www.ziyouz.com кутубхонаси
38
«Кўк сичқонча, сувингдан бер!» — онаси ўргатган мана шу ажойиб сўзни бола тинмай
такрорлай бошлади: «Кўк сичқон, сувингдан бер! Кўк сичқонча, сувингдан бер!» Гарчи ҳеч
қандай мўъжиза юз бермаса ҳам бола ҳадеб ялиниб-ёлвориб кўк сичқонни чакираверди. Энди
бу — боланинг умид-ишончи ва ташналикка қарши бирдан-бир чораси бўлиб қолди...
Кўк сичқонча, сувингдан бер!
Кириск ҳадеб шу сўзларни такрорлар экан, ташналигини ўйламасликка уриниб гоҳ мудрар,
гоҳ уйғониб кетарди. Шу вақт бола бехосдан Ўрхон бобо билан Эмрайиннинг узук-юлуқ
гапларини эшитиб, уйғониб кетди. Улар ниманидир шивирлашиб, узоқ муҳокама қилишарди.
Бола чолнинг биқинига қапишиб ўтиргани учун унинг гапларини аниқроқ эшитарди. Отасининг
гаплари эса унчалик қулоғига чалинмасди — у нарироқда, эшкаклари олдида ўтирарди. Ўрхон
бобо оғир нафас олиб, томоғи хириллаганча зўрға гапирар эди.
— Менинг сенга ақл ўргатадиган жойим йўқ, лекин ўзинг ўйлаб кўр, аткичх, — деди қизғин
шивирлаб Эмрайин, бошқалар эшитмасин дегандай. — Ўзинг ақлли одамсан-ку.
— Ўйладим, обдан ўйладим, шуни маъқул кўрдим, — жавоб берди Ўрхон бобо, чамаси,
ўзининг гапини маъқуллаб.
Улар бир нафас жим қолишди. Сўнг Эмрайин гап бошлади:
— Кемага тушганнинг жони бир, ҳаммамизнинг тақдиримиз бир.
— Тақдир, тақдир, — алам билан ғўлдиради Ўрхон бобо. — Тақдирдан қочиб қутулиб
бўлмайди, биламан буни, — нафаси қисилиб, хириллаганча гапирди чол. — Шунинг учун ҳам
уни тақдир дейишади-да. Хоҳлайсанми, хоҳламайсанми, тақдирнинг бу билан иши йўқ.
Оқибати шундай бўлгач, тақдир билан баҳслашишнинг нима кераги бор. Ҳеч бўлмаса,
биронтамиз омон қолайлик. Ўзинг ўйла, бирдан йўллар очилиб кетса, ер хам кўриниб қолса,
манзилни кўзлаб жон-жаҳдинг билан бораётганингда, бир-икки томчи сув етмагани учун ҳамма
ҳалок бўлса — алам қилмайдими?
Эмрайин бунга жавобан нимадир деди, яна жимиб қолишди. Кириск ухлашга уриниб, ҳадеб
кўк сичқонини чақираверди. Назарида, у ухлаб қолса кўк сичқон келадигандай эди... Бироқ
уйқуси келмади... Кўк сичқонча, сувингдан бер!
— Милхуннинг аҳволи қалай? — сўради Ўрхон бобо.
— Аввалгидай, ҳушсиз ётибди, — жавоб берди Эмрайин.
— Ётипти дегин, — бир оз жимликдан сўнг яна давом этди Ўрхон ота.— Ҳушига келгандан
сўнг — унга айтиб қўярсан...
— Яхши, аткичх, айтаман, — Эмрайиннинг овози титраб чиқди, буни билдирмаслик учун
зўр билан йўталиб кўйди. — Айтганингдай бўлади, ҳамма гапларингни етказаман.
— Уни жуда ҳурмат қилишимни айтиб қўй. У катта овчи, ҳам яхши одам. Мен уни
ҳаммавақт ҳурмат килганман.
Яна жимиб қолишди.
Кўк сичқонча, сувингдан бер!
Кейин Эмрайин нимадир деди, Кириск унинг сўзини аниқ эшита олмади. Ўрхон бобо унга
жавобан деди:
— Йўқ, бари бир кутолмайман. Кўрмаяпсанми, мадорим колмади. Яхши ит ўлигини
кўрсатмас, деганлар. Мен анойи одам эмасман! Буни ўзим биламан. Тушимда доим Сув
парисини кўрардим. Сенинг бунга ақлинг етмайди... Мен ўшанинг маконига кетишни
хоҳлайман...
Улар яна алланималар ҳақида гаплашишди. Кириск сув руҳи — кўк сичқонни чақира-чақира
Чингиз Айтматов. Соҳил ёқалаб чопаётган олапар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |