www.ziyouz.com кутубхонаси
39
ухлаб қолди: Кўк сичқонча, сувингдан бер!
Боланинг охирги эшитгани Эмрайиннинг гапи бўлди. У Ўрхон бобога яқинроқ сурилиб,
бундай деди:
— Эсингдами, аткичх, бир йили савдогарлар буғулар қўшилган чаналар-да келишиб,
болталар ва ҳар хил буюмларни мўйнага алмаштириб кетишарди. Анови барзанги, малла
савдогар айтганди, аллақайси олис бир юртда улуғ одам бор экан, денгизда пиёда юраркан.
Шундай одамлар ҳам бор-а, бу дунёда...
— Демак, ўша одам жуда улуғ одам экан, улуғларнинг ҳам улуғи экан,— жавоб берди
Ўрхон бобо. — Бизнинг энг улуғ одамимиз эса — Сув париси...
Кириск ухлаб қолган, аммо уйқусидаям аллақандай узук-юлуқ гаплар шуурига етиб
борарди:
— Шошма, ота, бир оз ўйлаб кўр...
— Бўлди. Энди ёшимни яшаб бўлдим... Йўлимдан қайтарма. Мадорим қолмади, чидай
олмайман...
— Шундай қоронғида-я...
— Бари бир эмасми?...
— Сенга айтадиган гапларим бор ҳали...
— Гап ҳеч қачон тугамайди. Бизлардан кейин ҳам тугамайди.
— Шундай коронғида-я.
— Йўлимни тўсма. Иложим йўқ, мажолим қурияпти. Кучим борида ўзим...
— Шундай зулматда-я...
— Сизлар бардош қилинглар, бочкачанинг тагида оз-моз сув қолган... Кимнингдир катта,
ғадир-будур ва япалоқ кафти қалтираганча боланинг бошини аста сийпади. Кириск мудроқ
ичида бўлсаям бу Ўрхон бобонинг қўли эканлигини сезди. Бу илиқ ва оғир кафт анча вақтгача
унинг бошида туриб қолди, чол кафти билан болани бало-қазолардан ҳимоя қилмоқчидай,
боланинг бошини сўнгги марта эслаб қолмоқчидай эди.
* * *
Кириск тушида денгиз юзасидан одимлаб кетаётган эмиш. Ер бор деб ўйлаган тарафга
бораётганмиш, ўша ерда мириқиб сув ичаман, деб бораётганмиш. Сув юзида йиқилмай, чўкмай
одим отиб кетаётганмиш. Теварак-атрофда ғаройиб ва ғалати манзаралар бор эди. Қаёққа
қарамасин, кўз етгунча тип-тиниқ, ярақлаган денгиз ястаниб ётарди. Денгиз ва денгиз сувидан
бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Фақат денгиз ва фақат сув бор эди. Бола сув юзида худди ер юзида
юргандек юриб борарди. Қуёш нурлари тушган ҳамма ерда, ҳамма томонда тўлқинлар равон
эди. Тўлқинлар қаердан пайдо бўлиб, қаёққа кетаётганини билиб бўлмасди.
У денгиз устидан ёлғиз ўзи юриб борарди. Дастлаб унга Ўрхон бобо, Эмрайин ва
Милхунларнинг олдига тушиб, қандай бўлмасин тезроқ суви бор ерни топиб ва уларни ҳам
чақириш учун зир югуриб юргандай туюлди. Аммо кейин бу ерда ёлғиз бир ўзи қолганлигини
фаҳмлади. У қичқирар, одамларнинг отини айтиб чақирар, лекин ҳеч ким овоз бермасди. На
бирон жон, на бирон товуш ва на бирон шарпа бор, эди... Шериклари қаёққа ғойиб бўлганини
билмасди. Бундан бола даҳшатга тушди. Овози чиқмай қолди. Ҳеч қаёқда, ҳеч жойда ер
кўринмасди. У нафаси оғзига тиқилиб, ҳолдан тойгунича денгиз устидан югуриб кетди. Аммо у
ҳеч қаёққа жилолмай, бир жойнинг ўзида туриб қолганди. Тоқатсизланиб, ичи ёниб, нуқул сув
ичгиси келаверарди. Шунда у тепасидан учиб ўтаётган қушни кўриб қолди. Бу Лувр ўрдак эди.
Ўрдак қичқириб уя қуриш учун жой ахтариб, денгиз узра учиб юрарди. Аммо ҳеч қаерда бир
парча қуруқ ер топа олмасди. Чор атрофда ҳадсиз-ҳудудсиз тўлқинлар шовулларди. Лувр ўрдак
зорланиб, нола қилар ва бетоқат бўларди.
Чингиз Айтматов. Соҳил ёқалаб чопаётган олапар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |