Ҳуқуқ – бошқарувнинг ижтимоий-сиёсий институти сифатида. Ҳуқуқнинг вужудга келиши ҳақидаги ғоялар ўзига хос хусусиятларга эга бўлса-да, давлатнинг келиб чиқишига доир қарашлар билан мустаҳкам алоқада. Ҳуқуққа доир ҳозирги қарашлар қуйидаги элементлар бўлишини кўзда тутади:
Ҳуқуқ – бу меъёрий ҳужжатларда (матнларда) баён этилган ўзаро боғлиқ ва ўзаро таъсир этувчи меъёрлар тизимидир;
Ҳуқуқ меъёрлари давлат томонидан чиқарилади, унда қонун даражасига кўтарилган давлат иродаси акс эттирилади;
Ҳуқуқ меъёрлари жамиятдаги энг муҳим муносабатларни бошқаради;
Ҳуқуқнинг ўзи ва унинг амалга оширилиши зарурий ҳолларда давлатнинг мажбур этувчи кучи орқали таъминланади;
Ҳуқуқий муносабатларнинг вужудга келиши, ҳуқуқий онгнинг таркиб топиши, ҳуқуқий фаолият меъёрларга боғлиқ бўлади.
Ҳуқуқ умумижтимоий моҳиятга эга. Ҳуқуқ шарофати билан “яхшилик” ҳаёт меъёрига айланади, “ёмонлик” эса ана шу меъёрнинг бузилиши сифатида тушунилади.
Хулоса. Ушбу мавзудан кутиладиган хулоса шундаки, ҳозирги замон жамиятида шахсни қуршаб турувчи меъёрий ҳудуд жуда кенгдир. Турли-туман одатлар, анъаналар, диний ва ахлоқий меъёрлар билан бир қаторда, шахснинг жамиятдаги ҳолатига сон-саноқсиз сиёсий меъёрлар, миллий ва халқаро ҳуқуқнинг қоидалари ҳам таъсир кўрсатади. Инсон бир пайтнинг ўзида сиёсатнинг ҳам субъекти, ҳам объекти, ҳуқуқнинг ҳам яратувчиси, ҳам ижрочиси ҳисобланади. Шунинг учун дарс якунланаётганда шахснинг сиёсий-ҳуқуқий мақоми масаласи тўғрисида бир неча оғиз сўз айтиш керак.
Ушбу категория умумлашган, универсал хусусиятга эга. У инсоннинг у ёки бу ижтимоий гуруҳга тааллуқли эканлиги (фуқаро, чет эллик, фуқаролиги бўлмаган шахс, қочоқ ва ҳоказо), ихтисослиги ёки ҳунарига боғлиқ ҳолда унда муайян ҳуқуқ ва мажбуриятлар мавжудлигини билдиради. Айни ҳолда у нормаларни конкрет вазиятларга мувофиқлаштирувчи инсоннинг индивидуал хусусиятларини ҳам акс эттиради. Сиёсий-ҳуқуқий мақом тушунчаси инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзаро боғлиқликда кўришни, давлат томонидан кўзда тутилган кафолатлар ва шахсий (ахлоқий ва ҳуқуқий) масъулиятни эътиборга олишни назарда тутади. Сиёсий-ҳуқуқий мақом жамият аъзосининг асосий ижтимоий характеристикаларидан биридир. Одатда шахс сиёсий-ҳуқуқий мақомининг беш “даражаси” фарқланади:
Шахснинг халқаро мақоми халқаро ҳамжамият томонидан ишлаб чиқилган ва халқаро ҳужжатларда (масалан, 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 1966 йилги Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги Пакт, 1989 йилги Бола ҳуқуқлари ҳақидаги Конвенция, 1949 йилги Женева конвенциялари ва 1977 йилги уларга қўшимча Протоколлар ва бошқаларда) мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ, эркинлик, мажбурият ва кафолатларни ўз ичига олади. Унинг ҳимояси ҳам миллий, ҳам халқаро воситалар билан амалга оширилиши мумкин.
Шахснинг конституциявий мақоми у тегишли бўлган мамлакатнинг Асосий Қонунида ифодаланган фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари, бурчлари ва кафолатларини ўз ичига олади. Конституциявий мақомнинг асосий хусусияти унинг барқарорлиги, мустаҳкамлиги бўлиб, у фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг конституциявий мақоми Асосий Қонунимизнинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган иккинчи бўлимида акс эттирилган.
Шахснинг тармоққа (соҳага) хос мақоми унинг ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларидаги ҳуқуқ ва бурчларини акс эттиради, яъни бунда у ҳуқуқнинг алоҳида тармоқларидаги (меҳнат, фуқаролик, оила, жиноят ва бошқа) ваколатларини акс эттиради.
Фаолият турига оид (махсус) мақомда инсоннинг бирор бир гуруҳга оидлиги ва унинг шу муносабат билан эга бўлган қўшимча ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этади: ўқувчилар, талабалар, ҳарбий хизматчилар, нафақахўрлар, ногиронлар, диний уюшма аъзолари ва шу кабилар.
Индивидуал мақомда алоҳида олинган конкрет инсоннинг жинси, ёши, касби, муайян жамоат ташкилоти ёки бирлашманинг аъзолиги, давлат ишини бошқаришда қатнашиш даражаси ва шу кабиларга тегишли ҳолатларнинг хусусиятлари акс эттирилади. Индивидуал мақом алоҳида олинган шахснинг “ижтимоий портрети”, унинг жамият аъзоси сифатидаги қайтарилмас хусусиятларининг акси саналади.
Do'stlaringiz bilan baham: |