Мавзу: 2.7. Аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга тайёрлаш.
Режа:
1. Аҳолини, ФВДТ куч ва воситаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлашни ташкил этиш.
2. Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга маънавий-руҳий тайёрлаш.
3. Аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тарғиботи.
4. Фуқаро муҳофазаси бўйича ўқув машқларини тайёрлаш ва ўтказиш.
Фуқаро муҳофазасининг асосий вазифаларидан бири аҳолини ва иқтисодиёт объектларини табиий офатлар, техноген авария ва ҳалокатлардан муҳофаза қилиш ҳисобланади. Бунда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга тайёрлаш масалалари муҳим ўрин тутади.
1999 йил 20 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида” ги Қонуни 18-моддасига асосан “Умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида, ишлаб чиқариш ва турар жойларда аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатиш умумий ва мажбурийдир”.
Ушбу вазифани амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 7 октябрь куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга тайёрлаш тартиби тўғрисида» ги 427-сонли қарорига биноан амалга оширилади.
Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида аҳолини тайёрлашнинг асосий вазифалари:
- аҳолининг барча гуруҳларига фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш қоидаларини ва асосий усулларини, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш йўлларини, оммавий ва шахсий муҳофаза воситаларидан фойдаланиш қоидаларини ўргатиш;
- бошқарувнинг барча поғонадаги раҳбарларини аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат қилишга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
- давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассисларида авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни ўтқазиш учун фуқаро муҳофазаси куч ва воситаларни тайёрлаш, уларда бошқариш кўникмаларини ҳосил қилиш, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишда ходимларнинг ўз вазифаларини амалий эгаллаш.
Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги тоифалар тайёргарликдан ўтадилар:
1. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган аҳоли, умумтаълим мактаблари, идоравий бўйсиниши ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъий назар бошланғич, ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларининг ўқувчилари.
2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, республика, вилоят тасарруфида бўлган шаҳарлар ва туманлар, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари; вазирликлар, идоралар, мулкчилик шаклларидан қатъий назар бирлашмалар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарлари.
3. Давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари ходимлари, ваколатига
аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этиш кирадиган вазирликлар, бирлашмалар, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мутахассислари.
4. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли.
Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлган аҳолини тайёрлаш иш жойларида машғулотлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Умумтаълим мактаблари, лицейлар, гимназиялар, касб-ҳунар таълими ўқув юртларининг ўқувчиларини, ўрта ва олий ўқув юртларининг талабаларини тайёрлаш фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги умумтаълим дастурларига мувофиқ ўқиш вақтида амалга оширилади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, вазирликлар, идоралар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Фавкулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институтида тайёргарликдан ўтади.
Тузилмаларининг раҳбарлари, бошлиқлар таркиби, авария-қутқарув, ҳарбийлаштирилган ва доимий тайёр махсус тузилмалар таркибидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимлари ҳудудий аҳолини ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказларида тайёргарликдан ўтади.
Тузилмалар таркибидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимлари бевосита иш жойларида тайёрланади.
Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳолини тайёрлаш фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш масалалари бўйича суҳбатлар ўтказиш, маърузалар ўқиш, ўқув фильмлари кўриш, яшаш жойида ўқув машқлари ва машғулотларга жалб этиш, шунингдек қўлланмалар ва эслатмаларни мустақил ўрганиш, радиоэшиттиришларни тинглаш, теледастурларни томоша қилиш орқали амалга оширилади.
Иқтисодиёт объектида фуқаро муҳофазаси бўйича тайёргарлик ўтган ўқув йилидаги тайёргарлик якунлари ва янги ўқув йили вазифалари ҳақида туман (шаҳар) фуқаро муҳофазаси бошлиғининг буйруғи ва тегишли вазирликнинг (идоранинг) директив кўрсатмалари; аҳолининг тегишли тоифаларига таълим бериш дастурлари; ҳудудий аҳолини ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказларининг жамлаш режаларидан кўчирмалар; ўтган ўқув йилида объектнинг фуқаро муҳофазаси бўйича тайёргарлик якунлари асосида олиб борилади.
Объектда фуқаро муҳофазаси тайёргарлиги учун қуйидаги ҳужжатлар ишлаб чиқилади:
- объект бошлиғининг ўтган йилдаги тайёргарлик якунлари ва янги ўқув йилининг вазифалари тўғрисидаги буйруғи (ўқув машқлари ва тренировкаларнинг мавзуси, фуқаро муҳофазаси ўқув гуруҳларининг ва машғулот раҳбарларининг рўйхати буйруққа илова қилинади);
- объект раҳбарлари таркиби, тузилмалари, ишчи ва хизматчиларини янги ўқув йилида фуқаро муҳофазаси бўйича тайёрлаш режаси;
- ҳар қайси ўқув гуруҳи учун машғулотлар жадвали;
- ўқув-моддий базадан фойдаланиш жадвали.
Тузилмаларни тайёрлаш, ишчилар ва хизматчиларни ўқитиш ҳақидаги ҳисобот табелга мувофиқ шошилинч топшириладиган маълумот ҳисобланади, унда амалдаги аҳвол акс эттирилган бўлиши керак.
Ҳисобот қисқагина маълумот тарзида топширилиб, унда қуйидагилар баён этилади: ўқув-услубий йиғинлар (уларнинг ташкил этилиши ва якунлари); янги ўқув йили олдидан ишчиларни, хизматчиларни тайёрлаш юзасидан ҳозирлик тадбирларини ўтказиш; объект ишчилари ва хизматчиларини тайёрлашнинг умумий аҳволи (цехларда, хизматларда, ким энг яхшилигини аниқлаш ва ҳ.к.); тузилмалар билан ўтказилган ўқув машқларининг қисқача тавсифи (ижобий томонлари ва камчиликлари); машғулотларни ким ўтказгани, машғулотларнинг қандай таъминланганлиги; ўқув-моддий базанинг аҳволи; фуқаро муҳофазаси меъёрларидан синовлар олиш ведомости; фуқаро муҳофазаси тарғиботининг аҳволи, унинг шакллари ва усуллари; умумий хулосалар, таклифлар, илтимослар.
Do'stlaringiz bilan baham: |