Маҳалладаги ёшлар етакчиси ўз ҳуқуқий мақоми бўйича давлат фуқаролик хизматчиси ҳисобланади ва Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритиладиган лавозим саналади. Шу боис, ушбу лавозимларни эгаллаб турганларнинг фаолияти давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Ёшлар ишлари агентлигининг ёшлар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш зарурати, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Маҳалладаги ёшлар етакчиси давлат фуқаролик хизматчиси сифатида ўз фаолиятида қуйидаги асосий принципларга таяниши лозим:
давлат хизмати тизимининг ягоналиги ва барқарорлиги;
қонунийлик ва адолатлилик;
халққа хизмат қилиш;
инсон ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари устуворлиги;
очиқлик ва шаффофлик;
профессионаллик ва компетентлик;
давлат фуқаролик хизматига кириш учун тенг имкониятлар;
давлат хизматчиларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси;
давлат органларининг жамоатчилик олдида ҳисобдорлиги.
2. Маҳалладаги ёшлар етакчисининг асосий вазифа ва функциялари
Янги лавозимнинг жорий этилишидан кўзланган асосий мақсадлардан яна бири бу ёшлар билан ишлаш соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигига эришишдир. Давлат бошқаруви давлат функцияларининг, яъни унинг асосий йўналишларига тааллуқли бош вазифаларни ҳал этиш фаолиятини амалга оширилишининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Давлат функциялари иқтисодиётда, ижтимоий соҳада, сиёсий муносабатларда, жамият ҳаётининг маънавий соҳаларида турлича намоён бўлади. Жамият тараққий этган сари вазифалар ўзгариб боради, давлатнинг аввалги функцияларининг ўзгариши ва янгиларини вужудга келишига олиб келади.
Функциялар давлат, давлат органи, ушбу лавозимни эгаллаб турган давлат хизматчиси уларнинг олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун айнан нималарни амалга оширишлари зарурлигини кўрсатиб беради.
| Давлатнинг функцияларини, унинг вазифа ва мақсадларига боғлиқ, аниқ характерга эга бўлган муайян давлат органлари функцияларидан фарқлашимиз лозим. Айнан функцияларда давлат ва унинг аниқ органлари табиати ва ижтимоий мақсадлари намоён бўлади. Функцияларнинг мазмуни ушбу давлат, унинг органлари нима билан шуғулланишлари ва аксарият қандай масалаларни ҳал этишини кўрсатади. Функциялар давлатнинг, давлат органининг, лавозимдаги давлат хизматчисининг улар олдига қўйилган вазифани ҳал этиш учун нималарни амалга ошириш зарурлигини кўрсатади.
Ҳар қандай давлат фуқаролик хизматчисининг мажбуриятлари мавжуд, ушбу мажбуриятларни бажариш ундан кутилаётган мақсадга яқинлаштиради ва уни ноқонуний хатти-ҳаракатлардан асрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |