Мавзу: 2.5. Шахсий химоя воситалари.
Режа:
1. Нафас олиш органларини химояловчи воситалар.
2. Терини химояловчи воситалар.
3. Шахсий тиббий ва зарарсизлантириш воситалари.
Шахсий химоя воситалари нафас аъзоларини, кўз ва тери қаватларини радиоактив моддалар(РМ), заҳарли моддалар (ЗМ), бактериологик воситалар (БВ), ва кучли таъсир этувчи заҳарли моддалар (КТЗМ) таъсиридан сақлайди.
Шахсий ҳимоя воситалари ҳимоя хусусиятига кўра фильтрловчи ва айирувчи (изоляцияловчи) турларга бўлинади. Фильтрловчи воситаларнинг ҳимоялаш хусусияти ҳавони фильтрловчи материаллар орқали ўтказишга асосланган бўлиб, унда ҳаво РМ, ЗМ, БВ ва КТЗМдан тозаланади. Изоляцияловчи воситаларнинг ҳимоялаш хусусияти одам организмини ташқи муҳитдан тўлиқ ажратишга қаратилган бўлади.
Шахсий ҳимоя воситалари фойдаланилишига кўра умумҳарбий, махсус, фуқаролар учун мўлжалланган ва саноатда қўлланиладиган ҳимоя воситаларига бўлинади.
Шахсий ҳимоя воситалари вазифасига кўра нафас олиш органларини ҳимояловчи, терини ҳимояловчи, шахсий тиббий ва зарарсизлантириш воситаларига бўлинади.
Нафас олиш органларини ҳимояловчи шахсий ҳимоя воситаларига противогазлар (газниқоблар), респераторлар, матоли ниқоблар ва пахта-докали боғлагичлар киради.
Противогазлар нафас олиш органларини, юз ва кўзни ҳар хил заҳарли таъсирлардан сақлашга мўлжаланган.
Противогазлар фильтрловчи ва изоляцияловчи турларга бўлинади.
Фильтрловчи противогазларга ГП-4, ГП-5, ГП-5М, ГП-7, ГП-7В; болалар учун мўлжалланган ПДФ-Д, ПДФ-Ш, ПДФ-2Д, ПДФ-2Ш; чақалоқлар учун ҳимоя камералари КЗД-4, КЗД-6 киради.
Изоляцияловчи противогазларга ИП-4, ИП-6, ИП-46, КИП-5, КИП-7, КИП-8 ва бошқалар киради.
ГП-5 противогази комплекти шлем-ниқоб, фильтрловчи-ютувчи қутича ва сумкадан иборат. Противогаз комплектига қўшимча сифатида ойнанинг ички томонига қўйиладиган, терлатмайдиган плёнкалар солинган металл қутича киради.
Противогаз ниқоби табиий ёки сунъий каучук асосида олинган резина материалдан тайёрланиб, унга кўриш учун ойнак, нафас олиш ва нафас чиқариш клапанлари ўрнатилади. Фильтрловчи-ютувчи қутича металлдан ишланган бўлиб, унинг ичи икки бўлинмадан иборат. Қутичанинг пастки томонида чанг ва тутунга қарши фильтр, юқори қисмида махсус кимёвий моддалар билан ишлов берилган активлаштирилган кўмир қатлами ўрнатилган.
Фильтр ҳавони аэрозоллардан тозалаш учун хизмат қилади, активлаштирилган кўмир кимёвий нейтраллаш усули билан заҳарли моддаларни ютиш учун мўлжалланган.
Противогазларнинг ўлчами 2 хил усулда аниқланади:
юзнинг ўлчамини аниқлаш орқали;
даҳан билан қош суяги орасидаги масофани ўлчаш орқали.
Биринчи усул билан противогазлар 5 хил ўлчамда ишлаб чиқарилади. Керакли размерни аниқлаш учун сантиметр лентаси билан бош ўлчанади: айланасига энгак орқали ўтиб, бошнинг тепа қисмида яна энгакка қайтилади.
