www.ziyouz.com кутубхонаси
51
чўмилишарди. Онаси ҳам, синглиси ҳам чўмилишарди. Улар боладан унчалик уялишмасди.
Икковлари ечинишди, буғдоймағиз сонлари билан сувни тўлқинлатиб, сачратиб, кафтларини
сийналарига қўйганча булоққа сесканиб-сесканиб тушишди. Улар бир-бирига сув сепишиб
аллақандай бақириб-чақиришарди. У эса ариқ бўйлаб чопиб, баландликдан ўзини сувга
ташлаганида улар, айниқса онаси роса кулишганди. «Қара, қара, — дерди онаси синглисига, —
жудаям ўхшайди-я, худди ўзи-я!» Улар шўх-шодон пичирлашиб, хандон отиб кулишиб, яна
алланималар дейишарди... Адоғи йўқ жилға суви шитоб билан оқарди, ундан тўйиб-тўйиб ичиш
ва истаганча чўмилиш мумкин эди...
Кўк сичқонча, менга сув бергин!
У ўзини яна ўша ариқ бўйида тургандек ҳис қилди. Гўё у яна саратон жазирамасида
чўмилаётганмиш. Мана, у қирғоқ бўйлаб югуриб келди-да, оқимга ўзини ташлади, аммо
оқимнинг салқинлигини сезмади, У сув эмас, қандайдир бир номаълум нарса, сув десанг сувга
ўхшамайди, худди туманнинг ўзи. У туманда чўмиляпти. Бунақа сувда эти жимирлашиб
кетяпти. Онаси бўлса кулмайди, аксинча, йиғлаяпти, «Қара, кара, у жудаям ўхшайди унга», —
дейди у кимгадир ва яна йиғлайди, ўксиниб йиғлайди. Унинг шўртаъм кўз ёшлари боланинг
юзига оқиб тушаётир...
* * *
Тунда Кириск тўлқинларнинг чайқалиши ва шовқинидан уйғониб кетди. Бола заиф
чинқириб юборди, у осмонга қараб, юлдузларни кўрди! Шунча кундан буён биринчи марта
юлдузларни кўриши. Улар зим-зиё осмонда, баландда, денгиз устидан сузиб ўтаётган булутлар
орасида порлаб турарди. Ҳатто бир неча бор булутлар орасидан шитоб билан сузиб ўтган ойни
ҳам кўрди.
Бола ўзини йўқотиб қўйди: юлдузлар, ой, шамол, тўлқинлар — ҳаёт, жонланиш бошланди.
Гарчанд туман пардаси ҳали шундоқ турган бўлса-да, қайиқ шундай қалин туман орасидан
ўтганда ҳаммаёқ яна ғира-шира зулматга чўкса-да, бу ҳол узоқ давом этмади. Буюк туман
қўзғалиб, жунбушга келиб, шамол ва тўлқинлардан чекиниб, оламга тарқаб, ёйилиб борарди.
Бола кўзларида ёш билан юлдузларга боқарди. Эшкакларни қўлга олишга мадори етмасди,
юлдузларга қараб йўл топишни, қай томонга қараб сузишни ҳам билмасди, қаердалигини ва
келажакда уни нима кутаётганини ҳам билмасди. Лекин у бари бир югурик тўлқинларнинг
шовқинини эшитаётганидан, шамол туриб, қайиқ тўлқинлар узра сузиб бораётганидан хурсанд
эди.
У севинч ва қайғудан, олам ёришганидан, денгиз жонланиб қолганидан йиғлар, ичишга суви
ва бирон-бир емиши бўлганда эди, эҳтимол у яна ҳаётни севиб қолган бўларди. Аммо у, энди
ўрнидан туролмаслигини, куни битганини, ҳадемай ташналикдан ўлиб кетишини сезиб
турарди...
Қайиқ бўлса тўлқинлар юзалаб тобора илдамроқ сузиб борарди. Қайиқ рулсиз ва
эшкакларсиз, оқим бўйлаб сузиб борарди. Денгиз узра уфқ аранг кўринар, тун қоронғилиги
аста-секин чекиниб, туман тўдалари борган сари камайиб борарди. Шунингдек, йўл-йўлакай у
ер-бу ерда тўпланиб қолган туман тўдалари ҳам сийраклаша бошлади. Энди аввалгидай сукунат
ҳукм сурмаётган бўлса-да, қоронғилик болани зериктира бошлаган эди. Энди туман ичида
қандайдир хаёлий мавжудотлар сассиз учиб юргандай туюлди унга. Улар пайдо бўлиб, яна
шамолда изсиз йўқолар, туманни чок-чокидан сўкиб, ҳар томонга тарқатиб борарди.
Булутлар орасида ой пайдо бўлиши биланоқ денгиз юзаси бир зум жимирлаб, ярқираб кетар,
сўнг яна сўниб, яна жонланарди. Бола оҳиста нур сочаётган юлдузларга боқиб, ўйлай бошлади:
Чингиз Айтматов. Соҳил ёқалаб чопаётган олапар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |