2. Эконометрика фанининг предмети ва вазифалари Эконометрика фанида, ижтимоий-иқтисодий ҳодисалар натижаси орқали шаклланган кўрсаткичларнинг боғлиқликларини моделлаштириш ва прогнозлаш учун статистика воситалари қўлланилади.
Эконометрика фани пайдо бўлгандан ҳозирги пайтга қадар олимлар томонидан турлича таъриф берилган.
П.Цьемпа фанга таърифи қуйидагича: Эконометрика – агар бухгалтерия ҳисоби маълумотларига алгебрия ва геометрия усуллари қўлланса, у ҳолда хўжалик фаолияти натижалари тўғрисида янада чуқурроқ тасаввурга эга бўлиш мумкин.
Р.Фриш томонидан фанга қуйидагича таъриф берилган: Эконометрика – бу назария статистика назарияси, иқтисодий назария ва математик статистикадан фойдаланган ҳолда қўлланиладиган бирликдир.
И.Елисеева, С.Курышева ва бошқалар [4] томонидан чоп этилган адабиётда қуйидагича таъриф берилган: Эконометрика – бу иқтисодий ҳодисалар ва жараёнлар ўзаро боғлиқлигининг миқдорий ифодасини ўрганувчи фан.
Мамлакатимиз олимларидан Б.Ходиев, Т.Шодиев ва Б.Беркиновлар [5] томонидан нашр этилган ўқув қўлланмада «Эконометрика – бу иқтисодий ҳодисалар ва жараёнлар ўзаро боғлиқлигининг миқдорий ифодасини ўрганувчи фандир» деб таъриф берилган.
Р.X.Алимов ва бошқалар [6] томонидан ёзилган ўқув қўлланмада «Эконометрика – миллий иқтисодиётнинг барча тармоқларини комплекс таҳлил қилиш, барқарор иқтисодий ўсишнинг кўп вариантли моделларини яратиш, миллий иқтисодиётни модернизация қилиш ва тақчил ресурслардан оптимал фойдаланиш йўналишларини аниқлаб беради» дейилган.
Профессор И.Ҳабибуллаев [7] томонларидан фанга «Эконометрика – иқтисодиётдаги миқдорий қонуниятлар ва ўзаро боғлиқликларни математик статистика усуллари ёрдамида тадқиқ қилувчи фан» деб таъриф берилган.
Биз юқоридаги олимлар томонидан фанга берилган таърифларга қўшилган ҳолда қуйидагича изоҳлаймиз: «Эконометрика – иқтисодиётдаги эмпирик маълумотларни ўрганиш асосида иқтисодий боғлиқликлар ва шу боғлиқликлар асосида ишлаб чиқилган моделларни статистик баҳолаш ҳамда таҳлилини миқдорий ифодасини ўрганувчи фандир».
Эконометрика фанининг предмети – иқтисодиётдаги ҳодиса ва жараёнлар асосида шаклланган кўрсаткичларни ўзаро боғлиқлигини статистик ўрганиш ҳамда баҳолашга оид иқтисодий муносабатлар йиғиндисидир.
Эконометрика фанининг мақсади – иқтисодий муносабатлар мавжуд объектларни моделлаштириш ва уларга миқдорий ўлчам бериш ҳамда таҳлил қилиш усулларини ишлаб чиқиш.
Фаннинг ушбу мақсадидан келиб чиқиб, қуйидаги асосий вазифалари мавжуд:
иқтисодий кўрсаткичларни таҳлил қилишда ва ушбу соҳада вужудга келиши мумкин бўлган, амалий муаммоларни ечишда, эконометрик усуллар ва моделлар ҳамда замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдалана олишни ўргатиш;