Ўлчаш натижаси (см)
|
Шлем-ниқобнинг керакли размери
|
63 гача
63,5 - 65,6
66 - 68
68,5 - 70,5
71 дан юқори
|
0
1
2
3
4
|
Иккинчи усул билан 3 хил ўлчамдаги противогазлар ишлаб чиқарилади:
1-ўлчам 99 – 109 мм гача;
2-ўлчам 109 – 119 мм гача;
3-ўлчам 119 мм дан катта.
Противогаз сумкада шароитга кўра 3 ҳолатда олиб юрилиши мумкин: "сафар", "тайёргарлик", "жанговар" ҳолатда.
Изоляцияловчи противогазлардан кимёвий заҳарли моддалар концентрацияси юқори бўлган ва тутун босган жойларда қутқариш ишлари олиб борилганда фойдаланилади. ИП-46 (ёки ИП-46М) изоляцияловчи противогазлари қуйидаги асосий қисмлардан иборат:
- юз қисми;
- натрий пероксид тўлдирилган регенератив патрон;
- регенератив патронниш у неонга ўрнатилган брикет ва кислотали ампуладан иборат ишга солувчи мослама;
- кислород учун резина халта;
- дюралюминийдан ишланган коркас (ғилоф);
- сумка.
Натрий пероксиди кимёвий боғланган кислородни ажратиб, ажралиб чиқараётган ҳаводаги карбонат ангидридни ва сув буғларини ютади.
Атмосферада буғувчи газлар (масалан, ис гази) бўлса, гопкалипт патронидан фойдаланиш керак. Унда ис гази карбонат ангидридга айланади.
Респераторлар асосан нафас олиш органларини радиоактив ва механик чангларидан ҳимоя қилади. Ҳозирги вақтда Р-2, Р-2Д, РУ-60М ва ШБ-1 "лепесток" респераторлари кенг қўлланилмоқда.
Р-2 фильтрловчи ярим ниқоб 2 та нафас олиш, 1 та нафас чиқариш клапанлари, бурун қисқичи ва тасмалари мавжуд. У юзга кийилади, энгак ва бурун унинг ичида қолиши керак, тасмалар бошга тортилади.
ШБ-1 респератори "лепесток" - синтетик фильтрловчи материалдан тайёрланган бўлиб, бир марта фойдаланиш учун мўлжаланган. Уни кийиш учун респератор пакетдан олиниб, резина шнури керак бўлган узунликда чўзиб боғланади, энгакдан бошлаб юзга кийилади, алюминий пластинка қисилади ва тасмалар энсага боғланади.
Р-2 респератори 3 хил ўлчамда ишлаб чиқарилади:
1-ўлчам 99 – 109 мм гача;
2-ўлчам 109 – 119 мм гача;
3-ўлчам 119 мм дан катта.
Матоли ниқоблар нафас органларини сақловчи воситаларнинг асосийларидан ҳисобланиб, у радиоактив ва биологик моддалардан ҳимоя қилади. Лекин бу восита заҳарли моддалардан сақлай олмайди.
Чангга қарши матоли ниқоблар ойнали корпусдан ва боғичдан иборат. Ниқоб қалин матодан тайёрланади ёки оддий матодан 4-5 қават қилиб тикилади, кўриш учун мўлжалланган тешикларга ўлчови 5,5x4,5 см ли ойна қўйилади, боғич 35x70 см қилиб тикилади.
Ниқобнинг чети пешанага, чаккага, ёноққа ва энгакка зич ёнишиб туриши керак. Бунинг учун унинг чокларига резина қўйилиб тикилади.
Пахта-докали боғлагич. Бунинг учун 100x50 см ли дока олиниб, ўртасига эни ва бўйи 20x30 см ва қалинлиги 1-2 см қилиб пахта солинади, сўнг у дока билан ўралади. Доканинг учларини 35 см дан кесиб боғич уланади, боғлам энгак, оғиз ва бурун беркиладиган қилиб тикилади. Боғич учлари бошнинг тепа суяги ва энса устидан боғланади.
Нафас аъзоларини ҳимоялаш учун юқорида кўрсатилган воситалардан бирортаси топилмаганда дастрўмол, шарф, сочиқ ва шунга ўхшаш воситалар билан оғиз ва бурунни беркитиш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |