VII.6. ДАВР ҲАРАЖАТЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ.
Давр ҳаражатлари - бу маҳсулот ишлаб чиқариш технологик жараёни билан тўғридан - тўғри боғлиқ бўлмаган ҳаражатлардир.
Маҳсулот ишлаб чиқариш технологик жараёни билан тўғридан - тўғри боғлиқ бўлмаган ҳаражатларга сотиш бўйича ҳаражатлар, бошқарув ҳаражатлари, бошқа операцион ҳаражатлар мисол бўлади.
Давр ҳаражатларини ҳисобга олиш учун қуйидаги ҳисобварақлар мўлжалланган:
9410 - «Сотиш бўйича ҳаражатлар»
9420 - «Маъмурий ҳаражатлар»
9430 - «Бошқа операцион ҳаражатлар»
9440 - «Солиқка тортиладиган базадан чегириладиган ҳисобот даври ҳаражатлари»
Давр ҳаражатларининг таркиби «Ишлаб чиқарилган ва сотилган маҳсулот (иш, хизматлар) бўйича ҳаражатлар таркиби ва молиявий натижаларни шакллантириш тўғрисидаги Низом», ҳамда 4 - «Товар моддий заҳиралар» номли Бухгалтерия Ҳисобининг Миллий Стандартига мувофиқ тартибга солинади.
9410 - «Сотиш бўйича ҳаражатлар» ҳисобварағида маҳсулотни сақлаш ва ташиш ҳаражатлари; реклама ва сотишга ёрдам бериш ҳаражатлари; ўраш, навларга ажратиш, идиш ҳаражатлари; сотиш билан боғлиқ ходимларга иш ҳақи ҳаражатлари; бошқа савдо ҳаражатлари ҳисобга олинади.
9420 - «Маъмурий ҳаражатлар» ҳисобварағида корхонани бошқариш бўйича ҳаражатлар; умуммаъмурий аҳамиятдаги асосий воситаларни таъмирлаш ҳаражатлари; умумхўжалик аҳамиятидаги иморат ва иншоатларнинг ижара тўловлари; ахборот, аудиторлик, маслахат хизматлари ҳаражатлари; бошқа сарфлар ҳисобга олинади.
9430 - «Бошқа операцион ҳаражатлар» ҳисобварағида илмий-тадкикот ва конструкторлик тажриба ишларига сарфланган ҳаражатлар; бошқарув тизимини ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳаражатлари; ходимларга моддий ёрдам ҳаражатлари; табиий камайишдан йўқотишлар; суд ҳаражатлари; ишлаб чиқариш жараёни ҳамда молиявий фаолият билан боғлиқ бўлмаган хўжалик фаолият мобайнидан вужудга келувчи бошқа сарфлар ҳисобга олинади.
9440 - «Келгувсида солиқка тортиладиган базадан чегириладиган ҳисобот даври ҳаражатлари» ҳисобварағида янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ҳаражатлар; оммавий ёки серияли ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги технологик жараёнларни узлаштиришга хизмат кўрсатиш ҳаражатлари; қазиб олиш тармокларидаги тайёргарлик ишлари ҳаражатлари; бошқа ҳаражатлар ҳисобга олинади.
Келгувсида солиққа тортиладиган базадан чегириладиган ҳисобот даври ҳаражатлари ҳаражатлар таркиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ тартибга солинади.
Давр ҳаражатларини ҳисобга олишда қуйидаги ҳисобварақлар ташкил этилиши мумкин:
1. 9410 - «Сотиш бўйича ҳаражатлар» ҳисобварағи бўйича:
9411 - «Сақлаш ва ташиш ҳаражатлари»
9412 - «Реклама ва сотишга ёрдам бериш ҳаражатлари»
9413 - «Ўраш, навларга ажратиш ва идиш ҳаражатлари»
9414 - «Меҳнатга хақ тўлаш ҳаражатлари»
9415 - «Меҳнат ҳақи жамғармасидан ажратмалар»
9419 - «Бошқа сотиш ҳаражатлари»
2. 9420 - «Маъмурий ҳаражатлар» ҳисобварағи бўйича:
9421 - «Меҳнатга хақ тўлаш сарфлари»
9422 - «Меҳнат ҳақи жамғармасидан ажратмалар»
9423 - «Маъмурий аҳамиятдаги асосий воситаларнинг эскириши»
9424 - «Маъмурий аҳамиятдаги асосий воситаларнинг ижара ҳаражатлари»
9425 - «Маъмурий аҳамиятдаги асосий воситаларни суғурта қилиш ҳаражатлари»
9426 -«Маъмурий аҳамиятдаги номоддий активларнинг эскириши»
9427 - «Ташкилотларни асраш ҳаражатлари»
9429 - «Бошқа маъмурий ҳаражатлар»
3. 9430 - «Бошқа муомалавий ҳаражатлар» ҳисобварағи бўйича:
9431 - «Асосий воситаларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар натижасида кўрилган зарарлар»
9432 - «Бошқа активларни сотиш ва бошқа ҳисобдан чиқаришлар натижасида кўрилган зарарлар»
9435 - «Товар моддий қийматликлари баҳосини арзонлаштиришдан кўрилган зарарлар»
9439 - «Бошқа муомалавий ҳаражатлар»
Давр ҳаражатларини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар ҳисобот даврининг охирида 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағининг дебетига ёпилади.
1-мисол. Савдо ишларида фойдаланилаётган номоддий активларга эскириш ҳисобланди:
Д-т 9410 - «Сотиш бўйича ҳаражатлар» ҳисобварағи
К-т 0510 - 0590-«Номоддий активларнинг эскириши» ҳисобварақлари
2-мисол. Бошқарув ходимларига иш ҳақи ҳисобланди:
Д-т 9420 - «Маъмурий ҳаражатлар» ҳисобварағи
К-т 6710 - «Ходимлар билан иш ҳақи юзасидан ҳисоблашишлар» ҳисобварағи
VII.7. МОЛИЯВИЙ ФАОЛИЯТ ДАРОМАДЛАРИ ВА ҲАРАЖАТЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ.
Молиявий фаолиятдан олинадиган даромадларнинг ташкил топиши 2 - «Асосий хўжалик фаолиятидан келган даромад», 6-4 - «Лизинг ҳисоби», 12 - «Молиявий қўйилмалар ҳисоби» номли стандартлари билан тартибга солиб турилади.
Молиявий фаолиятдан олинадиган даромадларни ҳисобга олиш учун қуйидаги ҳисобварақлар белгиланган:
9510-«Роялти кўринишидаги даромад»
9520-«Дивидендлар кўринишидаги даромад»
9530-«Фоиз кўринишидаги даромад»
9540-«Валюта курсидаги фарқдан олинадиган даромад»
9550-«Узоқ муддатли ижарадан олинадиган даромадлар»
9560-«қимматли қоғозларни қайта баҳолаш бўйича даромадлар»
9590-«Молиявий фаолиятдан олинадиган бошқа даромадлар»
9510-«Роялти кўринишидаги даромадлар» ҳисобварағида роялти бўйича олинган даромадлар пул маблағларини ҳисобга олиш ҳисобварақлари билан корреспонденцияланган ҳолда ҳисобга олиб борилади.
9520-«Дивиденд кўринишидаги даромадлар» ҳисобварағида акциялар бўйича олинган дивидендлар ҳисобга олиб борилади.
9530-«Фоиз кўринишидаги даромад» ҳисобварағида узоқ муддатли ва жорий инвестициялар бўйича фоизлар кўринишидаги даромадлар акс эттирилади.
9540 - «Валюта курсидаги фарқдан олинадиган даромадлар» ҳисобварағида валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқларидан олинган даромадлар, шунингдек, чет эл валютаси билан бўлган муомалалардан олинган даромадлар акс эттирилади.
9550 - «Узоқ муддатли ижарадан олинадиган даромадлар» ҳисобварағида мулкни узоқ муддатли ижарага беришдан олинган даромадлар акс эттирилади.
9560 - «қимматли қоғозларни қайта баҳолаш бўйича даромадлар» ҳисобварағида қимматли қоғозларни қайта баҳолаш бўйича олинган даромадлар акс эттирилади.
9590 - «Молиявий фаолиятдан олинадиган бошқа даромадлар» ҳисобварағида юқорида келтирилмаган молиявий фаолият бўйича бошқа даромадлар ҳисобга олинади.
Ҳисобот даврининг охирида молиявий фаолиятдан олинадиган даромадлар ҳисобварақлари 9910 - «Якуний молиявий натижа» ҳисобварағининг кредитига ҳисобдан чиқарилади.
1-мисол. қарз мажбуриятлари бўйича фоизлар акс эттирилди:
Д-т 4830 - «Олинадиган фоизлар» ҳисобварағи
К-т 9530 - «Фоиз кўринишидаги даромадлар» ҳисобварағи
2-мисол. Филиаллар билан ҳисоблашишлар бўйича валюта курсининг ижобий фарқи акс эттирилди:
Д-т 4120 - «Шўъба ва қарам хўжалик жамиятларидан олинадиган тўловлар» ҳисобварағи
К-т 9540 - «Валюта курсидаги фарқдан олинадиган даромадлар» ҳисобварағи
Молиявий фаолият бўйича ҳаражатларни ҳисобга олиш.
Молиявий фаолият бўйича ҳаражатлар 2-сонли «Асосий хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар»; 6-сонли «Лизинг ҳисоби»; 12-сонли «Молиявий қўйилмалар ҳисоби» номли бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари билан тартибга солинади.
Молиявий фаолият бўйича ҳаражатлар қуйидаги бухгалтерия ҳисобварақларда ҳисобга олиб борилади:
9610 - «Фоиз кўринишидаги ҳаражатлар»
9620 - «Валюта курсларидаги фарқлардан кўриладиган зарарлар»
9630 - «қимматли қоғозларни чиқариш ва тарқатиш бўйича ҳаражатлар»
9690 - «Молиявий фаолият бўйича бошқа ҳаражатлар»
9610 - «Фоиз кўринишидаги ҳаражатлар» ҳисобварағида кредитлар ва қарзлар бўйича фоиз тўловларининг ҳаражатлари акс эттирилади.
«Фоиз кўринишидаги ҳаражатлар» ҳисобварағининг дебетида фоиз тўловларининг ҳаражатлари қисқа ва узоқ муддатли банк кредитлари, қарзлар, мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўловларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар билан корреспонденцияланган ҳолда ҳисобга олинади.
9620 - «Валюта курсларидаги фарқлардан кўриладиган зарарлар» ҳисобварағида пул маблағларини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар билан корреспонденцияланган ҳолда чет эл валюталаридаги муомалалар бўйича зарарлар ва салбий курс фарқлари акс эттирилади.
9630 - «қимматли қоғозларни чиқариш ва тарқатиш ҳаражатлари» ҳисобварағида қимматли қоғозларни чиқариш ва тарқатиш ҳаражатлари ўз аксини топади.
9690 - «Молиявий фаолият бўйича бошқа ҳаражатлар» ҳисобварағида қимматли қоғозларга, турли корхоналарга қўйилган материалларни қайта баҳолашдан кўрилган зарарлар ва молиявий фаолият билан боғлиқ бошқа ҳаражатлар ҳисобга олиб борилади.
«Молиявий фаолият бўйича ҳаражатлар» ҳисобварағи бўйича аналитик ҳисоб ҳар бир ҳаражат ва зарарлар турлари ва содир бўлган жойлари бўйича алоҳида юритилади.
1-мисол. Чет эл валютасида олинган қисқа муддатли қарзлар бўйича салбий курс фарқи акс эттирилди:
Д-т 9620 - «Валюта курсларидаги фарқлардан кўрилган зарарлар» ҳисобварағи
К-т 6820 - «қисқа муддатли қарзлар» ҳисобварағи
2-мисол. Йил охирида қимматли қоғозларнинг номинал ва сотиб олиш қийматлари ўртасидаги фарқнинг акс эттирилиши (сотиб олиш қиймати юқори):
Д-т 9620 - «Фоиз кўринишидаги ҳаражатлар» ҳисобварағи
К-т 0610 - «қимматли қоғозлар» ҳисобварағи
Do'stlaringiz bilan baham: |