САВОЛЛАРГА ОИД УСЛУБИЙ МАСЛАҲАТЛАР
“Можаро” рукни ва 1-саволга
Ўқитувчи ўқувчиларга можаронинг ижтимоий турини кўриб чиқишни таклиф қилиши, баъзан унинг тезда қуролли тўқнашувга айланиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари билан баҳсга қўшимча киритиши мумкин.
Ижтимоий можаро – бу ижтимоий муносабат турларидан бири бўлиб, у ўз манфаатларини амалга ошириш учун курашаётган алоҳида индивидлар ёки одамлар гуруҳининг тўқнашувидан иборат. Ўзининг мазмун-моҳиятига кўра, ижтимоий можаро ижтимоий муроса (консенсус), ҳамкорлик, гармония, ижтимоий тартиб каби тушунчаларга қарама-қаршидир. Узоқ келажакда амалга ошадиган можародан холи бўлган жамият ҳақидаги идеал моделлар ёки диний тасаввурлардан фарқли ўлароқ реалистик концепция тарафдорлари можаро ижтимоий ҳаётнинг йўқ қилиб бўлмайдиган ҳодисаси, у мусобақа, тортишув, ташаббускорлик кўринишида ўзининг “заиф” шаклида гавдаланадиган доимий унсури деб ҳисоблайдилар. Шунга мувофиқ равишда ижтимоий можаронинг турли шакллари, босқичлари ва низолашаётган томонлар қўллайдиган воситалар бир-биридан фарқланади: тўғридан-тўғри зўравонлик, мажбурлаш, алдов, ижтимоий можароларни бартараф этиш ва тотувликка эришишнинг зўравонлик билан боғлиқ бўлмаган усуллардан фойдаланишга мойиллик.
Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи амал қиладиган соҳада, яъни қуролли можаро ҳолатида зўравонлик даражасини камайтириш учун ўта шафқатсиз ва танламай таъсир қилувчи деб ҳисобланувчи кимёвий, бактериологик, лазерли ҳамда пиёдаларга қарши миналар каби қуролларни қўллашга қатъий тақиқлар ўрнатилган.
“Шафқатсизлик ва одамларнинг ўзаро муносабатлари” рукни ва 3-саволга
Ҳозирги вақтда можароларнинг сабаблари икки хил нуқтаи назардан ўрганилади. Баъзилар бу сабабларни онгли равишда тушуниб етилмаган, лекин инстинкт билан боғлиқ асосий эҳтиёжларнинг (ўз-ўзини сақлаш, ўзини намоён қилиш, овқатланиш, тураржой, кийим-кечак, эркинлик эҳтиёжлари, жинсий инстинкт) қондирилмаганлигида кўрадилар. Бошқалар ижтимоий можарони ҳукмронлик ва бўйсуниш муносабатларида ўрганиб, можароларни ҳокимият муаммоси билан боғлайдилар.
XIX аср Европа капиталистик жамияти учун тадбиркор ва ишчи ўртасида икки қутбли синфий можаро хос эди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ижтимоий ҳаёт янада кенгроқ миқёсли, мураккаб тузилишли, фақатгина саноат ишлаб чиқаришидан иборат бўлмай қолди. Ижтимоий можароларни ҳал етиш учун турли-туман институтлар пайдо бўлди (парламент демократияси, суд инстанциялари, турли комиссиялар). Улар ҳар хил ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларини мувофиқлаштириш механизмларини топишга, қонунийлик, турли гуруҳларнинг (этник, гендер, демографик) манфаатларини тан олиш тамойиллари асосида можароли вазиятларнинг олдини олишга қаратилди.
Ўрганиш учун қуйидаги саволларни ҳам тавсия этиш мумкин: Ижтимоий зўравонлик нима? Жамиятнинг тарихий ривожланишида унинг намоён бўлиш динамикаси қанақа бўлган? Ҳозирги замонда зўравонлик намоён бўлишининг хавфи нимада?
Ижтимоий зўравонлик жамиятда тажовузкорлик, бузғунчилик кўринишларининг ифодаси бўлиб, одамларни муайян ҳатти-ҳаракатларни содир этишга мажбур қилиш мақсадида бевосита ёки билвосита куч ишлатишни ёхуд куч ишлатиш билан таҳдид қилишни, бир хоҳиш-ироданинг бошқаси устидан, баъзан инсон ҳаётига хавф солувчи тарзда ҳукмронлик қилишни билдиради.
Ижтимоий муносабатларнинг ривожи, афсуски, зўравонлик имкониятининг доимий равишда ўсиб бораётганлигини кўрсатади. Ўтмишдаги анъанавий жамиятлардаёқ зўравонлик “бегона”га баъзан уни йўқ қилишгача бўлган бевосита реакция шаклида намоён бўлиб келган. Саноати ривожланган жамиятда биринчи сафга ақл-идрок, ахборот, юксак технологиялар ва ҳоказолар зўравонлик воситаларининг яширин шакллари сифатида чиқади. Янги давр Европаси анъаналарида куч ишлатиш аввало табиатга қаратилади (табиат куч билан таъсир ўтказиш ва инсонга бўйсундириш учун устахона сифатида кўрилади), кейин эса шундай куч ишлатиш амалиёти жамиятга кўчирилади. Натижада куч ишлатиш билан кечадиган ижтимоий инқилоб жамиятни қайта қуриш усули, ижтимоий тараққиёт омили ва зўравонликдан холи жамият қуриш йўли сифатида қаралади. XX асрда зўравонлик ва шафқатсизликнинг кенг миқёсда авж олиши зўравонликнинг ижтимоий-синфий талқини чекланганлигини ва унинг инсон табиати билан боғлиқ янада чуқурроқ сабабларини таҳлил қилиш зарурлигини кўрсатди. Инсонга хос бўлган зўравонлик шакллари намоён бўлишининг қуйидаги баъзи механизмлари очилди: организмнинг муҳитга инстинктив ҳимоя реакцияси сифатида, инсоннинг онгсиз интилишлари намоён бўлиши сифатида, инсонда ички тажовузкорлик мавжудлиги сифатида.
Тарих далолат берадики, зўравонлик бир қатор ҳолатларда асосли бўлса-да (масалан, босқинчиларга қарши курашиш вазиятида ва шу кабилар), у, охир-оқибат, бузғунчилик хусусиятига эга бўлади, жамият тушкунликка тушишига, инсон табиатининг салбий жиҳатлари намоён бўлишининг ўсишига, жамият тараққиётдан орқага қайтариб ташланишига ёрдам беради. Зўравонлик хатти-ҳаракатларининг кенг намоён бўлиши, айниқса, ҳозирги даврда жуда хавфлидир, чунки инсоният ўлим келтирувчи қурол-яроғларнинг, техник-технологик тизимларнинг улкан заҳирасига эга бўлди. Буларнинг қўлланилиши нафақат алоҳида олинган одамларнинг ҳаётига, балки бутун инсониятга хавф солади.
“Ўтмиш саҳифалари” рукнига
Ҳамма блоклар тарих курсидан ўрганилаётган даврга қадар ушбу минтақада бўлиб ўтган урушлар миқдори ва хусусиятлари, шунингдек шоира Нодиранинг ижоди ва ҳаёти тўғрисида аввал олинган билимларни ҳисобга олган ҳолда ўрганилади.
6-савол Савол ўқувчиларни низолашув вазиятлари тинчлик пайтида ҳамда уруш пайтида қай тарзда юзага келиши тўғрисида фикр юритишга ундаш учун мўлжалланган.
Саволнинг иккинчи қисми ортиқча шафқатсизлик устида фикр юритиш учун таянч бўлиб хизмат қилади. Дарс давомида ўқитувчи шафқатсизлик ва ортиқча шафқатсизлик тушунчаларининг моҳиятини муҳокама қилиш учун ўқувчиларнинг фикридан фойдаланади.
17-савол Жадвални тўлдиришнинг тахминий варианти
Ҳукмдор
|
Мақсад
|
Воситалар
|
Натижа
|
Умархон
|
- бойлик орттириш;
- ягона давлат барпо этиш.
|
- шаҳарлик 1213 кишини қатл қилиш;
- экинлар ва ўсимликларни ёқиб юбориш;
- ўратепаликларнинг асирга олиниши ва кўчирилиши.
|
- ҳар иккала давлат аҳолисининг Умархонга ва унинг қўшинига нисбатан нафрати;
- далаларнинг экин учун яроқсиз бўлиб қолиши;
- ҳосил йўқлиги сабабли аҳолининг оч қолиши.
|
Муҳаммад Али
|
- бойлик орттириш;
- ягона давлат барпо этиш.
|
- 70 минг қашқарликнинг асир олиниши ва кўчирилиши.
|
- ўч олиш ҳиссининг пайдо бўлиши.
|
Насрулло
|
- бойлик орттириш;
- ягона давлат барпо этиш.
|
- Қўқон ҳукмдори ва унинг барча оила аъзоларининг ўлдирилиши;
- Нодиранинг ваҳшийларча ўлдирилиши;
- Қўқоннинг 250 нафар ҳурматли кишиларини оила аъзолари билан ҳибсга олиш ва кўчириш.
|
- Насрулло қўшинларининг Қўқондан қувиб чиқарилиши.
|
ХУЛОСА ва жадвал (277-бет)
Do'stlaringiz bilan baham: |