Рим фалсафаси
Рим давлати. Карфаген билан бўлган урушда ғолиб чиққан Рим милоддан аввалги иккинчи асрда қадимги дунёнинг энг қудратли давлати бўлиб қолди. Кейинчалик Рим империясининг асосчиси ҳисобланган Гай Юлий Цезарь (мил.ав. 100-44 йиллар) даврида Шимолий Африка, Кичик Осиё, Галлия, Испания ва бошқа ўлкалар бирин-кетин босиб олинди.
Олий давлат кенгаши-сенатдан император унвонини олиб анча вақтгача (милоддан аввалги 27 – милодий 14 йиллар) ҳукмдорлик қилган Октавиан Август эса, Цезарь бошлаган ислоҳотларни давом эттирди. Ислоҳотнинг мақсади фавқулодда ҳолат шароитида сенат қарори билан таъсис этилган, давлат ҳокимиятининг барча ваколатини ўзида мужассамлаштирган диктатурани империяга (лот. Imperium - ҳокимият бир кишининг қўлида бўлган давлат тузуми) айлантиришдан иборат эди. Август ҳудуди Арманистон ва Месопотамиядан тортиб, то Саҳрои Кабир ва Қизил денгиз қирғоқларигача чўзилиб кетган улкан империяни шакллантирди.
Римга чет ўлкалардан бойликлар оқиб кела бошлади. Зодагон патрицийлар, зобитлар, савдогарлар, «чавандозлар» деб номланган ижтимоий табақа намояндалари катта бойлик тўплашди. Мамлакатда банк, молия ва савдо тизимлари тараққий этди.
Патрицийлар ва янги бойлар давлатга қарашли ерларни («агер публикус») сотиб олиб, хўжалик юритишнинг турли шаклларини, шу жумладан, вилла ва латифундияларни ташкил қила бошладилар. Уларда асосан қуллар меҳнат қилишарди.
Вилла бир қатор афзалликларга эга бўлиб, унда меҳнат тақсимоти такомиллашди, янги агротехник усуллар ва қоидалар кенг қўлланилди.
Меҳнатни турли соҳаларида коллегия деб аталган уюшмалар ташкил этилди. Ҳар бир коллегия ишлаб чиқаришнинг бирор бир соҳасида меҳнат қилган усталар ва ходимларни бирлаштирган. Коллегиялар ўз аъзоларидан аъзолик бадаллари ундириб, турли маросимларни ўтказиб туришар, аъзолар ўртасида ўзаро ёрдам ташкил қилишар эди.
Рим империясида содир бўлган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий тараққиёт ундаги маънавий маданиятнинг юксалиши учун асос бўлди. Ричард Тарнас таъкидлаб ўтганидек, бу даврда Римда классик цивилизация очилган гулдек яшнаб кетган эди1.
Император Октавиан Август ҳукмдорлик қилган вақтдан бошлаб то II асргача бўлган давр лотин адабиёти ва фанининг «олтин асри» бўлган. Бу вақтда шоирлар Виргилий, Тибулл, Гораций, Овидий, ёзувчилар Лукан, Марциал, Петроний, Ювенал, тарихчилар Тацит, Гай Светоний, Тит Ливий, олимлар Луций Колулумелла, Катта Плиний, Клавдий Птоломейлар ижод қилишган.
Рим ҳуқуқшунослиги объектив оқилоналик, табиий ҳуқуқ ва қонун, халқлар ҳуқуқи тушунчаларини ишлаб чиқиб, ҳуқуқий онг маданиятини юксак даражага кўтарди.
Айни пайтда, Рим халқининг руҳияти ва урф-одатлари ахлоқий жиҳатдан тушкунликка учраши кенг тарқалган иллатга айланди. Буни Юлий-Клавдийлар сулоласи намояндаларининг ҳаётидан олинган фактлар тасдиқлайди.
Октавиан Августнинг қизи уч марта эрга чиққан, кўп фарзандли Юлия Агрипина Тиррен денгизидаги Пандатерия оролига жазмани Марк Антонийнинг ўғли биргаликда сургун қилинади. 14 йилда тахтга Октавиан Августнинг учинчи хотини Ливиянинг ўғли, Октавианга ҳеч қандай қариндошлиги бўлмаган Тиберий чиқади. Тиберий ўлгандан кейин сулолани ўз ажали билан вафот этмаган уч император – Гай Калигула, Клавдий ва Нерон давом эттирганлар. Катта Юлия Агрипина учинчи эри император Клавдийни заҳарлайди ва қонуний даъвогар, императорнинг ўғли Британикни четлатиб, тахтга ўз ўғли Неронни чиқаради. Кейинчалик эса, Нероннинг кўрсатмаси билан ўзи ҳам ўлдирилади. 1
Эллинистик маданиятни чанқоқлик билан ўзлаштирган рим руҳи ижодий тақлид тамойилларига асосланиб, маънавиятнинг мағзи бўлган фалсафага мурожаат қила бошлади. Рим зиёлилари борлиқ, олам ва инсон, ҳаёт ва ўлим, бахтга эришиш йўллари, тақдир масалалари баён этилган, назарий ва ахлоқий-маънавий тавсияларга бой фалсафа илмини ўргана бошладилар. Ўзларига хос эътиқод ва дунёқарашни ишлаб чиқдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |