ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ СУБЪЕКТЛАРИ
АСОСИЙ
МАХСУС
давлатлар
давлатга ўхшаш тузилмалар (Ватикан, Мальта ордени)
ўз тақдирини ўзи белгилаш учун курашаётган халқлар ва миллатлар
халқаро ноҳукумат ташкилотлар
халқаро (ҳукуматлараро) ташкилотлар
Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси
халқаро идоралар (трибуналлар, судлар, комиссиялар ва бошқалар)
трансмиллий (халқаро) корпорациялар
индивидлар
қўзғолон кўтарган ёки уруш қилаётган томонлар
Халқаро ҳуқуқ икки ёки ундан ортиқ халқаро ҳуқуқ субъекти хоҳишларининг (очиқ қувватланган ёки эътироз билдирилмаган ҳолда) мувофиқлаштирилиши орқали яратилади. Махсус субъектлар (Ватиканни ҳисобга олмаганда) халқаро ҳуқуқ меъёрларини яратиш қобилиятига эга эмас. Халқаро ҳуқуқнинг асосий манбалари (мавжудлик шакллари) халқаро шартнома ва халқаро одатлардир (ўқув қўлланмасининг 140-бетидаги чизмага қаранг).
БМТ Халқаро Суди4 Статутининг (Низомининг) 38-моддасида халқаро ҳуқуқнинг энг нуфузли манбалари рўйхати келтирилган. Асосий манбалардан ташқари, 38-модда ривожланган миллатлар томонидан тан олинган ҳуқуқнинг умумий тамойилларини ҳамда турли халқ вакилларига оид энг малакали халқаро мутахассисларнинг суд қарорлари ва доктриналарини ҳуқуқий меъёрларни таърифлашда ёрдамчи восита сифатида тилга олади.
11-мавзу. Ўзбекистон халқаро муносабатлар тизимида.
Ушбу мавзуни ўрганишда ўқитувчига Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” китобидан, БМТнинг 48 ва 50-сессияларида, Олий Мажлиснинг турли сессияларида, ШҲТга аъзо давлат раҳбарларининг саммитларида ва бошқа халқаро анжуманларда сўзлаган нутқларидан фаол фойдаланишни маслаҳат берамиз. Бу нутқларда халқаро аҳвол ва халқаро ҳаётнинг долзарб муаммоларига республикамизнинг муносабати ҳақида аниқ фикрлар айтилган.
“Бугун Ўзбекистон энг обрўли ва энг нуфузли халқаро ташкилотлар таркибига тўла ҳуқуқли асосда кирмоқда, барча қитъалардаги ўнлаб мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантирмоқда, йирик банк ва молия идоралари, нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”5.
Халқаро муносабатлар ҳақида гапириб, таниқли француз мутафаккири Тейяр де Шарден бундан ярим аср аввалроқ шундай деб ёзган эди: «Бир неча авлодлар давомида бизнинг атрофимизда геометрик прогрессияда кўпайиб борувчи ҳар хил иқтисодий ва маданий алоқалар юзага келди. Ҳозир нондан ташқари... ҳар бир одам ҳар куни ўзига тегишли темир, мис ва пахта, электр токи, нефть ва радий, кашфиётлар, кино ва халқаро янгиликлар улушини талаб қилади. Эндиликда ҳар биримизни таъминлаш учун фақат муайян дала майдони эмас… балки бутун Ер юзи талаб қилинади. Инсон бошқа инсонлар билан бирлашмаса, унинг келажаги йўқ”. Бу вақт ичида дунё жуда ўзгариб кетди. Мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги кескинлашиб кетган зиддиятлар бир неча бор ўрнатилган алоқаларнинг узилишига олиб келди. Алоқалар ва ўзаро боғлиқликнинг хусусиятлари ҳам ўзгариб борди, Яхши бўлиб кўринган кўп нарсалар айнан ёмонликка айланмаган бўлса ҳам, муаммога айланди. Юқорида келтирилган парча ушбу файласуф жуда муҳим фикрни аниқ айтганини кўрсатади: инсоният ўз бирлигини мустаҳкамламасдан, алоқа ва мулоқотларини кенгайтирмасдан, ривожлана олмайди.
Ҳозирги дунёда алоҳида кишилар, ташкилотлар ва давлатлар ўртасидаги интеграциявий алоқалар сезиларли равишда кучайиб бормоқда, улар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ўсиб бормоқда. Бу жараённи олимлар глобаллашув деб атайдилар. Глобаллашув ранг-барангдир, у жамият ҳаётининг турли соҳаларини қамраб олади.
Ушбу дарсни икки хил шаклда ташкил қилиш ва ўтказиш мумкин: а) ўқитувчи уни олдиндан тузган режаси бўйича бошидан охиригача ўзи ўтказиши мумкин; б) у бир гуруҳ ўқувчиларни олдиндан тайёрлайди, улар Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлар тизимидаги ўрни юзасидан бир неча асосий йўналишларни, масалан, иқтисод, сиёсат, маданият ва бошқа соҳаларни очиб берадилар. Бу гуруҳлар ўз чиқишларини кўргазмали материаллар билан тайёрлайдилар. Масалан, республикамизнинг 1993 йил май ойидан амал қилаётган ТРАСЕКА (Европа-Кавказ-Осиё транспорт коридори) дастуридаги иштироки ҳақида гапириб бериш мумкин. Бу дастур унга иштирокчи бўлган ҳар бир мамлакатдаги иқтисодий ривожланишнинг таркибий қисмига, ўзаро бирлашиш ва самарали ҳамкорликнинг қудратли воситасига айланди.
“Европа-Кавказ-Осиё” транспорт коридорини ривожлантириш бўйича ЕС-ТАСИС-ТРАСЕКА дастурининг иштирокчилари Озарбайжон, Арманистон, Болгария, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Ўзбекистон, Украина ва Туркманистон давлатларидир. ТРАСЕКАга асос солинганидан буён Ўзбекистон амалга оширилган 39 та техникавий ёрдам лойиҳасидан 28 тасида қатнашди. Булар асосан темир йўллар ва автомобил йўлларида юк ташиш, қонунчилик ва савдо соҳаларига оид лойиҳалардир. ТРАСЕКА дастури унинг транспорт тармоқлари фойдали қазилмалар ва энергия заҳираларига бой, уларни ўзлаштириш нуқтаи назаридан келажаги бор бўлган мамлакатларнинг ҳудудидан ўтганлиги муҳим аҳамиятга эга. Бу мамлакатларда транзитнинг ривожланиши, шубҳасиз, минтақаларда ишлаб чиқариш ва аҳоли бандлигининг ўсишига кўмак беради.
Шунингдек, дарсда бизнинг мамлакатимиз ҳам аъзо бўлган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳақидаги маълумотни тинглаш мумкин. ШҲТ Минтақавий антитеррор маркази Тошкентда жойлашган. Ўзбекистон Президенти И.А.Каримовнинг фикрича, ШҲТ фақат кучга таянувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи вазифалар билан чекланиб қолмаслиги лозим. Терроризмнинг ғоявий негизи ва манбаларини йўқ қилиш учун муаммога кенгроқ назар солиш, кенг кўламдаги, шу жумладан маънавий-маърифий, таълим ва тарғибот характеридаги чоралар мажмуи зарур бўлади.
Умуман олганда, ушбу дарсда ўқувчилар Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тўла ҳуқуқли аъзоси эканлиги ва жаҳон халқларининг фаровонлиги йўлида бутун дунёда тинчлик бўлиши учун барча чораларни кўраётганлиги ҳақида маълумот оладилар. Шу билан бирга ўқитувчи ўқувчиларнинг дунё миқёсидаги турли лойиҳаларда мамлакатимиз иштирокини кўрсатувчи ҳар хил статистик маълумотлардан фойдаланишга интилишларини ҳар томонлама рағбатлантириши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |