www.ziyouz.com kutubxonasi
150
бола отасидан эртак айтиб беришни сўради. Зоҳид биронта ҳам эртак билмасди. Ўғли ҳам
сўраганида битта эртак китоб топиб ўқиб қўяман, дерди-ю, кўчага чиққач, унутарди. Ҳозирги
талабдан сўнг ҳам шундай аҳд дилига тугилиб, боласига «ҳозир ойинг кириб айтиб беради»,
деб осон қутулди. Бола онасидан ҳам эртак эшитолмаслигини билса-да, бу ваъдага ишонди.
Ошхонадаги ишларини саранжомлаган хотини киргач, меҳмонхонага чиқди-да, устози ташлаб
кетган дафтарлардан бирини қўлга олди. Аввалига дафтарни ҳафсаласизлик билан варақлаб,
айрим сатрларни «чўқилаб-чўқилаб» ўқиди. Сўнг ундаги маънолар диққатини тортиб, диванга
жойлашиб ўтириб олди-да, бир бошдан ўқишга тутунди. «Хотира дафтари» деб аталмиш
ёзувларнинг бошланиши унга қизиқ эртак каби туюлди:
«Бир мамлакатнинг одил ва доно подшоси қарилик ёшига етгач, тахтни ўғлига топшириб
дебдики:
— Эй кўзимнинг нури, умидим чечаги, бу обод мамлакатни сенга топширяпман, ақл билан иш
юритгин ва унинг хорланишига йўл қўйма. Мен мамлакат бойлигидан ташқари ўзимнинг
бойлигимни ҳам сенга топшираман. То жоним бор экан, сен бу хазинанинг бир мисқолига ҳам
тегмагин. Оллоҳнинг ҳузурига жўнаганимдан сўнг бу хазинани очасан-да, мискинларга улашиб
чиқасан. Токи уларнинг дуоларидан руҳим баҳраманд бўлгай.
Ўғил ҳам ота каби доно экан. Мамлакатни яхши бошқариб, юртни янада обод қилиб раият
дуосини олибди. Аммо унинг бир одати бор эканки, на сарой аҳли ва на шаҳар аҳли
тушунаркан. Бирон бир кишининг «Eй подшоҳим, бу қилиғингизни тушунмоққа ақлларимиз
қосирлик қиляпти, бизга бунинг маъносини англатиб қўйинг», демоққа юраги бетламас экан.
Вақтики келиб, кекса подшо собиқ ва содиқ мулозимларини чорлаб, ўғлининг ҳол-аҳволини
сўраганида улар юрак ютиб, воқеани баён қилган эканлар. Ўғлининг қилиғидан ҳайратланган
подшо дарҳол уни чорлатиб, бу ҳаракатнинг маъносини сўрабди. Ўғил фарзандлик бурчига
риоя қилган ҳолда дебдики:
— Отажон, сиз менга хазинангизни вафотингиздан сўнг халққа улашишни васият қилиб
эдингиз. Рости мен бу амрни бажармоққа мажбур бўлганим туфайли сизга эътироз
билдирмоққа журъат этмадим. Аммо ҳар тун шаҳарга чиққанимда фонус-чироқни олдинда
эмас, орқа томонда олиб юрмоқни амр этдим. Сабабки, вафотидан сўнг эҳсон улашмоқ қора
тунда чироқни орқа томонда ёритиб бормоқ каби эмасми? Орқа томондаги фонус ёруғидан
йўловчига на фойда, олдинда ёқиб бормоқ афзал эмасмикин?
Ота ўғлининг бу тадбиридан қувониб, хазинани ўзи улашган экан.
Қиссадан ҳисса: бизнинг тарих қатларида яшириниб ётган қанча бойликларимиз бор? Уларни
халққа қачон улашамиз? Фонусни олд томонда ёқиб, ёруғ йўл кўрсатиш кунига қачон етамиз?
Холидийлар чироқни олдинга олишга йўл қўйишармикин?»
«Бир кар одамнинг ҳўкизи йўқолиб қолибди. Кўчада қидириб юриб яна ҳам карроқ одамга дуч
келибди. Иттифоқо бу одам эрталаб эшак топиб олган экан. Кар одам ҳўкизи йўқолганини
айтиб, унинг шохлари-ю, думларининг таърифини келтирибди. Карроқ одам унга жавобан:
— Ҳа, тўғри, мен эшагингни топиб қўйганман, суюнчини бергину олиб кетавер, — дебди.
Кар одам эса яна ҳўкизининг таърифини қилаверибди. Шу ҳолда гап талашиб туришганда
эшагига бир жувонни мингаштириб олган оқсоқол кўринибди. Қарангки, оқсоқол улардан-да
карроқ экан. Йўлни тўсиб, бири ҳўкиз, бири эшак ҳақида тинмай гапираётган одамларга қараб
«Хотинни олиб қўйишмоқчи шекилли», деб ўйлаб:
— Яқинда хотиним ўлди. Бу жувон бегона эмас, хотинимнинг чўриси эди, — дебди.
Хуллас, учови уч хил гапириб, баҳслашиб, ҳақиқат истаб қозига келибдилар. Худонинг
қудратини қарангки, қози улардан баттар кар экан. Рамазон ойи яқинлашиб қолган, агар янги
ой кўринса ноғоралар чалиниб, элга маълум қилиниши керак эди. Қози уларнинг тинмай, бир-
бирларига гап бермаётганларидан «Ҳа, улар янги ой чиққанини кўришибди-да», деган қарорга
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |