3. “Савол-жавоб” методи мавзунинг талабалар томонидан қандай ўзлаштирилганлик даражасини аниқлаш учун хизмат қилади. Бунда ўқитувчи моҳияти ёритилган мавзу юзасидан саволлар тайёрлайди ва уларни талабаларнинг эътиборларига ҳавола этади. Талабалар берилган саволларга жавоб қайтариш орқали мавзуни ўзлаштирганлик даражасини намойиш этадилар. Методни қўллашнинг самарадорлиги савол-жавобларнинг аниқ, қисқа ва тушунарли тарзда ифода этилиши, айнан мавзуга доир бўлишига боғлиқ.
4. “Менга сўз беринг” методи талабаларда ўрганилаётган мавзу, муҳокама қилинаётган масала ёки тадқиқ этилаётган муаммо бўйича шахсий фикр-мулоҳазаларини билдириш, фикрларини далиллар билан исботлаш, уларни ҳимоя қилиш, мантиқий хулосаларни илгари суриш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Метод ўқитувчи ва талабалар ўртасидаги таълимий ҳамкорликни қарор топширишга ёрдам беради. Машғулот жараёнида ушбу методни қўллашда талабалар дарснинг ташкилий жиҳатлари, самарадорлиги хусусида ўз фикрларини баён қилиш имкониятига эга бўладилар.
Маърузада талабаларга бериладиган топшириқ:
1-мавзу: Кадрлар тайёрлаш миллий модели. Ҳозирги
даврда педагоглик касби ва унинг вазифалари
Режа:
1. ЎзРнинг кадрлар тайёрлаш миллий модели ва унинг моҳияти.
2. Кадрлар тайёрлаш миллий моделининг асосий таркибий қисмлари.
3. Педагоглик касби, унинг пайдо бўлиши ва равнақ топиши.
4. Шарқ мутафаккирлари ва Ғарб педагоглари жамиятда педагоглик касбининг тутган ўрни ҳақида.
5. Ўқитувчининг асосий вазифалари ва унинг шахсига қўйиладиган талаблар.
6. Педагогик маҳоратни эгаллаш йўллари.
ЎзРнинг Кадрлар тайёрлаш миллий модели ва унинг моҳияти. Мустақиллик йилларида ЎзРда узлуксиз таълимни такомиллаштириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ана шу мақсадда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Ҳар қандай жамиятнинг кучи фуқароларнинг маънавий етуклиги, интеллектуал салоҳиятга эгалиги билан белгиланади. Фуқароларнинг маънавий етуклиги, интеллектуал салоҳияти эса таълим тизимининг мазмуни, шахснинг ҳар томонлама шаклланиши учун хизмат қилувчи моддий ва маънавий шарт-шароитларнинг мавжудлиги, жамиятда қарор топган ижтимоий соғлом муҳит даражаси, ижтимоий муносабатлар моҳияти, шунингдек, аҳолининг этнопсихологик хусусиятлари, ахлоқий қарашлари ва ҳаётий эътиқодлари асосида шакллантирилади.
“Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” қандай ҳужжат? Унинг мазмунида қандай ғоялар ифода этилган?
“Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” ЎзРнинг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ғояларига мувофиқ, миллий тажрибанинг таҳлили ва таълим тизимидаги жаҳон миқёсидаги ютуқлар асосида тайёрланган ҳамда юксак умумий ва касб-ҳунар маданиятига, ижодий ва ижтимоий фаолликка, ижтимоий-сиёсий ҳаётда мустақил равишда мўлжални тўғри ола билиш маҳоратига эга бўлган, истиқбол вазифаларини илгари суриш ва ҳал этишга қодир кадрларнинг янги авлодини шакллантиришга йўналтирилгандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |