тасаввурнинг кенгайишига, назарий қоидаларнинг ривожланишига ёрдам берди. Шу ўринда В. Шродт, Р. Шэннон, Ч. Лэйва, Дж. Марча, К. Паттон ишларини эслаб ўтиш мумкин9. Бундан ташқари, рационал танлов назариясининг такомиллашиши ҳам давом этди. Г.Саймон моделлаштириш соҳасида танилган мутахассис, чекланган рационаллик концепциясини асослаган ва моделлаштириш усули ёрдамида рационал танлов парадигмаси (ўзгартирилган сўз, конструкцияни шаклий тизими)ни қўллаш имкониятини намойиш этган ҳисобланади. В. Райкер, М. Олсон, Дж. Бьюкенен, Г. Таллок асарларида ўйинлар назарияси ишлаб чиқилди10.
Ижтимоий фанларда моделлаштиришни қўллаш асосларини тизимли ёндашув асосида ўрганиш Р. Аккоффа, И. Блауберг, Э. Мирский, В. Садовский, Е. Морозов, Э. Наппельбаум ва бошқаларнинг асарларида ишлаб чиқилди11.
Электрон ҳисоблаш машиналарининг пайдо бўлиши билан моделлаштириш ўз ривожланиши учун янги туртки олди. Энди моделлаштириш мураккаб ва кўп вақт оладиган муолажа бўлмай қолди ҳамда ижтимоий ва сиёсий жараёнларни тадқиқ этиш учун янада кенгроқ имкониятга эга бўлди.
Россиялик олимлар (В.Б. Тихомиров, Г.И. Яковлев, А.А. Дегтярев, Ю.М. Плотинский, О.Ф. Шабров ва бошқалар)томонидан ҳам сиёсий ва стратегик моделлаштириш назарияси бўйича ғарбдагидан камроқ бўлса ҳам, ўзига хос ишланмалар тайёрланган12. Кейинги йилларда россиялик мутахассислар томонидан ижтимоий-сиёсий жараёнларни моделлаштириш бўйича бир қатор илмий асарлар ва ўқув қўлланмалар чоп этилди13.
Ўзбекистонда эса сиёсий фанларда моделлаштириш усуллари амалиётда ҳозиргача атрофлича қўлланилмаган. Яъни уларда жараёнларни вербал (оғзаки, сўз билан) баён қилиш билан чекланилган. Алоҳида қўлланма сифатида А.А. Ғофуров томонидан чоп этилган «Политометрия» китобини келтириш мумкин. Унда ижтимоий жараёнларда математик моделлаштириш, тенглама ва тенгсизликлар тартибидаги моделлар тузиш масалаларига кўпроқ муносабат билдирилган. Шунингдек, китобда ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг концепциялари, ижтимоий хулқ-атвор мотивларининг мазмуни ва тарихий эволюцияси, параметрлаш, математик моделлари, политометриянинг асослари каби масалалар режага киритилганлиги, лекин улардан амалда фойдаланиш учун тавсияларнинг етишмаслиги кузатилади.14.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, дастлабки вақтларидаёқ, мамлакат келажаги ва ривожланишининг асосий йўналишлари, “Ўзбек модели”нинг умумназарий ва концептуал жиҳатлари Ислом Каримов асарларида атрофлича ёритиб берилди15.
3. Моделларнинг илмий тушунчаси, моделлаштиришнинг назарий ва амалий асослари.
Модель тушунчаси. Моделлшатириш усули моҳияти. Моделларнинг асосий турлари