www.ziyouz.com kutubxonasi
153
Асадбек унинг бесаранжом кўзларидан мақсадини англаган эди. У чақириққа биноан тўхтаб,
ғашланган ҳолда ўгирилди.
— Бек ака, кечирасиз, сиздан бир нарса сўрамоқчийдим. — Куёв Асадбекдан «Нима гапингиз
бор, айтаверинг», деган садо кутди. Асадбекнинг норози қиёфасидан бундай лутф
қилинмаслигини англаб, мақсадини айтишга шошилди: — Бек ака, уч кундан кейин уйни
бўшатишсин дебсиз?
— Уйнинг хўжайини мен эмасман. Қайнотангнинг ҳоҳиши шунақа бўлган. Уч кунни мен қўшиб
бердим.
— Бек ака, биз қаёққа борамиз, бола-чақа билан кимникига сиғамиз?
Зорланиш билан айтилган бу гапдан Асадбекнинг ғаши келди. «Сенам эркакмисан!» деб
тупурмоқчи бўлди. Дарвоза оғзида турган Тўхтахон билан Жалилга кўзи тушиб, ўзини босди-
да:
— Қаердан келган бўлсанг, ўша ёққа борасан, — деб орқасига ўгирилди. Асадбекнинг одатини
билмаган куёв нодонлик қилиб яна гапирди:
— Бу уйда Тўхтахоннинг ҳам ҳаққи бор.
Бир қадам қўйган Асадбек бу гапни эшитиб тўхтади-ю, аммо унинг башарасига қарашни, бир
нима де-йишни истамади. Йўлида давом этиб, яна уч қадам қўйгач, орқадан Тўхтахоннинг
овозини эшитди:
— Асад ака, тўхтанг, орани очиқ қилиб кетинг.
Асадбек тўхтаб, ярим ўгирилди-да, жувоннинг ёнида турган Жалилга қараб:
— Буларга тушунтириб қўй: тўрт томонлари қиб-ла, — деди.
— Юринглар, буни кейинроқ гаплашамиз, ҳозир мавриди эмас, — деди Жалил, зиддиятни
юмшатиш мақсадида.
— Йўқ, — деди Тўхтахон бўш келмай, — отамнинг уйига бу одам нега хўжайинлик қилади?
Садир сариққа раҳмлари келса, ана ўзларининг уйлари бўм-бўш, хангиллаб ётибди, берсинлар.
Асадбек унга ғазаб билан тикилди-ю, бир ютиниб қўйиб, тескари қаради.
— Тўхта бўлди, юр, бу ишга Асад акангнинг даҳли йўқ, у сира аралашмаган, бу адангнинг
васиятлари.
— Васият бўлса қоғоз кўрсатсинлар.
— Бўлди қил-е, бунча шанғиллайсан! — Жалил жеркиб, жувоннинг енгидан силтаб тортди: —
Бор, уйга кир.
Тўхтахон Жалилнинг амрига бўйсиниб орқасига ўгирилишга ўгирилди-ю, аммо тилини тиймади:
— Қоринлари тўйиб қолган буларнинг. Адамнинг нонлари бўлмаганида қирилиб кетишарди...
Минғирлаб айтилган бу сўз ўқларининг барчаси Асадбекнинг юрагига санчилиб, қалқитиб
юборди. Жалил эпчиллик қилиб ўртага тушмаганида Тўхтахон шарт ўгирилган Асадбекнинг
тепкисини еб қолиши тайин эди.
— Паст кетма! Булар пасткаш, сен уларга тенг келма! — деб бақирди Жалил.
Асадбек ғазабини ютиб, ўгирилди-да, бу сафар тез-тез юриб кетди. Машинага ўтиргач,
Ҳалимжонга:
— Акангни чақир, — деб буюрди. Жалил келгач: — Уч кундан кейин буларни шаҳарда кўрмай,
кўрсам, уволи сенинг бўйнингга, — деди. Кейин Жалилга бир сўз айтишга ҳам фурсат бермай
Ҳалимжонга «Ҳайда!» деб буюрди.
Ҳар нечук Тўхтахон билан куёв боланинг тахти бўлмаса-да, бахти бор экан. Чол бундан икки-уч
ой аввалроқ қайтиш қилиб, бу можаро ўшанда юз берганида икковининг шўри ёмон қурирди.
Ҳозир Жалилнинг зиммасига юкланган вазифа Кесакполвонга ёки Чувриндига айтиларди.
Шунда ижро ҳам бошқачароқ бўларди. Асадбек ғазабланган кезлари Кесакполвонга қай тарзда,
қай оҳангда амрлар қилган бўлса, ҳозир ўзи билмагани ҳолда айнан шу оҳангда буюрди.
Машина бир оз юриб, ўзи сал ҳовурдан тушгач, «Жалилга бунақа дейишим керакмас эди.
Барибир эплолмайди. Лекин гапни кўпайтириб юборади. «Шаҳарга хўжайин бўлсанг ҳам
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |