Асарлари. Унинг машҳур асари «Табиат тўғрисида» деб аталади.
таълимоти. Анаксагор ўз дунёқарашини шакллан тиришда ўзигача ўтган ва ўз замондошлари бўлган мутафаккирларнинг таълимотларига суянади. Анаксагор Элей фалсафа мактаби намояндаларининг йўқликдаги ҳеч нарса келиб чиқмайди, деган қарашларига хайрихоҳ бўлади ва шундай деб ёзади: «Қандай қилиб соч ва гўшт бўлмаган нарсадан соч ва гўшт пайдо бўлиши мумкин?»2 Айни вақтда ҳудди Эмпедокл сингари элейликларнинг бошқа қарашларига, яъни борлиқнинг ўзгармаслиги ва ундаги ягоналик кўпликни истисно қилади, деган ақидасига эътироз билдиради. Элейликлар таълимотининг асосий қоидаларини сақлаб қолган файласуф юнонлар томонидан «пайдо бўлиш» ва «емирилиш» сўзлари нотўғри маънода ишлатилишини таъкидлайди. Бу ерда "пайдо бўлиш" ўрнига "бирикиш", "емирилиш" ўрнига "ажралиш"ни ишлатиш керак, деган хулосани илгари суради. Бинобарин, пайдо бўлиш ва емирилиш пайдо бўлмайдиган ва емирилмайдиган жисмларнинг бирикиши ва ажралишидан бўлак нарса эмас1. Ҳолбуки, ҳамма нарса ўзидан олдин мавжуд бўлган нарсаларнинг бирикиши ва ажралишидир.
Анаксагор ўз фалсафий қарашларида бошқа файласуфлар сингари бошланғич асос, биринчи ибтидо ҳақида ўз фикрларини баён қилади. Маълумки, Анаксагорга қадар файласуфларнинг барчаси у ёки бу элементни, аниқроқ айтадиган бўлсак, апейрон, сон сингариларни ана шу нуқтаи назардан идрок этишга ҳаракат қилганлар. Анаксагор эса элементларни биринчи ибтидо сифатида истисно қилади, ибтидо — бу нарсалар ҳолатининг беистисно барчасидир, деган хулосани беради.
Анаксагор биринчи ибтидо конкрет тарзда идрок этиладиган нарса эмас, дейди. Анаксагорда биринчи ибтидони анъанавий тўрт унсур эмас, аксинча, ҳолатлар йиғиндиси ташкил этади. Ибтидонинг кенг намоён бўлишини назарда тутиб, Анаксагор биринчи ибтидо деганда олов, сув, қон, ёғоч ва шунга ўхшаб кўплаб нарсаларнинг энг майда, кўринмайдиган, ғайриҳиссий заррачаларини тилга олади. Буни Анаксагор «барча нарсаларнинг уруғи» деб атайди. Оламнинг биринчи ибтидоси тўғрисида фикр юритган Анаксагор ўзи таклиф этган «уруғ»нинг табиатини очишга алоҳида эътибор беради. Масалан, қоннинг «уруғи» қоннинг барча сифатларини, темирнинг зарраси унинг барча хоссаларини мужассам этади ва ҳ.к. Бу сифат ва хоссалар абадий ва ўзгармасдир.
Анаксагор нарсаларнинг уруғини «гомеомерия» категорияси орқали ифодалайди, унинг негизида мутафаккирнинг «Умумийлик айримликдадир», деган тушунчаси ётади. Бунинг маъноси шуки, моддий олам нарсаларида мавжуд бўлган сифатлар айни вақтда алоҳида олинган бўлакда ҳам, моддий зарраларда ҳам мавжуд бўлади. Нарсада қайси сифат устуворлик қилса, бизнинг туйғуларимиз шу сифатни идрок этади. Масалан олтин деганда унда олтин «уруғи»нинг кўплиги тушунилади. Анаксагор айтадики, ҳар бир алоҳида олинган нарса (гомеомерия) яхлитлик касб этади.
Хўш, нарса ва унинг уруғи қандай ҳосил бўлади? Нарсалар орасидаги ўзаро алоқадорлик тартибини сақлаб турувчи қудрат нима? Анаксагор ушбу саволга жавобан «нус» (ақл) категориясини ишлаб чиқади. Нус икки функцияни бажаради: у, бир томондан, олам билан бирга ҳаракат қилади; иккинчи томондан, оламни билади, ўрганади. Нус ягона, чексиз, ва ҳеч қандай нарса билан аралашмаган. Нус (ақл) ҳамма нарсалардан нозикроқ ва софроқдир. Оламни била бориб, нус ҳамма нарса тўғрисида мукаммал билимга ва катта кучга эга бўлади. У ўтмишни, бугунни ва келажакни белгилайди.
Нус ҳаракатланар экан, ҳамма нарсани аралаштириб боради. Иссиқликни совуқдан, ёруғликни қоронғуликдан, қуруқликни намликдан ажратади. Барча намлик, қоронғулик ва оғирликни Коинот марказида тўплайди. Ер шундай ҳосил бўлади. Барча илиқлик, иссиқлик, ёруғлик, қуруқлик ва енгиллик эса юқорига қараб интилади. Осмон шундан пайдо бўлади. Нус ер атрофида айланиб, ердан тошларни ажратади ва алангаланади. Бундан юлдузлар, ой, қуёш пайдо бўлади. Анаксагорнинг фикрича, қуёш қиздирилган темир парчаси ва ёнаётган тошдир. Агар осмон ҳаракати тўхтаса, барча нарсалар Ерга қулаб тушади. Жонли мавжудотларнинг уруғлари осмондан ерга ёмғир орқали тушади.
Анаксагор нарса ва нарсанинг уруғи ҳақидаги мулоҳазалари билан Олий ақл (нус) томонидан яратилган умумийлик (уруғ) қандай қилиб айримликка (нарсага) айланишини таҳлил этди. Унинг фалсафий қарашлари кейинги аср мутафаккирлари ижодига сезиларли таъсир ўтказди.
Do'stlaringiz bilan baham: |