1962 йил 13 март
БЎЛУР АТТАНГ – САВТИ-НАВО
Баъзи хўжалик раҳбарлари
ўтган йилги ютуқлардан
керилиб, қишки тадбирларни
пайсалга соляптилар.
«Планим юз, юзим ёруғ,
Чакки бўлмас мен керилсам.
Омад экан, номим қутлуғ,
Ҳаққим борки, ўйнаб кулсам».
Фурсат ўтар, у ҳар жойда,
Ютуқларин қилади пеш.
Таъмир иши ўлда-жўлда,
Шудгорлашда унум йўқ ҳеч.
Ўтган қишда зир югуриб,
Қилган ишин унутган у:
Ширин тушин бузиб туриб –
Меҳнат қилиб, сўнг ютган-ку.
Энди эса, кибру ҳаво,
Бор-йўғини билолмайди.
Қулоғига ёқар наво –
Бошқасини тан олмайди.
Қачонгача этар давом:
«Юз-юз», «ич-ич» - кайфу сафо.
Эрта экиш пайти етгач,
Бўлур аттанг – савти наво.
«Сирдарё» газетаси 10 январь 1965 йил.
БАСАВЛАТ КЛУБЛАР
«Найза» рукни остида
«Клублар қуруқ савлатгами»
номли мақола эълон қилинган,
унда «Сирдарё» райони айрим
хўжаликларидаги клублар ишида
мавжуд нуқсонлар танқид қилиниб,
ўша жойдаги аҳолининг хиргойиси
сифатида ушбу шеър келтирилган.
Клублар, клублар, басавлат клублар,
Кинога пул йиғар – бадавлат клублар.
Кечалар ўтказиш амри-маҳолдир,
Бир концерт эшитмоқ орзу, хаёлдир.
Санъаткор кўп бизда, йўқдир эътибор,
Саҳнамиз бўш турар, санъаткорга зор.
Ҳаваскор тўгарак тузайлик десак,
Раҳбарлар тебранмас, гўёки кесак.
Билмадик уларда йўқми қалб – юрак,
Санъатни севмас қалб кимга ҳам керак.
Клублар, клублар – нақшинкор бино,
Бир ойда кўрамиз бир-икки кино.
«Сирдарё» газетаси, 8 июнь 1965 йил.
ТЎРТЛИКЛАР
Умидсизлик менга бугун ёт,
Тушкин руҳдан йўқ ҳеч ҳамдамим.
Тўсиқлардан ўтаман дил шод,
Ҳайратимдан чилпарчин ғаним.
Х Х Х
Олимман деб керилма ҳеч ҳам,
Ҳали барча тан олганча йўқ.
Инсон бўлгин, бўлмагайсан кам,
Олимликдан инсон ном улуғ.
Х Х Х
Сен ҳам инсон! Оламда бир янги из –
Қолдиролгин, бўлса бўлсин яхшилик.
Не қилдим деб, эрта демайлик эсиз,
Ҳисса қўшгин, ўсиб унсин яхшилик.
Х Х Х
Ҳар лаҳза ғанимат, кўкрак кермагин,
Беҳуда ўтган дам умрга тузоқ.
Фурсат оз, қўлингдан ҳеч бой бермагин,
Афсус, надоматдин туролгин узоқ.
Х Х Х
Тилёғлама тилини олсанг суғуриб,
Қайта дуч келмасдинг ширин алдовга.
О, ана хизмаида, елиб-югуриб –
Чиққанга ўхшайди янги бир овга.
Х Х Х
Номарднинг номини тилга олма бас,
Қолмасин ундан ҳеч келажакка сас.
Инсонда доимо тўғрилик ўссин,
Қулоч отсин мудом мардликка ҳавас.
Х Х Х
Қўлга киритгандим яхши олмани,
Қўлга киритгандинг, яхши, ол мани.
Ол яноғинг эсладим унга боқиб,
Ол яноққа зор юрибман, сен қани?
Х Х Х
Кўрганда жилмадинг, қолди табассум,
Ихтиёрим эгаллаб олди табассум.
Учрашинг ўзи ҳам бир олам севинч,
Аланга қалбимга солди табассум.
Х Х Х
Саҳро қуёшини эмиб бир қара,
Тафтидан вужудинг ёниши аниқ.
Ул санам ёғдуси удан-да сара
Олов – қовжироқ дил, хониши аниқ.
Х Х Х
Шеърларим, қанотлан учгил ёримга,
Соғинчим етказгин дилда боримга.
Мамнун бўлар эдим, ёр сени ўқиб,
Тушуниб етса гар менинг зоримга.
Х Х Х
Илк бора қўлда соз, куйлатган ўзинг,
Ишқингда булбулдек сайратган ўзинг.
Турфа турланишу ишва ноз билан
Кечалари бедор ўйлатган ўзинг.
Х Х Х
Қалбимга шубҳалар ҳеч этмас таъсир,
Ишқингда, у гўё бузилмас қаср.
Парвойингга сира келмайди сенинг,
Қилиб қўйиб мени ишқинг-ла асир.
Х Х Х
Кулгинг жаранглади, қарадим, кўрдим,
Сенинг ўзинг дея, у томон юрдим.
Кўзим ололмадим, термилиб турдим,
Йўқ, ўзга – ҳижолат, юзимни бурдим.
Х Х Х
Баҳор нашидаси - жамолинг гўзал,
Нафосат туҳфаси – камолинг гўзал
Яратгандан тилаб тураман ҳар он –
Ўзимга эш кўриб, иқболинг гўзал.
Х Х Х
Сени кўрдим, ўзим йўқотдим,
Айтадирган сўзим йўқотдим.
Юрак титрар – ярадор оҳу,
Телбалик-да, изинг йўқотдим.
Х Х Х
Олам оғушида турфа ҳангома,
Сенга интиқ кўнгил, ёз дер бир нома.
Қўшиққа монанд куй чертиб чорлайди,
Малак боқишингга қилади шама.
Х Х Х
Мумтоз куй оҳанги қалбда кезади,
Париваш имосин ҳис-ла сезади.
Ноз билан боқишдан олди-ю олов,
Сатрлар тизгинин ишқ-ла безади.
Х Х Х
Кўксимда бор ғулув, интилиш ўзинг,
Инжудек тишларинг ажиб бир дунё.
Дилгинам яйратар сўзлаган сўзинг –
Ёлқинли қалбингдан отилган рўё.
Do'stlaringiz bilan baham: |