1 август 1962 йил.
Жомбой меҳмонхонаси.
СЎНГГИ ХАТ
Нега хат ёзди деб ҳайрон бўлманг. Ёзмай туролмадим, ички туғён ёзишга мажбур этди… Ҳа, зора шу хат билан юракдаги дардларим бўшаса. Мен учун энг азиз ва лазиз – унутилмас, лекин сиз ёддан чиқарган дамларни эсингизга солмоқчиман. Ҳа, сизни қанчалик севганлигим ва кейинги афсусимни баён этмоқчиман.
Мана, биринчи учрашув… Йўлакдан ўтар экансиз, ҳали танимас эдим. Қарашларингиз менга жуда ёқимли, соф кўринди. Хатти-ҳаракатларингиз жозибали, юракни жиз эттирган эди. Чиникамига сиз билан қизиқиб қолдим. Бундай ҳолга илк бор тушишим эди. Суриштириб, англадим. Сиз университатга кираётган экансиз, бунинг устига биз ўқиётган факультетга... Ҳали ўқиш бошланмасдан бир неча марта салом-алик қилишга ҳам улгурдик.
Ўқиш бошлангач, ҳар танаффусни зориқиб кутардим: хаёлим фақат юзларингиз, ўшал боқишларингиз бир кўрсам… Кунлар ўтар эди. Сиз илк ёққан оташ юракни забт этиб, мени беҳаловат қилар, кечалар баъзан уйқу қочиб, бедор бўлиб чиқардим. Шунадй кунларда, ҳатто шифокорга мурожаат эжтиб, ухлатадирган дори сўраганман. Нима қилардим, дори таъсири икки-уч соат давом этар, яна уйқусизлик…
Мана, дил сирини очиш они. Ўн еттинчи сентябрь… Ҳали кеч кирган эмас, қуёш ёғдусини атрофга сочмоқда. Ётоқхона боғидаги гуллар орасида ўзгача чирой касб этиб турган пушти ранг гул менинг ҳавасимни келтирди. Уни узиб олдим. Атрофимдан талабалар юриши узилмайди. Гулни уздим-у, ўзим ҳижолатда қолдим. Нима қиларимни билмай юрак урарди. Таниш қизлардан бири келяпти, шунга бериб қўя қолсамми?.. Йўқ мен гулни бекитдим. У ҳам дугонангиз эди, сўзлашиб турган эдик, сиз ҳам етиб келдингиз. Мени қандайдир бир куч мажбур қилиб, яширган жойимдан гулни олиб, сизга узатдим. Қўлимни қайтармадингиз, дугонангиз кулиб қўйди…
Шу-шу бўлди-ю, яна кунлар кетидан кунлар ўтди. Энди сиз билан тез-тез кўришадиган, узоқ қолиб суҳбатлашадиган бўлдик. Шундай кунлардан бирида, севгини чинакамига изҳор этиш они етиб келганини билмай қолдик…
Одатдагидек, суҳбатлашиш учун келган эдим, кўп ўтиргач, сиз:
- Қизлар гап қиляпти… - дедингиз. Мен буни бирдан фаҳмладим. Шунда яна: «Айни ўрни келди», - деб ўйладим, ўзимча.
- Нима қилипти, хўп… шу… қизлар айт…ганча бўлса, нима дейсиз? – зўрға дудуқланиб, ҳаяжон билан гапирдим. Сиз жим қолдингиз ва охири:
- Ҳозир сизга ҳеч нима дея олмайман, - дедингиз.
Сиздаги самимиятни кўриб, қувончим тошиб кетди. Сизга бўлган меҳрим тобора ошиб борарди. Энди танаффуслардагина эмас, ўқишдан сўнг ҳам бир-икки соат кўрмасам тура олмас эдим. Юрагим қинидан чиққудек сиз томон талпинарди.
Ҳайрон бўлдим… бир кун ўз-ўзидан (билмадим, бу сизга хос одатдир), тўсатдан:
- Характеримиз тўғри келмас экан, - деб мени ҳайратда қолдириб, сўзлашмасдан кетдингиз. Ҳангу манг бўлиб қолдим. Бир неча марта чақириб, гаплашмоқчи бўлдим, ҳар сафар ҳам терс-қўрс жавоб қайтардингиз. Шундан сўнг бир йўла умидни уздим… Шундай бўлса-да, боғланган кўнгил эмасми, ҳар кўрганда жаз-жаз этарди...
Кунлардан бирида, энг яқин дугонангиз менга суратингиз келтириб берди. Ҳайрон бўлдим, нима қиларимни билмайман. Юрак сизга қараб, янгидан талпина бошлади. Суратингиз ёнимдан тушмас эди, лекин журъат этиб, гаплаша олмай юрдим… Сабрим тугаб борар эди.
- Саодат, - дедим бир кун йўлда тўхтатиб, - нима бўлди… Шундай юра берамизми?
Сиз жавоб бермай, ерга қараб тура бердингиз.
