www.ziyouz.com кутубхонаси
44
Кейин у ичиб-ичиб чўмични қайиқнинг остига ташлаб, чалқанча ётиб олди. У хириллаб,
базўр нафас оларди. У шу аҳволда ётар ва ҳеч ким унга ҳеч қандай ёрдам бера олмасди. Кириск
қўрқиб кетганидан ғужанак бўлиб ётиб олди, ташналиги баттар ортиб, қорни бураб оғрий
бошлаганини сезди. Боши қуйи солинган Эмрайин яна эшкакни қўлига олиб, туманда қайиқни
оҳиста аллақаёққа жилдириб кетди. Унинг бошқа иложи ҳам йўқ эди.
Милхун гоҳ тинчиб қолар, гоҳ яна талвасага тушиб титрар, хириллар, чанқоқлик хуружидан
тамом бўлаётган эди. Бироқ орадан маълум вақт ўтгандан сўнг яна бошини кўтарди:
— Ёняпман, ичим ёняпти! — деб у кийимининг ёқасини йирта бошлади.
— Айт, нима қилайлик? Қандай ёрдам берайлик? Анавинда ҳали бор,— Эмрайин бочкачага
имо қилди.— Озгина қуйиб берайми?
— Йўқ, — рад қилди Милхун. — Энди ҳожати йўқ. Тунгача сабр қилиб, кейин раҳматли
аткичхимиз орқасидан... Аммо сабрим чидамади. Майли. Яхшики, бошқа ножўя иш қилиб
қўймадим. Сувнинг борини ичиб қўйганимдан нима фойда бор эди. Паймонам тўлганга
ўхшайди. Энди мен ҳам кетаман. Бас, ҳаммаси тамом. Ўзим, кучим борида...
Кимсасиз денгиз ўртасида, на боши, на охири тайинсиз, на қачон ҳалок қилиши тайинсиз
туман ичида ўзини аста-секин ўлимга маҳкум этган одамнинг сўзларини эшитиш даҳшатли эди.
Эмрайин дўсти ва иниси Милхунни бир нави тинчлантирмоқчи, нимадир демоқчи бўлди-ю,
аммо Милхун эшитишни истамас эди. У ошиқарди, ўз азобларига бир йўла чек қўйишга
интиларди.
— Сен, Эмрайин, гапириб овора бўлма, бўлар иш бўлди! — Милхун телбалардек ғудурлади:
— Ўзим, ўзим кетаман. Сизлар, ота-бола билганингизни қилинглар. Шуниси тузук. Бу ишим
учун кечиринглар. Сизлар ота-бола, қолинглар, ҳали озгина сув бор... Мен ҳозир ошиб ўтаман.
— Милхун шу сўзларни айтиб, ўрнидан турди, қайиқнинг чеккасини ушлаб энгашди.
Гандираклаб, бор кучини жамлар экан, Милхун Эмрайинга ер остидан караб деди:
— Менга халақит берма, Соқол! Шуниси тузук. Менга халақит берма. Яхши қолинглар.
Эҳтимол, қирғоққа етиб оларсиз. Мен эса ҳозир... Сен қайиқни дарров ҳайдаб кет. Дарров,
тушундингми? Кутиб ўтирма. Якинлашсанг — ағдариб юбораман. Энди ҳайда. Соқол, тезроқ
ҳайда. Эшитяпсанми, йўқса, ағдарвораман..
Эмрайин учун Милхуннинг дўқлари ва ёлворишларига бўйсунишдан бошқа илож
қолмаганди. Қайиқ сассиз туман ва сассиз сувни кесиб, тўғрига сузиб кетди. Кирискнинг юраги
қақшаб, йиғлаб юборди:
— Аки-Милхун! Аки-Милхун! Ундай қилма!
Худди шу дақиқада Милхун қайиқдан дадил ўзини ташлади. Қайиқ қийшайиб қалқиб кетди
ва яна ўз ҳолига келди.
— Нарироқ! Нарироқ кетинглар! — бақирди Милхун муздек сувда шалоплар экан.
Туман дарҳол уни кўздан яширди. Ҳаммаёқ жимиб қолди, кейин сукунатда сувга ғарқ
бўлаётган одамнинг янгроқ овози, сўнгги хитоби эшитилди. Шунда Эмрайин ўзини тутолмади.
— Милхун! Милхун! — хитоб қилди у ва ҳўнграб, қайиқни орқага бурди. Улар дарров
орқага қайтишди, аммо аллақачон Милхун ғойиб бўлганди. Сув юзаси гўё ҳеч нарса юз
бермагандек бўм-бўш ва осойишта эди. Одам чўккан жой қаердалигини аниқлаш мушкул эди.
Шундан кейин улар ҳеч қаёққа бормасдан, куни билан шу ерда қайиқда сузиб боришарди.
Уларнинг иккаласи ҳам фалокатдан қайғу-ҳасратга тўлиб йиғлашарди. Кириск отасининг
йиғлашини умрида биринчи марта кўриши эди. Отаси сира бундай аҳволга тушмаганди.
— Ана энди ёлғиз ўзимиз қолдик, — пичирлади Эмрайин, соқолига тушган кўз ёшларини
артиб, ўзини қўярга жой топмай, — Милхун, эҳ, қадрдоним Милхуним! — шивирларди у
ҳиқиллаб.
Кун тугаб бормоқда эди. Уларга шундай туюлди. Агар қаердадир қуёш бўлса, агар у осмон
узра, денгизлар, туманлар узра сузиб юрган бўлса, демак, ҳозир у ўз ётоғига хотиржам бош
Чингиз Айтматов. Соҳил ёқалаб чопаётган олапар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |