Аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тарғиботи
Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тарғиботининг вазифалари:
1. Аҳолига фавқулодда вазиятлар содир бўлиши мумкинлигини ва улар нақадар хавфли эканини тушунтириш.
2. Фуқаро муҳофазасининг роли ортиб бораётганини, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги давлат ҳужжатларининг мазмунини, аҳолининг фуқаро муҳофазасига оид ҳуқуқлари ва вазифаларини тушунтириш.
3. Аҳолига фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишни ўргатишга ҳисса қўшиш.
4. Фуқаро муҳофазаси илғор тажрибасини кенг тарғиб қилиш.
5. Ўзбекистон Республикаси фуқаро муҳофазаси тарихи ва анъаналарини тизимли тарғиб қилиш.
Фуқаро муҳофазасини тарғиб қилишнинг қуйидаги шакллари мавжуд:
Оғзаки тарғибот.
Оммавий ахборот воситалари (матбуот, телевидение, радио).
Фуқаро муҳофазасига доир китоб ва рисолаларни нашр этиш ва улардан тушунтириш ишларида фойдаланиш.
Кино ва видеофильмлар.
Кўргазмали воситалар (плакат, стенд, фотомонтаж, витрина ва ҳ.к.).
Корхоналарда, маҳалла қўмиталарида, ўқув юртларида ва бошқа жойларда машғулотлар олиб бориш.
Фуқаро муҳофазаси тарғиботи аҳолининг барча тоифаларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирларининг муҳимлигини англаган ҳолда тарбиялашга, фуқаро муҳофазаси билим ва малакаларини эгаллашга сафарбар этишга, унинг барча тадбирларига чин кўнгилдан иштирок этишга чақиришга қаратилган.
Фуқаро муҳофазаси ўқув машқларини тайёрлаш ва ўтказиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 7 октябрь куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга тайёрлаш тартиби тўғрисида»ги 427-сонли қарорида белгиланган тартибга мувофиқ аҳолининг фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш соҳасидаги тайёргарлигини текшириш мақсадида қўмондонлик-штаб, тактик-махсус ва комплекс ўқув машқлари ҳамда машғулотлар мунтазам ўтказилади.
Қўмондонлик-штаб ўқув машқлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқаруви органларида 5 йилда бир марта, шаҳарлар ва туманларда 3 йилда бир марта ўтказилади ва уч кеча-кундузгача давом этади.
Қўмондонлик-штаб ўқув машқлари вазирликлар ва идораларда, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда бир йилда бир марта ўтказилади ва бир кеча-кундуз давом этади.
Қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ФВДТ нинг раҳбар ва штаб-бошлиқлар таркибини биргаликда тайёргарликдан ўтказишнинг асосий шаклларидан биридир.
Қўмондонлик-штаб ўқув машқини ўтказишниниг асосий мақсади ФВДТ қуйи тизимининг бошқарув органлари, куч ва воситаларининг тайёргарлик даражасини таъминлаш, ўқув машқини юқори даражада ўтказиш, амалий тадбирларни тўлиқ бажариш, ҳамда ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаштиришдан иборат.
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тузилмаларининг 6-8 соатгача давом этадиган тактик-махсус ўқув машқлари 3 йилда бир марта, ўта муҳим, тоифаланган ва потенциал хавф мавжуд бўлган объектларда ҳар йили ўтказилади.
Тактик-махсус ўқув машқлари корхона, муассаса ва ташкилотлар фуқаро муҳофазаси тузилмаларини тайёргарликдан ўтказишнинг асосий ва энг самарали шакли ҳисобланади.
Тактик-махсус ўқув машқлари ўтказишдан асосий мақсад аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича бошқарув органларининг амалий билимларини такомиллаштириш, фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг ҳамкорликдаги ҳаракатини йўлга қўйиш, фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий таркибининг амалий билим ва кўникмаларини ошириш, ҳамда шахсий таркиб орасида юксак психологик сифатларни шакллантиришдан иборат.
Комплекс ўқув машқлари ходимлари сони 300 дан ортиқ бўлган корхоналар, муассаса ва ташкилотларда ҳамда 600 дан ортиқ ўринга эга бўлган даволаш-профилактика муассасаларида 3 йилда бир марта ўтказилади ва икки кеча-кундузгача давом этади.
Бошқа ташкилотларда 6 соатгача давом этадиган машғулотлар 3 йилда бир марта ўтказилади.
Комплекс ўқув машқларида раҳбарлар, командир-бошлиқлар таркиби, тузилмалар шахсий таркиби, ишчи-хизматчилар ва ходимлар тайёргарликдан ўтадилар.
Комплекс ўқув машқлари ўтказишдан кўзда тутилган асосий мақсад объектларда ишлаб чиқариш фаолияти тўхтатилмаган шароитда тегишли сигнал олишдан тортиб, бошқа зудлик билан бажарилиши зарур бўлган ишларни ўтказиш, нафақат раҳбарлар ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари таркиби, балки барча ишчи-хизматчиларнинг оила аъзолари, объектга яқин яшовчи аҳолининг ҳам тайёргарлигини оширишдан иборат.
Мактабгача таълим муассасаларида, умумтаълим мактабларида, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларида “Фуқаро муҳофазаси кунлари” ҳар йили ўтказилади.
Ўқув машқлари раҳбарияти таркиби:
1. Ўқув машқи раҳбари.
2. Ўқув машқи раҳбари ўринбосари.
3. Раҳбарият штаби.
4. Ўринбосарлар ва ёрдамчилар (кузатувчилар).
Раҳбарият штаби таркиби:
1. Тезкор гуруҳ.
2. Тақлид гуруҳи.
3. Ўқув машқи муҳокамасини тайёрлаш гуруҳи.
Раҳбарият штаби ўқув машқини тайёрлаш ва ўтказишни таъминловчи асосий орган ҳисобланади. Ўқув машқига тайёргарлик кўриш машқ ўтказиладиган кундан камида 2 ой олдин бошланади. Ўқув машқини тайёрлаш ва ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар ишлаб чиқилади:
1. Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг буйруғи.
2. Ўқув машқини тайёрлашнинг тақвимий режаси.
3. Ўқув машқини ўтказиш режаси.
4. Ташкилий кўрсатмалар.
5. Ўқув машқи раҳбари ёрдамчилари ва ўринбосарларининг шахсий иш режалари.
6. Тақлид режаси.
7. Таъминот режаси (моддий-техник, алоқа ва ҳ.к.).
Қўмондон-штаб ўқув машқлари иштирокчиларга хабар бериш ва йиғиш, сигнал бериш (топшириқларни топшириш), фуқаро муҳофазаси тузилмаларини шай ҳолатга келтириш ва фуқаро муҳофазаси режаларини ҳаракатга келтириш билан бошланади.
Ўқув машқлари давомида шароитни кучайтириш ФВДТнинг юқори органлари раҳбарлари томонидан фармойиш кўринишида бериладиган топшириқлари, шунингдек ҳаракатдаги разведка органлари, бўйсинувдаги раҳбар тизимлар, тузилмаларнинг ахборотлари, билдиргилари билан амалга оширилади.
Қўмондон-штаб ўқув машқларида ўқув топшириқларининг жалб этилган ФВДТ тузилмалари ва бошқарув органлари таркиби томонидан бажарилганлиги даражаси, зарур қарорларни тўғри қабул қилиш, ФМ тузилмалари ва бошқарув органларини тайёрлашда эришилган ижобий томонлар ва йўл қўйилган асосий камчиликлар, уларнинг ҳаракатини баҳолаш ҳамда қўл остидагиларга керакли ўқув-услубий ҳужжатларни ишлаб чиқишда берилган топшириқ, хулоса ва таклифлар билан якунланади.
Махсус-тактик ўқув машқлари бевосита тузилмаларнинг жойлашган жойидан ёки шаҳардан ташқаридаги зонага тузилмалар олиб чиқилгандан сўнг, шошилинч ҳабар бериш, йиғиш, техникани олиб чиқиш уларнинг ҳаракатга келтириш билан бошланади.
Тактик вазифа (буйруқлар, кўрсатмаларни) олингач, олинган вазифани тушуниб олиш, шароитни баҳолаш, қарор қабул қилиш ва қўл остидагиларга вазифани бажарилиш самарадорлиги бўйича тушуниб олишлари учун вақт ажратилади.
Машқ якунида раҳбар шахсий таркиб ва техникани текшириш, ўқув машқи олиб борилган ҳудудни тартибга келтириш, тузилмаларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини баҳолаш, разведка ишларини қай даражада олиб борилганлиги, ФМ тузилмалари ва бошқарув органларини тайёрлашда эришилган ижобий томонлар ва йўл қўйилган асосий камчиликлар, уларнинг ҳаракатини баҳолаш, кейинги ўтказиладиган ўқув машқларида нималарга эътибор берилиши бўйича хулоса ва таклифлар бериш билан якунланади.
Комплекс ўқув машқлари босқичлар бўйича ўтказилади. Ўқув машқини тайёрлаш бўйича барча ишлар мажмуи “Фуқаро муҳофазаси режаси” ва “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларда ҳаракат қилиш режаси”га асосланиб, объектнинг ишлаб чиқариш хусусиятини, ҳудуди ва бошқа ўзига хос томонларини ҳисобга олган ҳолда режалаштирилади. Ўқув машқига тайёргарлик тақвимий режага мувофиқ амалга оширилади. Режа ихтиёрий равишда тузилади, уни раҳбарият штаби бошлиғи имзолайди ва ўқув машқи раҳбари тасдиқлайди.
Ўқув машқини ўтказиш ва унинг мавзусига, ўқув мақсадлари ва миқёсига боғлиқ бўлган босқичлар бўйича режалаштирилади. Ўқув машқининг ҳар бир босқичи ўз ичига аниқ бир вақт оралиғини қамраб олган ўқув саволларини ёритиб бериши керак.
Комплекс ўқув машқининг мавзуси тахминан «Зилзила (ёки тошқин, сел оқимлари, КТЗМ ишлатиладиган объектлардаги авария, қишлоқ хўжалиги объектларида юзага келган фавқулодда вазиятлар, қўпорувчилик-террорчилик хуружлари содир этилиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар ва ҳ.к.) оқибатларини бартараф этиш бўйича авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни ташкил этиш ва ўтказиш» бўлиши мумкин.
Ўқув машқининг якуний қисми унинг муҳокамаси ҳисобланади. Муҳокамани ўтказишдан мақсад ўқув машқига якун ясаш ва ўқув мақсадларига қай даражада эришилганлигини аниқлашдан иборат. Муҳокама фақат камчиликларни ёки ижобий ҳаракатларга мисолларни санаб ўтиш билан чегараланиб қолмасдан, асосий диққат ҳаракатлар таҳлилига, вужудга келган шароитга мутаносиб равишда қўйилган вазифаларни бажариш сифатига қаратилиши лозим. Раҳбар томонидан ўқув мақсадига эришиш даражасини аниқлаш, ҳар бир тоифада ўргатилаётганларнинг ҳаракатларига баҳо берилиб, кейинги ўқув жараёнларида ёки қўшимча машғулотларда очилган камчиликларга барҳам бериш борасида вазифалар қўйилади ҳамда зарурий кўрсатма ва таклифлар билдириш билан якунланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |