Нима учун Ёшлар етакчиси бундай вазиятга тушиб қолди?
Муаммони ҳал этиш ва давлат хизматчиси ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қандай йўл тутиши керак?
Жавоб: давлат фуқаролик хизматчиларини, шу жумладан,
ёшлар етакчисини унинг функционал вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш қатъий тақиқланади. Етакчи ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билиши лозим.
Меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолати бўйича биринчи навбатда юқори турувчи ташкилот сифатида Ёшлар ишлари агентлигининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлимларига, Туман (шаҳар) сектор раҳбариятига, Давлат меҳнат инспекциясига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳудудий филиалларига зудлик билан хабар берилиши лозим.
2-кейс
Тоштемир Пўлатов яқинда Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалладаги ёшлар етакчиси лавозимига ишга қабул қилинди. Тез кунларда унга маҳалладаги ёшлардан ижтимоий ҳимояга муҳтожлик бўйича аризалар келиб тушди. Қисқа муддат ичида ёшлар етакчиси ушбу аризаларни мониторинг қилиб, улар бўйича тезкор қарор қабул қилиши лозим эди.
Аммо аризалар сони кўплиги туфайли ёшлар етакчиси жисмонан ўзига юклатилган вазифани вақтида амалга ошира олмади ва бу ҳолат ариза берувчи ёшларни ёшлар етакчиси ва ҳокимликка нисбатан ишончини сўндирди.
Нима учун ёшлар етакчиси бундай вазиятга тушиб қолди?
Вазиятни ижобий томонга ҳал этиш учун нималарга эътибор бериш керак эди?
Жавоб: ёшлар етакчиси ўз маҳалласидаги ёшларнинг моддий-ижтимоий аҳволи тўғрисидаги зарур бўлган маълумотларни “Ёшлар мурожаати” электрон платформаси орқали кечиктирмай киритиб бориши керак эди, шунингдек, ўз маҳалласи бўйича “Ёшлар баланси”ни яратиш, ёшларга оид зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ахборот тизимига киритиб бориш, айниқса, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан самарали иш ташкил қилиши лозим эди.
(Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6208-сонли Фармони; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 октябрдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 617-сонли қарори; Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалладаги ёшлар етакчиси лавозим йўриқномаси.)
3-кейс
Фуқаро 30 ёшли ўғли мигрант сифатида Россия Федерациясига ишлаш учун кетганлиги боис ўз набирасини мактабгача таълим муассасасига жойлашга ариза топшириш учун маҳалладаги ёшлар етакчисига мурожаат қилди. Ўзи билан боланинг туғилганлик гувоҳномаси, ота-онасининг паспорт нусхаси ҳамда ота-онанинг никоҳ гувоҳномасини олиб келган.
Ёшлар етакчиси фуқародан қўшимча ҳужжат (ота-она томонидан бериладиган нотариал тасдиқланган ишончнома) талаб қилди.
Етакчи нотариал ишончнома бўлмаган тақдирда набирасининг ота-онасининг ўзи келиши лозимлигини маълум қилди.
Фуқаро бундан норози бўлиб, Етакчига ўз эътирозини билдирди. Етакчи вақти чекланганини маълум қилиб, ҳолат бўйича батафсил тушунтириш бермади. Етакчи мазкур масалани ҳал этиш учун тегишли Давлат хизматлари марказига боришни ёки электрон сайт орқали мурожаат қилиш лозимлигини таъкидлади.
Савол:
1. Бу вазиятда Етакчининг хатти-ҳаракатига қандай баҳо берасиз?
2. Нима учун бундай вазият юзага келди?
3. Сизнинг маҳаллангизда бу ҳолат юз берганда қандай йўл тутардингиз?
4. Мазкур жараёндаги вазиятни таҳлил қилиш асосида муаммони ҳал қилиш йўлларини аниқланг.
5. Ушбу вазиятда катта ёшли фуқаро набирасини МТМга жойлаш учун ариза жўната оладими?
Ечим: ҳа, жўната олади. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сонли қарори билан тасдиқланган Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентининг 8-бандига асосан, ота-оналар, уларнинг ўрнини босувчи шахслар (фарзандликка олувчилар, васийлар ва ҳомийлар), болаларнинг яқин қариндошлари (бобоси, бувиси, вояга етган акаси ёки опаси) ёки учинчи шахслар ариза берувчилар сифатида мурожаат қилишлари мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |