Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
www.ziyouz.com kutubxonasi
57
хаёлимга келаверади. Ана, эс-ҳушини йўқотиб, телбаваш бўлиб қолган
она темир тобутни
қучоқлаб дод соляпти. Тобут ичида ётган қорақош, қоракўз ўғлини кўриб тургандек... Темир
тобут нега бунчалик совуқлигини, формалин ҳиди қаёқдан келаётганини ўйлашга ҳоли йўқ.
Билмайдики, қути ичида жондан азиз боласининг ичак-чавағи ағдарилиб ётибди...
Июнь ойининг йигирма иккинчи куни
Чақчаронга карвон олиб бордик... Ўқ-дори ортилган КамАЗлар, бензавозлар, ҳатто автокран
ҳам. Карвонни кузатишнинг аниқ тартиби бор. Энг олдинда бошқарувчи танк,
кетидан БТР,
ундан кейин КамАЗлар, кейин ,тағин танк, кетидан бошқа КамАЗлар, бензавозлар, автокран...
орқасидан яна БТР,
уларнинг кетидан бизнинг танк, ортимиздан яна иккита БМП... Одатда,
бошқарувчи танкда минага дуч келса бешикаст портлатадиган мослама бўлади. «Тухум», дейди.
Аммо мина дегани ҳам анойи эмас. Баъзан карвон энди ўтиб бўлди деганингда тўсатдан портлаб
қолади. Механизми шунга мослаштирилган... Хуллас, йўл олис, хатарли эди. Энг хавфлиси
қишлоқ яқинидан ёки чакалакзор орасидан ўтиш. Хайрият, манзилга омон-эсон етдик.
Қайтишда тағин ўша тартибда йўлга тушдик.
Бошловчи танк, юкини бўшатган бензавозлар,
БТР,
юкини алмаш-тирган КамАЗлар, БМП, яна КамАЗлар,
бизнинг танк, ортимизда иккита
БМП...
Атроф бийдек чўл. Танк ичи чангга тўлиб кетган. Нафас олиб бўлмайди... Бунақа пайтда ўқ
ўтмас нимча у ёқда турсин комбинезон ҳам ортиқчалик қилиб қолади. Икки кеча ухламаганмиз.
Автоматим тасмасини люк қопқоғига илганча, туйнуқдан бошимни чиқариб боряпман. Кўзим
юмилиб кетяпти. Бир лаҳза, ақалли бир сония ухлаб олгим келади.
Викторнинг хавотирли овозидан чўчиб уйғонгандек бўлдим.
— Мой босими тушиб кетяпти, командир. Мотор қизиб кетди.
Бошловчи танкка хабар қилдим.
— Ўртоқ командир! Етмиш олтинчининг мотори қизиб кетяпти.
Шлемофонда капитаннинг ҳорғин овози эшитилди:
— Тушундим... Олтмиш бир! Ортингдаги «қутилар» сени кутади.
Демак, тўхташим керак: «олтмиш бир», дегани — тўхта, деган маънони англатади.
«Қутилар» эса орқада келаётган БМПлар.
Карвон чанг кўтариб, йўлида давом этди. Бизлар бийдек чўлда тўхтаб қолдик. Орқамизда
турган БМПдагилар хуноб бўлишар, ҳар лаҳзада «тезроқ бўл, броня», деб қисташар эди
:
Йўлга тушдик. Уч-тўрт чақирим юрмасдан танк яна секинлади.
— Командир! — деди Виктор хавотирланиб. — Мотор қизиб кетди. Яна бир чақирим юрсак,
двигатель ишдан чиқади.
Танк ичи чиндан ҳам дўзахдек қизиб борар эди. Бошловчи танкни чақириб,
вазиятни
тушунтирдим. Шлемофондан капитаннинг норози тўнғиллагани эшитилди:
— Олтмиш бир. Сабр қил, шатакка олишади.
Люкдан бошимни чиқариб, атрофни кузатдим. Қуёш аёвсиз қиздирар, кўз илғагунча кетган
қумлар кўнгилда ғашлик уйғотар, олисда, йўлнинг ўнг томонида чакалакзор кўзга чалинар эди.
Бехосият жой... Бошқа танк келиши билан машинадаги сим арқонни унинг «думи»га уладик.
Танк вағиллаганча орқасидан қуюқ тутун, чанг-тўзон кўтариб судраб кетди. Ортимиздаги
БМПлар ҳам йўлга тушди. Ҳамон люкдан бошимни чиқариб, кузатиб борардим.
Пинакка кетдим шекилли... Онамни тушимда кўрдимми — ўнгимдами, билмайман. Аммо
овози қулоғимга ўқдек кирди:
— Кўзингга қара, болам, чуқур бор!
Даҳшатли гумбурлашдан танк силкиниб кетди. Бошим люк қопқоғига урилиб, ҳушимни
йўқотдим. Хаёлим жойига келганида беихтиёр энгашиб, пастга қарадим. Ўнг томондаги занжир