Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
www.ziyouz.com kutubxonasi
60
қўйилган. Ерда тағин иккитаси ётарди. Йигитлар портлаш овозларига, автоматларнинг
тариллашига парво қилмай, ўз юмушларини қандайдир совуққонлик, ҳатто хотиржамлик билан
адо этишар, бири жасаднинг қўлтиғидан, иккинчиси оёқларидан олиб, машинага ортар эди.
Навбатдаги жасаднинг қоп-қора сочларини кўриб, беихтиёр ерга сакраб тушдим. Яқин бордиму
сесканиб кетдим. Қип-яланғоч жасаднинг гавдаси оғир шекилли, машинага ўлик ортаётган
йигитлардан
яна бири югуриб келиб, унинг белидан қучоқлаганча дўстларига кўмаклашди.
Шунда жасаднинг чап қўли шилқиллаб ерга осилди. Билагига татуировка билан қинғир-қийшиқ
қилиб ёзилган «Темур» деган сўзга кўзим тушди.
— Темур ака! — юрагим сирқиллаб, жасад бошига эгилдим. — Темур ака!
— Нари тур, танкист! — деди йигитлардан бири ҳансираб. — Ундан кўра жангга кирсанг-
чи!
— Темур ака!.— дедим инграгудек бўлиб. Ҳарчанд тикилиб қарамай афтини таний олмадим.
Жасаднинг юз-кўзи, аъзойи бадани қора қонга беланган эди. Шунда... Бир нарсани аниқ
кўрдим! Темур аканинг қулоқлари, бурни... ва... олати кесиб олинган эди! Қанча фурсат туриб
қолганимни билмайман.
Танк зирҳига қандай тирмашдим, люқдан қандай кирдим, эсимда йўқ.
— Бос, Виктор! — дедим ҳайқириб.
Шлемофондан командирнинг баджаҳл товуши эшитилди:
— Размах Етмиш олти. Нега тўхтаб қолдинг?
— Кетяпман, — деди хириллаб.
— Объектни жануб томондан айланиб ўт. Эҳтиёт бўл, мина бўлиши мумкин...
«Мина эмиш! Мина тугул атом бомбаси бўлмайдими!»
— Бос, Виктор!
— Люкни ёп, командир...
— Ўчир овозингни! Бос!
Пастак девор ортида саллали бош кўринди. Елкасидаги гранатомётни деворга тираб мен
томон рўпара қидди. Вужудимда ўлим шарпаси бир лаҳза ўрмалаб ўтгандек бўлди. Қизиқ,
негадир қўрқмадим. Тушунтириб беролмайман. Ажал билан рўпара келсанг-да, қўрқмасанг!
Шуниси ёдим-даки, хотиржам буюрдим:
— Учта снаряддан ўт оч!
Одамнинг талқондек майда-майда бўлиб кетишини ўз кўзим билан кўрдим. Тутун тарқалгач,
қарасам, девор ҳам йўқ, бояги саллали ҳам... Рўпарадаги қуббасимон уй ичидан автомат товуши
эшитидди. Ўқлар танк зирҳига урилиб чийиллаганча сакраб кетаётганини ҳис этиб турар, аммо
люкни ёпиш хаёлимга келмас эди.
— Ўт оч!
Қубба томли уй хотинларнинг упадонидек оппоқ кукунга айланди. Эсдан оғиб қолганга
ўхшардим.
— Виктор! Бос! Бос! — дердим нуқул бақириб.
Танк қутурган буқадек ўкирар, пулемётидан тўхтовсиз ўқ узганча йўлда дуч келган нарсани
пайҳон қилиб борар, қуббасимон томли уйлар, толми, қайрағочми, қандайдир дарахтлар, узум
токлари, думини хода қилиб, у ёқдан-бу ёққа югураётган сигир, қанотини жонсарак
патирлатганча учиб-қўнаётган товуқлар кўзга чалиниб қоларди.
— Бос! Бос! — дердим бақириб, автоматдан муттасил ўқ ёғдирардим.
Бир маҳал ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Ҳолдан тойиб, жойимга ўтирдим. Тримпликсга ўқ
теккан шекилли, ойнаси дарз кетган, ташқари кўринмасди. Атрофда гумбур-гумбурлар тинган,
ўқ овозлари эшитилмайди... Ҳатто танкнинг гувиллаши ҳам...
Танк жим. Автоматлар жим... Қишлоқ жим... Гўё ҳеч нима бўлмагандек.
Қаддимни ростлаб, атрофга қарадим. Ҳаммаёқ тутунга тўлган, осмонда чанг-тўзон муаллақ