- Саодат, рости… Очиқ айтинг?.. – Яна қистоққа олдим.
- Бахтиёр ака, хўп, кўрамиз…
- Шу, кўрамиз деманг, гумоннинг нима кераги бор?
- Ҳа, майли… Сиз айтганча…
Кеч кирган эди, биз четроққа чиқдик, қанча ўтирдик, эслай олмайман… Шунда сизни «бахтим» деб илк бор қучганим, кулиб турган оппоқ юзларингиздан илк бор бўса олганим эсимда… Ҳа, илк бўсани унутиб бўлмайди. Иккинчи кун кеч ҳам ўша манзил…
Кунлар, ойлар ўтди. Менда ишонч тобора мустаҳкамланиб, сизга тобора қаттиқроқ боғланиб қолган эдим. Учрашувлар ҳам аввалгиларидан кўра анча тезлашган эди. Иккимизга ҳам ҳазил қилиб гап отувчилар сони ҳам орта борди. Уларнинг гап-сўзи кишига янада куч-қувват, руҳият бахш этиб, олға ундарди. Ҳа, севгимиз, аллақачон барчага ошкор бўлган эди. Эҳ, у дамлар… шодлик дамлари, айтиб адо бўлмас.
Ана шундай руҳият осмонида кезиб, бахтиёрлик гаштини суриб юрган кунларимнинг ҳавога соврулиб кетишини тасаввур ҳам қила олмаганман. Афсуски, шундай бўлди…
Кулардан бирида кечроқ ётоқхонанинг ёнидаги дарахтлар ёнидан ўтарканман, кулги-қаҳқаҳани эшитиб қолдим ва бурилиб қарадим. Кўзим сизга ва тиржайиб турган қарочадан келган К. исмли йигитга тушди. У сизга нималарнидир сўзлаб, ўз сўзидан ўзи завқланиб кулар, оқ момиқдек – ўш мен учун қанчалик азиз бўлган билакларингизни қўлидан бўшатмас, қўли бўш бўлмаганлигидан пешонасига тушиб, тўзғиб кетган сочларини тўғрилаш учун калласини чивинлаган отдек силкилар эди. Чидай олмай бурилиб уйга кетдим. Уйда ҳам туролмадим, яна қайтиб ўша жойга бордим. Ҳеч ким йўқ эди. Ётоқхонангизга бордим. Бугун учрашарканман, юзларингизда доимо мени шайдо этиб турган сеҳрли боқишларни кўрмадим. Унда кўнгилсизликдан дарак берувчи – совуққонлик сезилиб тутрарди.
- Қўйинг, энди менинг олдимга келманг, - дедингиз.
- Нега? – ҳайрон бўлиб сўрадим.
- Бўлмайди.
- Нима бўлмайди?
- Бўлмайди-да, бўлмайди.
- Саодат?..
- Ҳа, нима дейсиз?
- Ахир…
- Нима ахир?.. Менга боғланиб қолганмидингиз? Мен сизга ваъда берганмидим? Ўқишга келмасимдан бурун ҳам мени ўйлармидингиз? Мен ўлиб кетсам, нима қилар эдингиз?..
Қўйингки, мени оғиз очдирмай, жавраб кетдингиз, бўлмағур гаплар айтиб, мени жеркиб ташладингиз. Нима дейин, сизга гап айтишни фойдасиз билиб, олдингиздан кетдим. Кечаси билан мижжа қоқмай чиқдим, кўз олдимдан ўш тиржайган таниш юз кетмасди. «Наҳот, аҳду паймон шунчалик ёлғон бўлса», - деган фикр бошимни қотирарди.
Иккинчи куни ҳам у билан ётоқхона эшигидан нарироқдаги кичкина олча дарахти ёнида кечаги кайфият давомини кўргач, мен аҳмоқ бўлиб, сизнинг вафосиз, беқарор танбурингизни чертаётганимни сездим ва:
Ёр экансан билмадим,
Дилдор экансан билмадим.
Серҳунар тилинг билан
Алдар экансан билмадим, -
деган халқ қўшиғини эсладим ва бу бежиз айтилмаганлигига ишончим комил бўлди.
Балки бу кўнгил, бошқа бирор гулга меҳр қўяр, у сиздек вафосиз бўлмас. Афсуски, мен хаёл қилгандим ва орзулагандим: бир қизни севаман, ҳа, охиригача севаман деб, буни сиз чилпарчин қилдингиз. Иккинчи афсусим, чинакам севги деб олинган илк бўсаларга ачинаман, у бўсалар вафо ва садоқат учун олинганди, янглишдим… Қайтариш қийин, албатта.
Кўнгил янглишаркан, афсус, йўқ илож,
Қани, қайтаролсанг, тўлаб минг хирож.
Шу билан хатимни тугалласам бўлар. Хайр, эй бевафо санам! Унутилган севгилингиз Бахтиёр.
Do'stlaringiz bilan baham: |