3. Мактабга етукликнинг уч жиҳати - мазмуни ва аҳамияти
Одатда мактабга етукликнинг уч асосий жиҳати белгиланади:
-психологик;
- интеллектуал;
- эмоционал – ижтимоий;
Таълимга психологик тайёргарлик, деганда боланинг объектив ва субъектив
жиҳатдан мактаб талабига муносиблиги назарда тутилади. У мактаб таълимига аввал
психологик жиҳатдан тайёрланади. Унинг тайёргарлик даражаси болалар боғчаси
психологи томонидан психологик диагностика қилинади. Ушбу жараёнда лозим
бўлган сабаб психологик коррекция ишлари амалга оширилади. Бинобарин, боланинг
психикаси бу даврда илм олишга етарли даражада тайёр бўлади. Психолог бу ёшдаги
бола идрокининг ўткирлиги, ривожланлиги, сезгисининг аниқлиги, қизиқувчанлиги,
дилкашлиги, хайрихоҳлиги, ишонувчанлиги, хаёлининг ёрқинлиги, хотирасининг
кучлилиги, тафаккурининг яққоллиги даражасини психологик жиҳатдан диагностика
қилади. Мактаб таълимига тайёрланаётган болада диққат нисбатан узоқ муддатли,
шартли, барқарор бўлади. Психологик диагностика ишларини олиб бораётган
психолог бу нарсани назардан четда қолдирмаслиги лозим. Чунончи, бола
диққатининг хусусияти ролли ва сюжетли ўйинларда, расм чизиш, қуриш, ясаш
машғулотларида, лой, пластилиндан ўйинчоқлар тайёрлашда, ўзгалар нутқини идрок
қилиш ва тушунишда, математик амалларни ечишда, ҳикоя тинглаш ва тузишда
кўринади. Психологик диагностика ишлари мабайнида бола диққатининг муайян
объектга йўналтирилганлиги, тўпланганлиги тақсимланиши бўйича маълум даражада
кўникмага эга ёки эга эмаслигини, ўз диққатини бошқара олиш ёки керакли пайтда
тўплашга интила олишни ўрганиш лозим. Шунингдек, психолог боланинг хотирасини
қай даражада қизиқарли, кишини таажжубга соладиган маълумот ва ҳодисаларни
пухта эсда олиб қолиш, эсда сақлаш, эсга тушириш имкониятлари даражасини ҳам
диагностика қилади. Психолог болани мактаб таълимига психологик тайёрлашнинг
субъектив томонини ҳам психологик жиҳатдан диагностика қилади. Боланинг
мактабда ўқишга хоҳиш, интилиши, катта одамлар билан мулоқотга киришиш истаги
мазкур тайёргарлик билан узвий боғлиқ эканлигини эсдан чиқармаслиги лозим.
Болада шу даврга келиб ўқиш, билим олиш ҳақида тўғри тасаввур шаклланганлиги
даражаси диагностика қилинади. Болани мактаб жамоаси аъзоларининг масъулиятли
вазифаларини англаб етиши, уларга итоат қилишга, уларнинг кўрсатмаларини қай
даражада бажаришга мойиллиги психолог томонидан диагностика қилинади. Ушбу
жараёнда психолог боланинг ҳаммаси бир хил эмаслиги сабабли улар ўртасида муҳим
фарқлар вужудга келишини ҳисобга олиши зарур. Мактабгача таълим ёшидаги
болаларни мактабга тайёрлашда психологик диагностика ишлари мобайнида қуйидаги
система кўзга ташланади, яъни баъзи бола мактабга бутун вужуди билан талпинади,
ўқишга қанча вақт қолганини узлуксиз санайди, ўқув ашёларини олдинроқ тайёрлаб
қўйишга ҳаракат килади. Бошқа бир бола эса мактабдан қатъий воз кечишга боради.
Ушбу жараёнларни психологик жиҳатдан диагностика қилишда ўқишга нисбатан
салбий муносабат кўпинча катталарнинг қўрқитишлари оқибатида вужудга келганлиги
аниқланади.
Интеллектуал етуклик деганда, шаклни умумий кўринишдан ажратиб олиш;
диққатни тўплаш, ҳодисалар ўртасидаги асосий алоқаларни тушуниб олиш
қобилиятида намоён бўладиган аналитик фикрлаш; мантиқий эслаб қолиш имконияти:
намунани қайта тиклашни уддалаш ҳамда қўл нозик ҳаракатлари ва сенсомотор
кординацияни ўз ичига олган дифференциал қабул қилиш тушунилади. Шу тариқа
тушуниладиган интеллектуал етуклик кўп жиҳатдан бош мия тузилмаларининг
функционал етилишини акс эттиради.
Эмоционал етуклик асосан импульсли реакцияларнинг камайиши, унча
қизиқарли бўлмаган топшириқни узоқ вақт бажариш имконияти, деб тушунилади.
Ижтимоий етуклик боланинг тенгдошлари билан муносабатга эҳтиёжи, ўз
хулқини болалар гуруҳи қоидаларига бўйсундира олиш, мактаб таълими жараёнида
ўқувчи ролини бажариш қобилияти ҳисобланади. Кўрсатилган параметрлар асосида
мактабга етукликни аниқлаш тестлари тузилади.
Л.Н. Божович мактабда муваффақиятли таълим олишга таъсир кўрсатувчи
боланинг психик ривожланишидаги бир неча параметрларни кўрсатади. Улар:
- бола мотивацион ривожланишининг белгиланган даражаси: таълимнинг билиш
ва ижтимоий мотивларини ўз ичига олади;
- ихтиёрий ҳулқнинг етарли ривожланганлиги;
- интеллектуал соҳаси.
Боланинг мактабга психологик тайёрлигида энг муҳими мотивацион соҳа деб
ҳисобланган. Ўқув мотивларининг икки гуруҳи ажратиб кўрсатилади:
1. Ўқишнинг кенг ижтимоий мотивлари ёки «боланинг бошқа одамлар билан
муносабатда бўлишга, уларнинг баҳо беришлари ва маъқуллашлари, ўқувчининг ўзи
учун ижтимоий муносабатларда маълум ўрин эгаллаш истаги билан боғлиқ» мотивлар.
2. Бевосита ўқув фаолияти билан боғлиқ мотивлар ёки “болаларнинг билишга
қизиқиши” интеллектуал фаоллик ва янги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашга
бўлган эҳтиёжи».
Мактабга тайёр бола ўқишни одамлар орасида ўз ўрнини, катталар дунёсига йўл
очиб берувчи позицияни эгаллашни хоҳлагани учун, ўрганиш, билишга бола уйида
қондира олмайдиган талаб бўлгани учун ҳам хоҳлайди. Бу икки талаб бирикуви
боланинг атроф-муҳитга янги муносабати юзага келишига ёрдам беради, буни Л.И.
Божович «ўқувчининг ички позицияси» деб атайди. У «ўқувчининг ички позицияси»
мактаб таълимига тайёрлик мезони сифатида намоён бўлиши мумкин, деб билади.
Шуни айтиш керакки, ўқувчининг ички позицияси ва таълимнинг кенг
ижтимоий сабаблари ғоят тарихий ҳодисадир. Гап шундаки, бизнинг мамлакатимизда
мавжуд бўлган улғайишнинг бир неча кетма-кет поғонаси: болалар боғчаси -
мактабгача болалик, мактаб - ўсишнинг маълум поғонаси, олий ўқув юрти ва меҳнат
фаолиятини кўзда тутган умумий таълим тизими ҳозирги даврда чуқур ўзгаришлар
даврини бошидан кечираяпти.
Болалар боғчаси мактаб билан боғловчи қисм сифатида ўз мажбурийлигини
йўқотди, бунга сабаб ота - оналарнинг болага уйда тарбия, баъзан эса таълим беришга
интилиши бўлди. Тарбиянинг янги шакл ва тузилмалари, масалан, якшанба
мактаблари, клуб, тўгарак ва бошқалар ҳам мактаб ва мактабгача тарбия вазифаларини
ўз зиммасига олди. Худди ана шу ҳолат болалар оддий мактабларда ўқишни
хоҳламасликларига сабаб бўлаяпти улар ўзларининг билишга эҳтиёжларини
компьютер, телевизор, турли ўйин ва бошқалар билан қондиришни хоҳлайдилар. Ўқув
жараёни натижаларга олиб келувчи жиддий фаолият сифатида бола учун ҳам
атрофдагилар учун ҳам биринчи даражали аҳамияти, зарурати ва қизиқарлилигини
йўқотди. Шу сабабли ўқувчининг ички позициясини шакллантириш муаммоси
ҳозирги кунда ота-оналар тарбиячи ва ўқувчилар олдида алоҳида кескин ва долзарб
бўлиб турибди.
Мактабгача ва кичик мактаб ёши чегарасида юзага келувчи ва икки талаб -
билиш ва катталар билан янги даражада муносабатларга эҳтиёж бирикувидан иборат
ўқувчининг ички позицияси янги тузилмаси болага ўқув жараёнига фаолият субъекти
сифатида киришишга имкон беради, бу мақсадларнинг онгли равишда шаклланиши ва
ижро этилиши ёки, бошқача айтганда, ихтиёрийлик билан ифодаланади.
Билишга қизиқиши паст болалар одатда ўйинни яхши кўрадилар. Бола аффектив
талаб доирасидаги идрок этиш ёки ўйин сабаблари устун туришини аниқлаш бўйича
методикаси бу ёш хусусиятини ҳисобга олади ва болалар уларни ўйин деб қабул
қиладиган услублардан ташкил топади, масалан: болани хонага таклиф этиб, стол
устида оддий унчалик қизиқарли бўлмаган ўйинчоқлар олдига олиб келиб унга
ўйинчоқларни бир дақиқа давомида қуриб олиш таклиф этилади. Сўнг тажриба
ўтказувчи уни ўз олдига чақириб унга эртак айтиб беради. Болага унинг ёшида
қизиқарли бўлган илгари эшитмаган эртагини ўқиб берилади. Энг қизиқарли жойда
ўқишни тўхтатиб тажриба ўтказувчи боладан ҳозир унга кўпроқ нима қизиқ экани
стол устидаги ўйинчоқларни ўйнашими ёки эртакни охиригача эшитиш деб сўрайди.
Идрок этиш қизиқиши паст болалар одатда ўйинни танлайдилар. Лекин улар ўйинлари
ҳаракатлардангина иборат: баъзан у нарсани баъзан бошқасини оладилар. Шу тариқа
ўқувчи ички позициясини ўйин орқали аниқлаб олиш мумкин. Бу тажриба илгари
айтиб ўтилган психотерапевтик суҳбат билан алмаштириш ўрнини босиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўқувчи ички позицияси идрок этиш талаби ва катталар билан янги
босқичда муносабатда бўлиш талаби бирлиги сифатида тушунилади. Шу сабабли
ўқувчи ички позициясини аниқлаш учун мўлжалланган суҳбат болада идрок этиш ва
ўқиш сабаблари борлигини, шу тариқа аниқлашга имкон берувчи саволларни ўз ичига
олиши шарт. Ихтиёрийлик даражасини текшириш боланинг ўз ишини намунага қараб
бажариш уни аниқ кўчира билиш қобилиятини аниқлайди. Ихтиёрий диққати
ривожланиш хусусиятлари фазовий идрок этиш қўл нозик моторикаси ва сенсомотор
кординациясини аниқлашдан иборат. Ихтиёрийлик доирасини текшириш учун Керн-
Йирасек методи тўғри келади, «уй, дарахт, одам» ва ҳар қандай мураккаб бўлмаган
расмдан нусха кўчириш мумкин уйча, дарахт, мевалар шу кабилардир. Расмнинг
мураккаблиги бола ёшига қараб белгиланади. Шу вақтнинг ўзида бола қандай
ҳаракатлар қилишини белгилаб олиш керак:
1. Бола қайси қўли билан чизаяпти?
2. Намуналар билан қандай ишлаяпти: унга тез-тез қараб қўядими, хаёлан фазода
қўли билан суратни чизадими, бажарган ишини намуна билан солиштирадими,
хотираси бўйича чизадими?
3. Тез ёки секин чизадими?
4. Ишлаш пайтида эътиборини бошқа нарсаларга жалб этадими?
5. Ўз суратини намуна билан солиштирадими?
Бола суратни чизиб бўлиб буни айтганда унга ҳаммаси тўғри эканлигини
текшириб олишни унга таклиф этиш керак. Агарда у ўз расмида камчиликларни топса,
уларни тўғирлаш мумкин, буни ҳам ёзиб қўйиш керак.
Тажриба материалларини ишлаб чиқиш болаларнинг хатоси учун балларни
ҳисоблаш йўли билан бажарилади.
Хатолар:
- Расмда бирор детални тушириб қолдирилиши.
- Расм умумий катталигини айтарли тўғри бажариб, алоҳида бирор деталларни
икки баробардан кўпроқ катталаштириш.
- Расмнинг нотўғри тасвирланган элементи.
- Расмда фазовий деталнинг нотўғри тасвирланиши.
- Тўғри чизиқларнинг берилишидан 30° га қияланиб кетиши.
- Чизиқлар бирлашган бўлиши керак жойларда чизиқлар узилиши.
- Чизиқлар бир-бирининг устига чиқиб кетиши.
Расмни яхши бажариш «0» балл билан баҳоланади. Шу тариқа топшириқ
қанчалик ёмон бажарилган бўлса бериладиган баҳолар йиғиндиси шунчалик юқори
бўлади. Лекин натижаларни баҳолашда тажриба ўтказилаётган бола ёшини эътиборга
олиш керак.
Беш ярим олти ёшли болалар «0» баҳосини сенсомотор кординациясига жавоб
берувчи мия тузилишлари етарлича етилмаганлиги сабабли жуда камдан-кам
оладилар.
Бола расмини анализ қилишда чизиқлар тузилишига эътиборни қаратиш зарур:
жуда қалин ёки «ёйиқ» чизиқлар бу масала бўйича адабиётларга асосланган ҳолда
болада хавотирлик борлиги ҳақида хабар беради. Аммо хавотирлик ҳақида фақатгина
бир расмга қараб хулоса чиқариш мумкин эмас. Юзага келган шубҳаларни
хавотирликни аниқлаб берувчи бошқа махсус тажрибалар орқали текшириш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |