www.ziyouz.com kutubxonasi
55
холи пайтни танлаган бўлиши мумкин. Кейинги кунларда йўллар камқатнов бўлиб қолган,
пасқам жой... Майор кабинага ўтириб, эшикни қарсиллатиб ёпди.
— Ҳайда!
Бояги одамлар мотор овозини эшитиб, шу томонга қарадию шоша-пиша машинасига
югурди. «Урал» пастликка шўнғиди. «Бурбухайка» ўрнидан жадал жилиб, юриб кетди.
Бояги жойга етиб келганимизда янги кавланган чуқурга кўзим тушди. Ҳўл тупроқ қорайиб
турарди. Майор кабина деразасидан бошини чиқариб, «Бурбухайка» томонга автоматдан ўқ
узди. Трассаланувчи ўқлар оловли из қолдириб учиб бораётгани кўриниб турар, бу — тўхта,
деган буйруқни билдирарди.
«Бурбухайка» тўхташ ўрнига шиддат билан елиб борарди. Хайриддин иккаламиз
автоматларга ёпишдик. Афғон машинаси зум ўтмай тепалик ортига шўнғиб, кўздан йўқолди.
«Урал» қир устига чиққанида «Бурбухайка» тағин кўринди. Йўлнинг чап! томонида, бир
чақиримча нарида қишлоқ кўзга ташланарди. Энди ҳаммаси аён эди. «Дух»лар ими-жимида
мина қўйиб қоронғи тушмасдан қишлоққа кириб олишни мўлжаллаган. Эрталаб ҳеч нима
бўлмагандек, яна йўлига кетаверади.
Майор ўша томонга тағин ўқ узди. «Бурбухайка» катта йўлдан қишлоқ томонга бурилиб
адир тепасига чиқа бошлади. Аммо йигирма-ўттиз қадам юрмасдан кечаги ёмғирдан кейин
аталаси чиқиб кетган лойда тайғона-тайғона тўхтаб қолди. Кучаниб вағиллаганча
ғилдиракларидан лой сачратишга тушди. Бизнинг машина рўпарага келиб тўхташи билан
«Бурбухайка» кабинасида автомат тариллади. «Урал»нинг чап эшиги тарақлаб очилганини
эшитдим. Ҳайдовчимиз бошини чангаллаган кўйи чинқирганча кабина зинасига йиқилганини
кўрдиму ўзимни ерга ташладим. Қарасам, ёнимда Хайриддин ётибди. Ранги қув ўчиб кетган...
Майор ўнг эшикдан тушди. Оқсоқланиб кабина олдига ўтди-да, «Бурбухайка»га тўхтовсиз ўқ
уза бошлади.
«Бурбухайка» эшиги ҳам очилди. Саллали бир одам лойда тайғониб тепаликка қоча
бошлади. Аниқ кўриб турибман, «дух» бошини елкаси орасига тортиб, лойда сирғана-сирғана
қочиб борар, қўлида қуроли йўқ эди. Ё отишмада қуроли ишдан чиққан, ё автомат шеригида
қолган. Ҳозир буни ўйлаб ўтиришга вақт йўқ эди.
— Тўхта! — Хайриддиннинг овозида ҳаяжон, аниқроғи, қўрқув борлигини ҳис этдим.
— Тўхта! — деди Хайриддин адир томон югуриб. У қандайдир дақиқалар ичида «дух»га
яқинлашиб борди. Орада беш-олти қадам қолди. Жонҳолатда кетидан югурдим.
— Қўлингни кўтар! — деди Хайриддин қичқириб. «Дух» тўхтади. Секин бурилиб қаради-да,
қўлини кўтарди. Бошида салла, қоп-қора соқоли кўксига тушган, ранги қув ўчиб кетган эди.
Хайриддин ҳамон югуриб борар, негадир автоматини ўқталиш ўрнига ҳадеб бир сўзни
такрорларди:
— Қўлингни кўтар!
«Дух» ерга энгашгандек бўлди. Қўлида пичоқ ярақлади.
— Отинг, Хайриддин! От! — дедим нафасим бўғзимга тиқилиб. Шунда кутилмаган иш
бўлди. «Дух» бир ҳамла билан Хайриддиннинг автоматини қўлидан учириб юборди. Етиб
борганимда Хайриддин чалқанчасига ағдарила бошлаган эди. «Дух» унинг автоматига
энгашганида жағига тепдим. Салласи учиб кетиб, тақир боши яланғочланиб қолди. Қаддини
ростламоқчи эди, яна тепдим. Томоғидан ғиппа олиб, қанча бўғиб турганим ёдимда йўқ.
Хириллаб оғзидан кўпик келди. Типирчиламай қўйди. Шундагина ҳушим жойига келди. Йўқ,
хириллаётган «дух» эмас, Хайриддин экан. У шундоқ ёнимда ётар, қонталаш уфққа тикилиб
қолган кўзлари ўйчан ва сокин эди.
— Нега? — деди инграб. — Мен уни отмоқчи эмасдим-ку... Оғзидан қон сизиб, лабининг
четидан оқиб туша бошлади.
Негадир йўталди. Оғзидан варақлаб қон келди.
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |