Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
www.ziyouz.com kutubxonasi
53
Ўша куни
Тушлик пайти Хайриддин кўринмай қолди. Қўрқиб кетдим. Югуриб «уйча»дан чиқсам,
қоятошлар орасидаги сўқмоқдан битта-битта юриб тепага' кўтариляпти. Қўлида
лолақизғалдоқлар, чўл чучмомалари...
— Э, қаёқда юрибсиз? — десам, маъюс жилмайиб қўйди.
— Биласизми, жўра? — деди гул териб юрганидан ўзи хижолат бўлгандек кулимсираб. —
Ўйлаб қарасам, уруш тескари ҳақиқат дегани экан. Одам бўлгинг келса, шафқатсиз бўл. Ўлгинг
келмаса — ўлдир. Қизиқ-а, жўра...
Апрель ойининг ўрталари
Тағин тишим оғрий бошлади. Оғриқ кучайгандан-кучайиб, ДОД дейдиган аҳволга келдим.
Нима қилай ахир! Бошимни Деворга уриб ёрсам қутуламанми бу азобдан!..
— Хайриддин! Танкда омбур бор, олиб келинг, жон дўстим!
Хайриддин худди ўзининг жони оғриётгандек юзимни силади.
— Сабр қилинг, жўражон! Дардни берган Худо давосиниям беради.
Тажангланиб турганимни кўриб, юпатди:
— Хафа бўлманг, жўра, насиб этса, ҳаммаси изга тушиб кетади. Тиш оғриғи, кўз оғриғи —
қутлуғ дард. Ухланг, жўра.
Уйқу келса, қани! Хаёл минг кўчага олиб киради. Уйимиз кўз ўнгимга келди. Ойим...
Дадам... Шаҳноза... Ўзимизнинг анҳор... Ўзимизнинг наъматак...
Ўрнимдан турдим. Эшик ғийқиллаши билан Хайриддин уйғонди.
— Оғрияптими? — деди уйқу аралаш хавотирланиб.
— Йўқ, дўстим, ётаверинг!..
Ташқари чиқиб, харсанг қиррасига ўтирдим. Салқин шамол эсиб турибди. Чигирткалар
мастона нағма чалади. Ҳаммаёқ сокин. Бир маҳал Хайриддин ёнимга келиб ўтирди. Озғин
елкаси билагимга тегиб турибди. Осмонда янги ойнинг олтиндек тиниқ, нозик ўроғи ялтирайди.
Ҳов нарида, рўпарадаги қад кериб турган тоғлар ғира-шира нур қўйнида мудраб ётибди. Гавҳар
доналаридек йирик-йирик юлдузлар сирли порлайди. Ана, Олтин Қозиқ. Униси — Катта Айиқ...
Ҳов ана, кунботар томонда Зуҳро юлдузи милтиллаб турибди. Бир вактлар Хумсонга —
Опоқтоғамникига борганимда кечаси худди шунақа манзарани кўрган эдим... Ҳаммаси таниш,
ҳаммаси қадрдон. Ва ҳаммаси... сенга ёт...
— Ўша ой, ўша юлдузлар... — дедим ўзимга-ўзим. — Аммо барчаси бегона...
Хайриддин кулди. Елкалари силкиниб кетди.
— Шунақа денг?
Ҳайрон бўлиб бурилиб қарадим. Қизиқ, Хайриддин камдан-кам кулар эди.
Ҳозир бўлса, елкалари силкиниб-силкиниб куляпти.
— Бегона денг, жўра! — деди ҳамон кулиб. — Улар бизга бегона эмас, биз уларга
бегонамиз!
Кейин тўсатдан кулгиси кесилди.
— «Донолар ҳаётни кузатурлар жим»... — деди ўйчанлик билан. — Ёзуғимизни қарангки,
ҳаётни идрок этишга ҳам қўймадилар...
Do'stlaringiz bilan baham: