9-мавзу. Инсон ва жамиятнинг маънавий ҳаёти.
Ушбу мавзу 3-бобнинг якунловчи мавзуси бўлиб, уни ўргангандан сўнг ўқувчилар ҳозирги замон жамияти, ундаги муаммолар ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида умумий тасаввурга эга бўладилар. Муҳим томони шундаки, иқтисодий билим асослари билан бирга, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий соҳаларига оид билимлар ўқувчиларга уларнинг ўзаро таъсирлашув тенденцияларини тушуниб олишга имкон беради.
Мавзуни ўрганишда ўқувчиларнинг эътиборини маданият, фан, таълим, маънавият, диний тотувлик ва эътиқод эркинлиги каби муҳим қадриятларнинг ўзаро таъсирига қаратиш зарур.
Маънавий соҳада инсоннинг бошқа тирик мавжудотлардан муҳим фарқи бўлмиш маънавият (араб. “маънолар мажмуи”) вужудга келади ва амал қилади. Маънавий фаолият маънавий эҳтиёжларни, яъни кишиларнинг маънавий қадриятларни яратиш ва ўзлаштиришга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун амалга оширилади. Уларнинг орасида энг муҳими маънавий баркамолликка эришишга, гўзаллик туйғуларини қондиришга, атрофдаги оламнинг моҳиятини билишга бўлган эҳтиёждир. Маънавий қадриятлар тизими маънавий маданиятнинг ажралмас қисмидир.
Маънавий маданиятнинг ўзи эса санъат, фан, ахлоқ ва диннинг ўзига хос яхлитлигидир. Ўқув қўлланмасида бир неча бор таъкидланганидек, маданият (ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатлари) жамият ҳаётининг муҳим хусусияти бўлиб, ижтимоий мавжудот бўлмиш инсондан ажралмасдир, унинг ривожланганлик даражаси эса муайян тарихий тамаддун эришган ютуқни ифодалайди.
Шу ўринда шуни айтиб ўтиш лозимки, маданиятнинг қандайдир тўлиқ, ҳаммабоп таърифини ифодалаб бўлмайди (ўқув қўлланмасининг 17-бетида умумий таъриф берилган), чунки бу тушунча ортида инсон фаолияти, изланишлари, ҳис-туйғулари ва ҳоказолар билан боғлиқ чексиз олам яширинган. Ҳозирги замон маданиятшунослари бу тушунчанинг беш юздан ортиқ таърифини келтиришлари ҳам бежиз эмас.
Биологик жиҳатдан инсон маълум бир қобилиятлар, потенциал имкониятлари мавжуд организмга эга. Бу қобилиятлар муайян саъй-ҳаракатлар қилинмаса, ривожланмасдан қолиб кетиши ҳам мумкин. Немис файласуфи И.Г.Гердернинг таъкидлашича, биз “бутун умр давомида машқ қилиш” орқалигина инсон даражасигача тарбияланамиз. Таълим-тарбия, ўз устида ишлаш орқали тилни, жамиятда мавжуд бўлган одатлар, меъёрлар, ахлоқ ва фаолият усулларини ўзлаштириб, инсон маданиятни ўзига сингдиради, унда иштирок этади, сўнгра эса уни яратиш жараёнига қўшилади. Айнан маданиятда иштирок этиш даражаси унинг инсон бўлиб камол топиши кўламини, яъни инсондаги инсонийлик кўламини, меъёрини белгилайди. Меъёр эса муайян кўлам, чегара бўлиб, у ўзгарувчан ҳодиса ҳисобланади, у қотиб қолган ҳодиса эмас.Эҳтиёж туғилганда бу чегарани кўтариш, унинг ҳажмини ошириш мумкин, яъни Гердер айтганидек, бу "машқ" инсоннинг бутун ҳаёти давомида чўзилади.
Маданият инсонни инсон қилади – янада онгли, инсонпарвар, ахлоқли қилади, яъни унинг мавжуд турга хос моҳиятини шакллантиради. Кўпчилик атоқли мутафаккирлар инсон ҳаётининг мазмунини барча инсоний, маънавий нарсаларга қўшилиш орқали инсоннинг мана шундай ўзлигини топишида деб билганлар.
Ўқувчиларга маданий қадриятларни тўплаш ва сақлаб қолишнинг (маданиятни ривожлантиришнинг) иккита йўналишини кўрсатиш мумкин:
- мерос қилиб олиш – маданий қадриятларнинг бир авлоддан иккинчи авлодга ўтказилиши; маданий анъаналар – маданиятнинг энг барқарор томони (анъанавий қадриятлар, ғоялар, удумлар, одатлар ва ҳоказо);
- қадриятларнинг тўпланиши, ҳозирги замон цивилизацияси шароитида турли даврларда яратилган маънавий қадриятларнинг бир вақтда мавжуд бўлиши ва ўзаро таъсири.
Миллий ва байналмилал маданиятларнинг ривожланиш тенденциялари тўғрисидаги масала ҳам муҳим масаладир. Маданиятнинг миллий ривожланиш йўли, маданиятдаги миллий фарқлар – бу тарихий жараённинг, ҳар бир миллат маданияти такрорланмас бўлишининг туганмас манбаи бўлиб, дунё маданиятига алоҳида ранг-баранглик ва кўп ўлчамлилик бахш этади. Лекин мулоқот ҳар бир маданиятнинг ичида ҳам (унинг ўтмиши, бугунги куни ва келажаги бирлашиб кетганда), ҳар хил миллий маданиятлар ўртасида ҳам кечади. Шу тарзда маданият ривожланишининг бошқа тенденцияси – миллий маданиятларнинг ўзаро боғланиб кетиши ва бир-бирини бойитишига олиб келадиган миллатлараро ривожланиш тенденцияси намоён бўлади. Натижада умуминсоний маданий (айни пайтда маънавий) қадриятлар вужудга келади. Бир вақтнинг ўзида улар миллийлигини ҳам сақлаб қолади. Маданият фақат маданиятлар мулоқоти шароитидагина яшаши мумкин.
Дин маънавий маданиятнинг ажралмас қисми бўлиб, унинг бутун ривожланиш жараёнига улкан таъсир кўрсатган. Ҳозирги замонда диннинг ўрни ҳақидаги масалани ўрганиш педагогдан ҳушёрлик ва хушмуомалаликни талаб қилади, чунки динга муносабат, диний қарашлар кишининг ўта шахсий ишидир. Бу қарашлар шахс индивидуал онгининг муҳим қисми бўлиб, унинг хулқ-атворига, шахсий хислатларига, ички дунёсининг энг нозик қирраларига таъсир қилади.
Мактабда тарихни, жумладан “Жаҳон динлари тарихи” курсини ўқитишда динларнинг вужудга келиши ва моҳияти тўғрисида кенг кўламли маълумотлар қамраб олинганлиги сабабли, ўқитувчи ўқувчилардан бу маълумотларни такрорлашни сўраши мумкин.
Бундан қуйидаги хулосага келиб чиқади: дин вужудга келишининг ва диний фаолиятнинг чуқур руҳий ва ижтимоий сабаблари мавжуд бўлиб, улар динда ўзига хос устунликлар мавжудлигидан далолат беради.
Дин мураккаб хусусиятга эга. У ижтимоий онг шакли бўлиб, асрлар давомида сиёсий, ижтимоий ва маънавий ҳаётга жуда катта таъсир кўрсатиб келган. Дин инсоният ҳаётининг узоқ ўтмишида, кишилар эҳтиёжларида ўз илдизларига эга бўлиб, инсонга қараганда олий кучларга, ахлоқ қонунларига, маърифий, ижтимоий ва руҳий хусусиятга эга фаолиятга ишончни ўз ичига олади.
Жамоатчилик фикрининг суверен давлатимиз фуқароларини буюк ахлоқий идеаллар руҳида тарбиялашга йўллаши бутун таълим тизими олдига янги дунёқарашлар ва маънавий асосларни топиш муаммосини қўяди. Айни вақтда шуни унутмаслик керакки, реакцион диний мутаассиблар диндан ўзларининг сиёсий мақсадларига эришишда фойдаланмоқда. Дунёвий турмуш тарзини ва дунёвий қонунларни тамомила рад этиш турли кўринишдаги диний мутаассиблар ва экстремистларни бирлаштирадиган нарсадир.
Бу дарсда ўқитувчига шахснинг ички дунёси масаласини ёритиб ўтиш ва уни “Инсон – биоижтимоий мавжудот” мавзусининг материаллари билан боғлашни тавсия этамиз. Шу тарзда нафақат фанлараро (масалан, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари”, “Тарих”, “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанлари билан), балки фан ичидаги алоқаларни ҳам ташкил қилиш мумкин бўлади.
Ўқув қўлланмасида “маънавият” атамасининг таърифи ва мазмуни очиб берилади. Маънавиятнинг таърифидан у буюк қадрият эканлиги маълум бўлиб турибди.
“Қадрият” тушунчасининг ўзига келадиган бўлсак, бу борлиқ нарса ва ҳодисаларининг баъзи ижобий хислатлари, хусусиятлари бўлиб, инсоннинг уларни тўлиқ қабул қилиш ва намоён бўлишини жуда-жуда исташини таъкидлаш лозим.
“Қадрият мўлжаллари” – шахснинг ўз мақсади ёки ўз эҳтиёжларини қондириш воситаси сифатида гавдаланувчи моддий ва маънавий бойликларга нисбатан барқарор, ижтимоий белгиланган ва танланган муносабатидир.
Инсон қадрият мўлжалларининг индивидуал тизими шахсни ташкил этувчи муҳим қисмлардан биридир. У инсоннинг ҳаётий тажрибаси орқали яратилади ва мустаҳкамланиб боради. Бу тизим шахснинг мўътадиллигини, хулқ-атворнинг авлоддан-авлодга ўтишини таъминлайди, эҳтиёжлар ва манфаатлар йўналишини белгилайди.
Ҳозирги даврда жамиятимизда ҳар бир шахснинг ўз қадриятлари тизимига эга бўлиш ҳуқуқи қабул қилинса-да, биз, ҳар қандай жамиятда бўлгани каби, ўқувчилар муайян хулқ-атвор тамойилларига амал қилишларидан, маълум ахлоқий идеаллардан намуна олишларидан манфаатдормиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |