www.ziyouz.com кутубхонаси
43
бошларини энгаштириб, юзларини билқиллаётган, майин қитиқлаётган сувга чайиб, кийиклар
сингари сув ичишарди. Эҳ, нақадар лаззатли дамлар эди!
Кўк сичқонча, сув бергин!
Кўк сичқонча, сув бергин!
Оҳ, кўк сичқонча, сув бергин!..
Улар сувга энгашиб, ариқ бўйида ётишарди. Елкалари бир-бирига тегиб, шўх оқимга тутиб
турган қўллари, гўё бир одамникидай яқинлашиб, қўшилиб кетарди. Улар лаблари билан сувни
илиб олганча ичишар, оғизларида қултиллатиб ўйнаб, мазза қилиб, тўйиб-тўйиб ичишарди.
Улар бу ердан асло кетгилари келмас, бошларини топ-тоза сувдан кўтаргилари келмасди.
Тезоқар сувда улар ўзларининг хира аксларини томоша қилишар: бир-бировларининг сувдаги
кулгили, ғалати башараларига назар ташлаб кулишарди.
Кўк сичқонча, сув бергин!
Кўк сичқонча, сув бергин!
Кўк сичқонча, сув бергин!
Оҳ, кўк сичқонча, сув бергин!
Музлук шу ётишда булоқдан бошини кўтармай, қисиқ кўзларининг қири билан қарар,
Кириск ҳам худди унга шу тарзда қувлик билан жилмаярди. Музлук ўзидан четлатган бўлиб,
уни елкаси билан туртар, у ҳам бўш келмасди. Шунда Музлук оғзига сув тўлатиб олиб, унинг
юзига пуркарди. Кириск ҳам худди шундай қиларди: оғзига яна ҳам кўпроқ сув олиб, бор кучи
билан Музлукнинг юзига пуфлаб сепарди. Тийиқсиз шўхлик ва югур-югурлар шундай
бошланиб кетарди. Улар сувда қувишиб, бир-бирларини истаганларича шалаббо қилиб,
қийқириб, хахолашиб жилғани бошига кўтарганларича уёқдан-буёққа чопишарди...
Кўк сичқонча, сув бергин!
Шу юриш-туришларини эслар экан, энди у даврларнинг ҳеч қачон қайтиб келмаслигини
англаб Кириск азобланарди. Нафас олиши тобора қийинлашар, тез-тез қорни санчиб оғрирди. У
оғриқдан тиришиб, унсиз йиғлар экан, ҳамон:
Кўк сичқонча, сув бергин! — деб ёлворарди.
У шундай ўй-хаёллар билан ўзини чалғитишга ҳаракат қиларди. Атрофда ҳеч нарса
ўзгармасди. Оппоқ туман қатлами аввалгидек қилт этмай борлиқни ўраб олганди.
Овчилар, ҳар бири ўз ўрнида, қайиқда чалажон бўлиб, чўзилиб ётишарди. Уларни олдинда
нима кутаётгани аввалгидек номаълум эди. Шунда бирдан қайиқ кучли чайқалди ва Кириск
отасининг қўрқинчли хитобини эшитди:
— Милхун! Милхун! Нима қиляпсан? Тўхта!
Кириск бошини кўтариб, ҳанг-манг бўлиб қолди. Милхун қайиқнинг четидан энгашиб,
денгиз сувини чўмичлаб олиб ичарди.
— Бас қил! — унга ташланди Эмрайин чўмични тортиб олмоқчи бўлиб. Лекин Милхун
хезланиб, таҳдид қилди:
— Яқинлашма, Соқол! Ўлдираман!
У оғизга олиб бўлмайдиган бу аччиқ намакоб сувни ичар, кўкраги ва енглари сувга ботиб,
кийимлари жиққа ҳўл бўлиб кетган, томоғига тиқилиб қолсаям ўзини зўрлаб, титроқ қўллари
билан чўмичдан оғзини олмай ичар эди. Юзларининг туклари ҳайвонларникига ўхшаб тиккайиб
кетганди.
Чингиз Айтматов. Соҳил ёқалаб чопаётган олапар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |