Назорат саволлари:
1. Ареометр иш принципи нимага асосланган?
2. Узум суслосининг таркибий қисми қандай моддалардан ташкил топган?
3. Ареометрни текширилаётган суюқликка қандай ботириш керак?
5-амалий иш
Мавзу: “Шаробдаги титрланувчи ва сульфат кислота миқдорини аниқлаш”
Ишдан мақсад:
Сусло ва винонинг кислоталилигини аниқлаш методикасини ўрганиш.
Керакли жиҳоз ва реактивлар:
Пипетка, коник колба, стакан, натрий гидрооксиди ва калий гидрооксидининг 0.1 Н эритмаси, индикатор, шиша таёқча, электр плитка, узум суслоси ва вино, бюретка, оқ фарфор пластинка.
Назарий қисми.
Узум суслоси (виноси) таркибида турли кислота ва уларнинг нордон тузлари бўлиб, уларнинг мавжудлиги сусло (вино) сифатига катта ахамият касб этади. Шунинг учун титрланувчи кислоталикни аниқлаш мажбурий анализлар тоифасига киритилади. Бу анализ сусло ёки вино намунасини унинг ранги ўзгаргунча ишқор билан нейтраллаш орқали амалга оширилади. Титрлаш учун одатда ўювчи натрий эритмасидан фойдаланилади. Ишқор концентрацияси 1/3 Н ёки 0.1 Н бўлиши мумкин.
Титрланувчи кислоталикни аниқлаш учун 10 мл пипетка, коник колба ёки сиғими 100-200 мл бўлган химиявий стакан, 25 мл ли бюретка, электроплитка ёки спиртовка, шиша таёқча, индикатор (фенолфталин), КОН ёки натрий гидрооксидининг 0.1 Н эритмаси бўлиши керак.
Ишни бажариш тартиби:
Пипетка билан 10 мл сусло (вино) ўлчаб олиниб, коник колба ёки стаканга қуйилиб, шунча миқдорда дистилланган сув қуйилиб, қайнаб чиққунча иситилиб (таркибидаги карбонат ва сулфат кислоталарни чиқариб ташлаш учун), дархол натрий гидрооксиди ёки калий гидрооксидининг 0.1 Н эритмаси билан аралаштириб турган холда титрланади. Ранг ўзгарганлиги (оқ винолар қораяди, қизил винолар эса кўкимтир ёки яшил тусга киради) титрланиш жараёни нихоясига етаётганидан дарак беради.
Титрлаш жараёни тугаганлиги индикаторда аникланади. Бу мақсадда оқ фарфор пластинкага томизилган фенолрот эритмаси томчиларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Шиша таёқча ёрдамида титрланаётган вино томчилари индикатор томчиларига томизилади: индикатор рангининг қизил тусга кириши титрлаш жараёни тугаганлигидан дарак беради. Шунингдек кўк лакмус коғоздан хам фойдаланиш мумкин.
Сулфат ангидрид SО2 виночиликда кенг қўлланилади. Сусло ёки винода эритилганда сулфат кислота хосил бўлиб, у сусло ва винони хаво кислороди билан оксидланишдан саклайди ва ундаги зарарли микроорганизмларнинг хаёт фаолиятини тўхтатади.
Сулфат кислотанинг умумий миқдорини аниқлаш учун қуйидаги реактивлар бўлиши керак.
1. KJO3 нинг 0.02 Н эритмаси;
2. KJ нинг 10% эритмаси;
3. Солиштирма оғирлиги 1.11 бўлган сулфат кислота (солиштирма оғирлиги 1.84 бўлган 96 мл Н2SО4 1 д дистилланган сув қуйилади).
4. Натрий гидрооксидининг 1 Н эритмаси (1 л дистилланган сувда 40 гр).
5. Крахмал эритмаси: 40 гр натрий хлор 250 гр сувда эритилиб, қайнатилади ва оз миқдордаги сувда эритилган 2.5 гр крахмал қўшилиб, яна 15 минут қайнатилади ва аралашма филтрланади.
Анализ ўтказиш учун қуйидагилар зарур: 500 мл ли бюретка, 50 мл. ли пипетка, 25 мл ли иккита пипетка, 15 мл ли пипетка, иккита коник колба, 10 мл ли пипетка.
Do'stlaringiz bilan baham: |