VII.4. АСОСИЙ ВОСИТАЛАР ВА БОШҚА АКТИВЛАРНИНГ ЧИҚИБ КЕТИШИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ. Асосий воситаларнинг ҳисобдан чиқарилиши қуйидаги ҳолларда юз беради:
Бошқа давлат корхоналарига юқори ташкилот рухсати билан қайта тақсимлаш тарзида нақд пулсиз берилиши;
Бошқа корхона ва ташкилотларга сотилиши;
Тўла эскириши, табиий офат натижасида ва бошқа сабабларга кўра ҳисобдан чиқариш.
Асосий воситаларнинг ҳисобдан чиқарилиши ОС-1 ва ОС-3, ОС-4 шаклларидаги қабул қилиш топшириш актлари билан расмийлаштирилади.
Корхонага тегишли асосий воситалар ва бошқа активларнинг сотиш ва бошқа тарзда чиқиб кетишлари (тузатилиши, ҳисобдан чиқарилиши, текинга берилиши ва ҳоказо) ҳақидаги маълумотлар қуйидаги ҳисобварақларда акс эттирилади:
9210 - «Асосий воситаларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар»
9220 - «Бошқа активларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар»
9210 - «Асосий воситаларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағининг дебети бўйича асосий воситалар чиқиб кетган объектларининг бошланғич қиймати, шунингдек, асосий воситаларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ бўлган (биноларни, иншоатларни бузиш, машина ва ускуналарни қисмларга, бўлакларга ажратиш) чиқимлари акс эттирилади.
9210 - «Асосий воситаларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағининг кредитига асосий воситалар объектларининг сотишдан олинган тушумлар ва фойдаланиши мумкинлиги ҳамда сотилишини баҳолашда уларни ҳисобдан чиқарилишидан тушган моддий бойликларнинг қиймати, шунингдек, асосий воситаларнинг чиқиб кетган объектлари бўйича чиқиб кетиш пайтида ҳисобланган эскириш суммалари киради. Асосий воситаларни сотишдан олинган тушумлар 9210 - «Асосий воситаларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағининг кредити бўйича 4010 - «Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган тўловлар» ҳисобварағи билан корреспонденциялаштирилиб акс эттирилади.
9210 - «Асосий воситаларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағи бўйича дебет қолдиғи (зарар) жорий ҳисобот даврида 9430 - «Бошқа операцион ҳаражатлар» ҳисобварағига ёзилади, бу ҳисобварақ бўйича кредит қолдиғи (фойда) эса 9310 - «Асосий воситаларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлардан олинган фойда» ҳисобварағига ёзилади.
Асосий воситалар объектларини молиявий лизингга берилишида юзага чиқадиган ва келгувси даврларнинг даромадига тааллуқли бўлган 9210 - «Асосий воситаларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағи бўйича фойда ва зарарлар, 6230 - «Бошқа муддатли узайтирилган даромадлар» ҳисобварағига ёзилади.
Асосий воситалар объектларининг камомади ёки шикастланиши натижасида ишдан чиқиши ҳолларида унинг бошланғич қиймати 9210 - «Асосий воситаларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағининг дебетига, ҳисобланган эскириш суммаси эса ўша ҳисобварақнинг кредитига ёзилади. Асосий воситаларнинг камомади сифатида акс эттириладиган қолдиқ қиймат 9210 - «Асосий воситаларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағининг кредити бўйича, 5910 - «Камомад ва бойликларга етказилган зарардан йўқотишлар» ҳисобварағи билан боғланган ҳолда ёзилади. Кейинчалик бу суммалар 4730 - «Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзлари» ҳисобварағининг дебетига ўтказилади.
Камомад ёки бузилиши натижасида ишдан чиқишининг аниқ айбдорлари аниқланмаган ҳолда, ушбу сумма 5910 - «Камомад ва бойликларга етказилган зарардан йўқотишлар» ҳисобварағида қолади.
9220 - «Бошқа активларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағининг дебети бўйича чиқиб кетаётган бойликларнинг баланс қиймати, шунингдек бу билан боғлиқ ҳолда келиб чиққан сарфлар акс эттирилади.
9220 - «Бошқа активларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағининг кредитига бойликларни сотишдан олинган даромад, яъни сотилган мулк учун корхонага тегишли бўлган суммалар киради. Номоддий активларнинг объектлари ва бошқа буюмларнинг сотилишида ва чиқиб кетишида 9220 - «Бошқа активларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағининг кредитига, шунингдек, бу объектлар бўйича ҳисобдан чиқариш пайтигача ҳисобланган эскириш суммаси ҳам, номоддий активлар ҳисобининг мос ҳисобварақлари билан боғланган ҳолда акс эттирилади.
9220 - «Бошқа активларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағи бўйича дебет қолдиғи (зарар) 9430 - «Бошқа операцион ҳаражатлар» ҳисобварағига, кредит қолдиғи (фойда) эса 9320 - «Бошқа активларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлардан олинган фойда» ҳисобварағининг кредитига ёзилади.
1-мисол. Чиқиб кетаётган транспорт воситалари бўйича ҳисобланган эскиришнинг акс эттирилиши:
Д-т 0260 - «Транспорт воситаларининг эскириши» ҳисобварағи
К-т 9210 - «Асосий воситаларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқариш» ҳисобварағи
2-мисол. Номоддий активларни ҳисобдан чиқаришдан корхона фойда олди:
Д-т 9220 - «Бошқа активларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар» ҳисобварағи
К-т 9320 - «Бошқа активларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлардан олинган даромадлар» ҳисобварағи