Афлотун академияси. Буюк мутафаккир ҳаёти нафақат диалоглар яратиш билан, балки махсус фалсафа ўқув масканини яратиш билан ҳам боғлиқ бўлди. Шу маънода Академия Афлотуннинг меросининг таркибий қисми сифатида талқин қилиниши мумкин.
Академия том маънода илк фалсафий мактаб сифатида. Европада фалсафий таълим ва тарбия анъаналарини бошлаб берди. Академияда асосий эътибор фалсафий билимларни шакллантиришга, фалсафий мулоҳаза маданиятини ҳосил қилишга қаратиларди. Шунинг учун ҳам Афлотун нафақат буюк мутафаккир сифатида, балки Европада фалсафий таълим ва тарбиянинг асосчиси ҳамдир.
Академияда фалсафий таҳсил тўғри йўлга қўйилгани боис у қарийб 100 йил, император Юстиниан томонидан барча фалсафий мактабларнинг ёпилганига қадар (мил.ав. 529 йили) фаолият кўрсатди. Афлотуннинг фалсафий ўқув маскани Юнонистоннинг буюк давлат арбоблари ва нотиқлари Ликург, Геперид, Демосфенларни, стоицизм асосларини яратган буюк файласуф Антисфенни, эпикуризмнинг йирик намояндаларидан бири Аристиппни вояга етказди. Биргина Арастунинг ушбу ўқув масканида тарбия топгани Академияни барча замонларнинг мутлоқ қадриятига айлантириш учун кифоя эди.
ТАЪЛИМОТИ. Афлотун таълимоти Европа тарихидаги илк системалаштирилган фалсафий таълимот бўлди. Эйдослар, яъни ғоялар олами таърифи ва тафсилотига бағишланган ушбу концепция махсус тушунчалар тизими ёрдамида баён этилади. Бироқ ушбу концепциянинг моҳиятини англаб етиш учун аввало унинг ҳаётий мотивларини аниқлашимиз шарт.
Афлотун ижод қилган ижтимоий муҳитда уч гуруҳнинг қарашлари тўқнаш келган эди. Бир гуруҳ кишилар аждодлар анъанасига содиқ қолишни тарғиб этар ва ҳеч кимнинг эътиборини тортмай қўйган эски қадриятларни ёшларга сингдиришга интиларди. Бошқа бир гуруҳ тарафдорлари бу дунёдаги брча нарсани ўткинчи деб эътироф этар ва фақат шахсий манфаатлар учун хизмат қилмоқ зарур деб, ҳисоблар эди. Учинчи гуруҳ Суқрот атрофида тўпланган бўлиб, инсон ҳаётининг мазмун ва мақсадини эзгуликка хизмат қилиш билан боғлар эди. Антик маданиятнинг инсонпарвар қадриятлари руҳида тарбияланган Афлотун ҳам Суқрот каби инсон ҳаёти ўзгармас қадриятларини эгаллаш ва эзгуликка хизмат қилишга сарфламоғи лозим, деб ҳисоблади.
Бироқ, бутун умрини эзгулик хизматига бағишлаган буюк устозининг жамият томонидан инкор этилиши ва ўлимга ҳукм қилиниши Афлотунни ларзага келтирди. Суқротнинг қатл этилишини тасодиф деб бўлмасди. У инсон борлиғининг ҳали ўрганилмаган жиҳатлари борлигини, бу дунёнинг сир–саноатлари ҳали тўлиқ очилмаганлигини маълум қилди. Жамиятдан кўнгли совиган Афлотуннинг бутун фикр-хаёли ана шу муаммо билан банд бўлиб қолди. Натижада Афлотуннинг дастлабки фалсафий дунёқараши шаклланди. Суқрот ўлимининг сабаблари хусусида мулоҳаза юритган Афлотун абадий ва ўткинчи оламлар тўғрисида хулосалар чиқаради. Асл инсонларнинг ўлдирилишига йўл қўядиган олам ҳақиқий эмас, ёлғон дунёдир. Ёлғон дунёдан ҳақиқат кутмайдилар, унда содир бўлган воқеалар ҳам ёлғондир. Шундай экан, оламнинг асл моҳиятини англаб етишга интилган файласуф бу дунё ташвишларидан бош олиб кетмоғи, уни фақат кузатмоғи ва мулоҳаза юритмоғи лозим. Шундай қилиб, Афлотун ҳақиқий, абадий оламнинг хусусиятлари ҳақида фикр юритади. Бу олам соф ғоялар ва соф шакллар оламидир. Ўткинчи олам нарсалари ана шу ҳаққоний оламдаги ғояларнинг соясидан ўзга нарса эмас. Ўткинчи оламдаги ҳар бир арса абадий оламдаги ўз ғоясига эга. Авваламбор шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Афлотуннинг ғоялар тўғрисидаги таълимоти шаклланишига фақат Суқрот қарашлари ёхуд унинг ўлимини сабаб қилиб кўрсатиш бир томонлама қараш бўлиб қолур эди. Ваҳоланки, тадқиқотчиларнинг фикрича Афлотуннинг ғоялар тўғрисидаги таълимотини қарор топишида Элей фалсафий мактабининг намоёндалари Парменид ва Зенонларнинг ҳам таъсири бўлган. Улар таълимотидан Афлотун моҳият ва ҳодиса ўртасидаги мавжуд фарқни қабул қилди. Уларнинг фикрича, икки хил борлиқ мавжуд. Яъни ҳақиқатдан ҳам бор борлиқ ва тахминан бор борлиқ. Манна шу таълимотни Афлотун ўзининг сўнгги даврда ёзган муҳим асари “Тимей”да аниқ ифодалай олган.
Афлотуннинг ғояси – жисмсиз шаклдир. Яъни у илгари сурган ғоя ўз ортида бирон бир конкрет жисмга жга бўлмаган, илоҳий тушунчадир. Унинг фикрича, ғоялар дунёси макон ва замондан ташқарида мавжуд бўлади. Ундаги ғояларни Афлотун демиург, яъни моддий нарсалар ижодкори, деб атайди. Биз уни хиссиёт орқали эмас, балки ақл орқали билишимиз мумкин. Афлотун фикрича “ғоялар дунёси”жа энг олий яхшилик, бахт ғояси – Худодир. Бундан кўриниб турибдики, Афлотуннинг таълимоти дин билан қўшилиб кетган. Унинг фикрича, моддий оламнинг турли қисмларини ташкил этувчи минераллар, ўсимликлар, ҳайвонлар ва улар томонидан яратилган нарсалар - “умумий ғоялар”нинг нусхасидир. Афлотун таъкидлайдики, “ғоялар дунёси” умуман “гўзаллик ғояси” ҳам мавжуддир. Табиат ва жамиятдаги барча гўзал нарсалар ҳам шу ўзгармас мутлоқ гўзаллик ғоясининг нусхасидир. Инсон қўли билан яратилган санъат асарлар, тасвирлар, ҳайкаллар ва бошқа асарлар (яъни иккиламчи табиат маҳсули) гўзаллик ғоясининг нусхаси бўлган, табиат ва жамиятдаги гўзал нарса, умумий ғоя сезиладиган нарса ва ҳодисаларни яратади, уларга сифат, хусусият ва моҳият беради. Шунингдек, Афлотуннинг фикрича, энг олий ғоя гўзаллик ғояси бўлмай, балки фаровонлик ғоясидир. “Фаровонлик, - деб ёзади Афлотун ўзининг “Давлат” асарида – моҳият эмас, лекин ўзининг улуғворлиги ва қудрати ила моҳият чегарасидан устун туради1.
Афлотуннинг фаровонлик «ғояси” ҳақидаги таълимоти унинг дунёқарашидаги барча тизимлари объектив идеализм характерини англатиб қолмай, балки теологик идеализм ҳисобланади. “Ғоялар” ҳукумронлиги – мақсадга мувофиқ ҳукумронликдир. Айнан фаровонлик ғояси барча ғояларни муайян бирликка чорлайди. Бу бирлик мақсаддадир. Дунёдаги ҳукмронлик қилувчи тартиботлар, мақсадга мувофиқ тартиботлардир. Уларнинг барчаси фаровонлик мақсадига қаратилган бўлади. Ҳар қандай вақтинчалик ва нисбий мавжудлик қандайдир объектив борлиқ мақсадига эгадир.
“Мақсад бўлиши билан бирга у фаровонлик ҳисобланади” 27 – деб ёзади Афлотун.
Бу борлиқ барча жисмларнинг моҳиятини ташкил этади. Барча нарсалар фаровонликка эришишга интилади. Гарчанд ҳиссий жисмларда унга эришиш мумкин бўлмаса-да, барча жонли маҳлуқотлар учун олий мавсад – бахт ҳисобланади. Лекин бахт фаровонлик бўлгандагина бўлади, - дейди файласуф. Шунинг учун ҳар қандай жон фаровонликка интилади ва илк барча нарсалар фаровонлик учун амалга оширилади.
“Фаровонлик ғояси” сиз барча инсоний билимлар, у ҳатто мукаммал бўлмасин, барибир фойдасиздир”1. (Афлотун. Давлат. 505 А-В) объект мақсадга мувофиқлик тўғрисидаги Афлотун таълимоти тиологикдир, унинг тиологияси яъни илоҳиёт ва худолар тўғрисидаги таълимоти билан чамбарчас боғлиқ.
Худо нафақат тирик мавжудот, - у мутлоқ фаровонликдир. (Афлотун, Тимей, 29 Е). Шунинг учун инсон илоҳиётига интилиши зарурдир. Фаровонликни билиш истагида у худони билишга интилади: фаровонликка эришиш учун у худонинг моҳиятига алоқадор бўлишига интилади. Бу ҳол Афлотун “Қонунлар” асарида шундай дейди: “худо барча нарсаларнинг ибтидоси, ўртаси ва ниҳоясидир. У шунинг учун ибтидоки, ҳамма нарса ундан келиб чиқади: шунинг учун ўрталикдирки, у барча нарсаларнинг моҳиятини ташкил этади. Келиб чиқиш хусусиятига эгадир. Шунинг учун ниҳоятки, барча нарса ўз мақсадига интилгани каби унга интилади.
Фаровонлик унинг учун юқорида айтганимиздек, борлиқдан ва инсон билимидан юқори туради. Баъзан Афлотун «фаровонлик”ни ақл билан тенглаштиради. Чунки Афлотун фикрича оқиллик мақсадга мувофиқ келишликда намоён бўлади. Шунинг учун мутафаккир «фаровонлик”ни мақсадга мувофиқлик билан яқинлаштиради. Ўз навбатида мақсадга мувофиқ бу нарсаларнинг ўз ғояларига мувофиқ келишидир, дейди. Шунинг учун нарсаларнинг фаровонлигини билиш бу демак “ғояларнинг” барча турли ҳиссий, сабабий боғлиқ ҳодисаларни уларнинг ғайри ҳиссий ва мувофиқ борлиққа ёки қонунга мувофиқлаштиришдир.
Шунингдек Афлотун «Фелеб” асарида инсон учун фаровонликнинг тўлиқ тавсифини келтиради. Диалогда «инсон фаровонлиги” шарти сифатида қуйидагилар келтирилади:
ғояларнинг абадий табиатда иштирок этиши.
ғояларни ҳақиқатга айлантириш.
онгнинг мавжудлиги ва билимга эга бўлишлик.
баъзи фанлар, санъатлар, шунингдек тўғри мулоҳазаларга эга бўлишлик.
баъзи соф ҳиссий лаззатлар турларидан, масалан куйнинг соф оҳанглари ёки расмдаги гулларнинг лаззатидан баҳраманд бўлишлик.
Афлотуннинг «ғоялар” тўғрисидаги асосий фикри шулардан иборат.
Генесеологик талқинда ҳам «ғоя” Афлотун томонидан онгнинг шакллари, моҳияти ва ҳодисаси эмас, балки борлиқнинг шакллари деб қаралади. Анна шу муносабатда Афлотуннинг объектив идеализми тарихан Гегель идеализмининг кўринишидир.
Гегелнинг «мутлоқ ғояси” ҳам даставвал объектив мавжуд борлиқдир.
Афлотуннинг фикрича, ноборлик – бу материя. Унинг тасаввурида материя (модда – Ю.С.) ҳиссий оламда мавжуд чексиз ибтидо ва сон-саноқсиз жисмларнинг маконда алоҳида-алоҳида бўлиш шартидир. Чунки Афлотун фикрича “ғоя” ҳақиқий борлиқ, модда ноборлик сифатида мавжуд бўлмоғи лозимдир. Бу ғоя фақат ақл орқали яхлит, бўлинмас бирлик маъно деб тушунилади.
Чунки ҳиссий нарсалар ўзгарувчан, бақарор ва емирилувчандир. Ҳиссий жисмлар ғайри ҳиссий ғояларнинг рангсиз тамғасидир, дейди. Файласуф. Масалан: бита конкрет стол ўзгарувчан. Биз шундай деб биламиз. Лекин стол тўғрисидаги тушунча, яъни барча столлар тўғрисидаги ғоя аниқ яъни идеалдир деб ўргатади.
Афлотуннинг «ғоя”си элементар абстракция, умумий тушунча бўлиб конкрет ҳиссий жисмларидан метафизик ҳолда ажратилган ва мутлоқлаштирилган.
Афлотун нариги дунё ҳақида фикр юритади. У сезгиларни ва ҳиссий билишни инкор этади. Ҳақиқатни билиш учун ўзимизни ўраб турган моддий дунёдан ўзлигимизни тарк этишимиз керак. Ички дунёмизга ғарқ бўлишимиз керак. Жон ўлмас дейди, Афлотун. Оламни билиш диалектикаси у Суқротдан анча илгари кетган. Бироқ унинг диалектикаси фақат тушунчага боғлиқ.
Афлотуннинг ғоялар таълимоти тушунчадан иборат эканлигини таҳлил қилган рус файласуф олими Ахманов унинг қарашларининг моҳиятини моҳирона якунлайди: Афлотуннинг ғоялар тўғрисидаги маълумоти тушунча ва муҳокаманинг мантиқий шаклларини ва тааллуқли мантиқий муносабатларини ҳамда якка жисмлар дунёсини ҳақиқатдан ажраган алоқаларни нуқтаи-назардан талқин қилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |